Қиёматнинг катта аломатлари: Исо алайҳиссаломнинг тушиши (3)

0

Иккинчи масала: Исо алайҳиссаломнинг сифатлари

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга Исо алайҳиссаломнинг сифатларини айтиб берганлар. Ҳадисларда келишича, у киши узун ҳам, калта ҳам эмас, балки ўрта бўйли, жингалак сочли, қизғиш рангли, кенг кўкракли бўлиб, у кишига саҳобалар ичида Урва ибн Масъуд Сақафий разияллоҳу анҳу ўхшашроқ бўлган.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Исо, Мусо ва Иброҳим (алайҳимуссалом)ларни кўрдим. Исо қизилликка мойил,  сочлари жингалак кенг кўкракли экан­­»[1].

Аввалроқ ўтган Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ҳадисида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У (яъни, Исо алайҳиссалом) билан ўртамизда бирор пайғамбар ўтмаган. У ҳали ерга тушади. Қачон уни кўрсангиз таниб олинг: у ўртабўйли, (ранги) қизиллик билан оқликка мойил. Эгнида икки сарғиш кийими бўлади. Боши ҳўл бўлмаса ҳам сув томчилаб турганга ўхшайди. Хочни синдиради, тўнғизни ўлдиради, жизяни бекор қилади, одамларни Исломга даъват этади. Унинг замонида Аллоҳ Исломдан бошқа барча динларни йўқ қилади…»[2], деган эдилар.

Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Менга пайғамбарлар кўрсатилди… Исо ибн Марямни кўрдим. Кўрган одамларим орасида у кишига энг ўхшаши Урва ибн Масъуддир…»[3].

Учинчи масала: Исо алайҳиссалом тушадиган жой

Исо алайҳиссалом Дамашқ шарқидаги оқ минора олдига, икки қўлини икки фаришта қанотларига қўйган, сариқ кийим кийган ҳолда тушиб келади. Бу ҳодиса бомдод намози вақтида, мусулмонлар намоз учун саф тортиб турган пайтда содир бўлади. Уларнинг имоми (аввал айтилганидек, катта эҳтимол билан Маҳдий) намоз бошлаш учун олдинга ўтган бўлади. Исо алайҳиссалом келганидан хабар топгач орқага қайтиб, у кишидан имомликка ўтишни сўрайди, бироқ Исо алайҳиссалом рад этади. Сўнг Маҳдий имом бўлиб намоз ўқийди. Наввос ибн Самъондан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «…Дажжол шу ҳолатда турганда Аллоҳ таоло Масиҳ ибн Марям алайҳиссаломни жўнатади. У Дамашқнинг шарқидаги оқ минора ёнига (заъфаронга бўялган) сариқ кийим кийган, қўлини икки фариштанинг қанотларига қўйган ҳолда тушади. Исо ибн Марям бошини эгса сув томади. Агар кўтарса, маржондек терлар оқади. Унинг нафаси етган кофир ўлмасдан қолмайди. Нафаси эса кўзи етган жойгача етади. У Дажжолни қидиради. Ниҳоят уни Луд дарвозаси ёнида топиб, ўлдиради. Сўнгра Исо ибн Марям алайҳиссалом Аллоҳ Дажжолдан сақлаган қавмнинг олдига боради. Улардан қўрқув ва машаққатни кетказиб, жаннатдаги даражалари ҳақида гапириб беради…»[4].

Ҳофиз Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Исо алайҳиссалом тушадиган жой борасида айтилган энг машҳур фикрларга кўра, у Дамашқ шарқидаги оқ минора олдига тушади. Баъзи китобларда у киши Дамашқ жомеси шарқидаги оқ минора олдига тушиши айтилганини кўрдим. Эҳтимол, тўғри хабар шу бўлиши мумкин. Аслида ривоятда “У киши Дамашқдаги шарқий оқ минора олдига тушади”, дейилган-у, бироқ ровий уни ўзи тушунганига кўра нақл қилган. Чунки Дамашқда «Умавий» жомеси шарқидаги минорадан бошқасига «шарқий минора» дейилмайди. Демак, мана шундай дейиш муносиброқ ва лойиқроқдир. Чунки  у намозга иқомат айтиб бўлингач тушиб келади»[5].

Ҳофиз Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтади: «Охирзамонда Исо ибн Марям Шомга тушади. У киши (Инжилда) Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам келишларини башорат берган, у зотнинг шариати билан ҳукм қилади, бирон кимсадан у зотнинг динидан бошқа динни қабул қилмайди. Хочни синдиради, тўнғизни ўлдиради, жизяни бекор қилади, мусулмонлар имоми ортида намоз ўқийди ва: “Албатта бу умматнинг баъзилари баъзиларига имомдир”, деб айтади»[6].

Исо алайҳиссалом тушганидан кейин ерда қанча муддат туришига келсак, баъзи ривоятларда етти йил бўлиши айтилган. Бошқа ривоятларда эса, ерда қирқ йил яшаб, сўнг вафот этиши, мусулмонлар у кишига жаноза ўқиши хабар берилган. Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «…Сўнг Аллоҳ Исо ибн Марямни юборади… Одамлар етти йил ҳаёт кечирадилар, ҳолбуки, бировнинг бировга адовати бўлмайди. Кейин Аллоҳ Шом тарафдан майин, муздек шамол юборади. Ўша он шамол ер юзида қалбида зарра оғирлигича яхшилик ё иймон бўлган бирор кишини қолдирмай, жонини олади»[7].

Аввалроқ ўтган Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ҳадисида: «У (Исо алайҳиссалом) ерда қирқ йил туради, сўнг вафот этади, мусулмонлар у кишига жаноза ўқийдилар»[8], дейилган эди.

Ҳофиз Ибн Касир икки ривоят орасини мувофиқлаштириб, бундай деди: «Ҳадисда келишича, у киши ерда қирқ йил туради. “Саҳиҳи Муслим”да Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинган ҳадисда эса ерда етти йил туриши айтилди. Очиғи, бу хабар наригиси билан чалкашлик келтириб чиқаради. Бироқ ушбу етти йилдан у киши ерга тушганидан кейинги муддат назарда тутилган деб, кейин уни осмонга кўтарилишидан аввал яшаган муддатга қўшилса, чалкашлик барҳам топади. Машҳур хабарга кўра, у киши осмонга кўтарилган пайт 33 ёшда бўлган, валлоҳу аълам»[9].

Сафориний (фарқли ривоятлар ўртасидаги) мазкур мувофиқлаштиришга қарши чиқиб, уни ҳеч кимга нисбат бермай зикр қилганидан кейин бундай деди: «Валлоҳу аълам, ушбу мувофиқлаштириш тўғри эмас. Сабаби, Имом Аҳмад ва бошқалар Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда “…Дажжолни ўлдиради. Сўнг Исо ерда 40 йил туради[10], дейилган». Сўнг сўзида давом этиб, Байҳақий «қирқ йил» деган ривоятни тўғри деб билганини, шунингдек, Жалолиддин Суютий ҳам ушбу ривоятни бошқаларидан устун санаганини нақл қилади. Чунки ишончли ровийнинг қўшимчаси ҳужжат ҳисобланади. Зеро, муҳаддислар катта сон айтилган ривоят қўшимча маълумотни ўз ичига олгани сабабли уни кам сон айтилган ривоятдан устун қўйишади. Қолаверса, бундай ривоят «мусбит», яъни янги маълумот ифода этувчи бўлгани учун бошқасидан олдинда туради»[11].

Барзанжий айтади: «Кам сон кўп сонга зид келмайди»[12].

Шояд, мана бундай дейилиши тўғри бўлса керак: «Қирқ йил» деган ривоят суянса бўладиган, ишончли ривоятдир. Чунки у, Сафориний айтганидек,  кўпчилик тарафидан ривоят қилинган. Эҳтимол, мазкур қирқ йил бамисоли етти йил каби ўтар. Бу фикрни қуйидаги ҳадис билан ҳам қувватлаш мумкин: Абд ибн Ҳумайд Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан Аллоҳ таолонинг: «Албатта у (Исо) қиёмат белгисидир…» (Зухруф, 61) оятининг тафсири борасида шундай деганини ривоят қилади: «Яъни, Исонинг чиқиши (назарда тутилган). Ерда қирқ йил туради. Ушбу қирқ йил худди тўрт йил каби ўтади. У киши ҳаж ва умра қилади»[13]. Валлоҳу аълам.

[1] Бухорий, 3255.

[2] Бухорий (3258), Муслим (2365), Абу Довуд (4675) ва Аҳмад (2/406) ривояти.

[3] Муслим (167), Термизий (3649) ва Аҳмад (3/334) ривояти.

[4] Муслим (2937), Абу Довуд (4321), Ибн Можа (4075) ва Аҳмад (4/182) ривояти.

[5] «Ан-ниҳоя фил-фитан вал-малоҳим», 1/192.

[6] «Латоиф ал-маъориф», 90-бет.

[7] Муслим, 2940.

[8] Аҳмад, 2/406.

[9] «Ан-ниҳоя фил-фитан вал-малоҳим», 1/193.

[10] Абу Довуд, 4324.

[11] Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Сафориний. «Лавомеъ ал-анвор ал-баҳийя», 2/99.

[12] «Ал-ишоъа», 304-бет.

[13] Қаранг: «Ад-дур ал-мансур», 6/20.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг