Дард ва даво (41): Гуноҳ-маъсиятнинг касофати (01)

0

Гуноҳнинг касофати кейинроқ бўлсада тегади

Гуноҳ ва унинг касофатига доир бир нозик нуқта борки, кўпчилик одамлар шу ерда адашади. Одамлар қилган гуноҳининг касофати баъзи сабабларга кўра кечикиб, дарҳол юзага чиқмаса, уни унутиб юборишади ва энди унинг таъсири бўлмайди, гуноҳнинг ҳолати худди шоирнинг қуйидаги сўзидаги деворнинг ҳолатига ўхшайди, деб ўйлашади:

Агар чанг чиқармаса йиқилиб девор

 Энди асло ундан кутмагил ғубор

Субҳоналлоҳ! Шу тушунча қанчадан-қанча одамларни ҳалок қилди, қанчадан-қанча неъматларга барҳам берди, қанчадан-қанча балоларга сабаб бўлди.

Жоҳиллар у ёқда турсин, қанча олиму фузалолар шу ерда алданиб қолишди. Улар билишмайдики, худди заҳар ёки ичи яхши тозаланмай битган жароҳат каби, кейинчалик бўлса-да, гуноҳ ўз салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Абу Дардо разияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзини нақл қилади: “Аллоҳга Уни кўриб тургандек ибодат қилинглар ва ҳозир ўламан деган ўйда яшанглар. Билиб қўйинглар, эҳтиёжларингизни қоплашга етгулик оз мол-давлат сизларни туғёнга бошлайдиган кўп мол-давлатдан яхшироқдир. Яна шуни билингларки, яхшилик ерда қолмайди, ёмонлик эса жазосиз[1].

Бир ибодатгўй инсон ёш болага қараб, унинг жамолига маҳлиё бўлибди. Бир куни тушида унга мана бундай овоз келибди: “Шубҳасиз, шу гуноҳинг оқибатини қирқ йилдан кейин кўрасан[2].

Бундан ташқари гуноҳнинг кечиктирилмайдиган нақд жазоси ҳам бор. Сулаймон Таймий айтади: “Киши яширинча бир гуноҳ қилар экан, албатта эртасига юзида ўша гуноҳининг хорлиги кўринади[3].

Яҳё ибн Муоз Розий раҳимаҳуллоҳ деди: «Эс-ҳушли одам дуосида: “Аллоҳим, мени душманларга кулги қилмагин”, дея, сўнг ўзини ўзи барча душманларига кулги қилишидан ҳайрон қоламан». Ундан: «Қандайсига?», деб сўрашди. Шунда Яҳё: «Аллоҳга осийлик қилиб, қиёматда ўзини ҳамма душмани олдида кулгига қўяди», деб жавоб берган экан.

Гуноҳ-маъсиятнинг касофати

Гуноҳ-маъсиятнинг инсон қалбию танасига, дунёсию охиратига зарари тегадиган қабиҳ салбий оқибатлари бор.

(Қуйида муаллиф гуноҳнинг касофати, ёмон оқибатларини бирма-бир зикр қилади)

1. Илмдан маҳрум бўлиш

 Зеро, илм Аллоҳ банданинг қалбига жо қиладиган нурдир. Маъсият эса ушбу нурни ўчиради.

Шофеий раҳимаҳуллоҳ Имом Моликка шогирд тушганида Молик унинг ўта зийраклиги, зукколиги ва фаҳм-фаросатидан ҳайратланиб, бундай деган экан: “Аллоҳ қалбингга бир нурни жо қилганини кўрдим. Шундай экан, маъсият зулмати билан уни ўчириб қўйма”.

Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтади:

Вакеъга зеҳнимдан қилдим шикоят.

«Гуноҳдан йироқ бўл», қилди насиҳат.

Деди: «Илм – Аллоҳ берган нур, фазлдир.

Гуноҳкорга берилмас бу фазилат.

2. Ризқдан маҳрум бўлиш

Имом Аҳмад “Муснад”да келтирган ҳадисда: “Банда қилган гуноҳи сабабли ризқдан маҳрум бўлади”, дейилган. Мазкур ҳадис ҳақида ўтган мақолаларимизда батафсил сўз юритдик.

Аллоҳга тақво қилиш ризқ келтирса, тақвосизлик фақирликни чақиради. Ризқ зиёда бўлишининг гуноҳ-маъсиятларни тарк қилишдан кўра самарали йўли бўлмаса керак.

(Давоми бор)

 

[1] Аҳмад, “Зуҳд”, 716; Вакеъ, “Зуҳд”, 13; Ҳаннод, “Зуҳд”, 508 ва бошқалар ривоят қилишган.
[2] Қаранг: “Тарихи Дамашқ”, 6\84.
[3] Ибн Абу Дунё, “Ал-уқубот”, 195; Абу Нуайм, “Ал-ҳиля”, 3\31; Байҳақий, “Шуабу ал-иймон”, 6839.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг