Дард ва даво (42): Гуноҳнинг касофати (2)

0

3. Банда билан Аллоҳ ўртасига совуқчилик тушиши

Гуноҳга қўл уриш оқибатида банда билан Аллоҳ ўртасига совуқчилик тушади, қалбда сиқилиш, ғашлик пайдо бўлади. Унинг дастидан бандага ҳеч бир лаззат татимайди. Дунёдаги барча лаззатлар йиғилиб келса ҳам бу ғашликни аритолмайди. Дарҳақиқат, буни қалби тирик инсонларгина сезади. Зеро, ўликка нима ҳам таъсир қилсин.

Инсон бор-йўғи қалбига ғашлик киришидан қўрқиб гуноҳдан четланганида ҳам оқил кишининг ишини қилган бўлур эди.

Бир киши Аллоҳни таниган художўй инсондан қалбидаги сиқилиш ва ғашликдан шикоят қилганида бундай деб жавоб берган экан: “Агар гуноҳлар қалбингни сиқиб қўйган бўлса ва бундан халос бўлишни истасанг гуноҳларни ташла ва (Аллоҳнинг зикри билан) қалбингни хотиржам қил”.

Қалбга гуноҳ устига гуноҳ қилиш изтиробидан кўра аччиқроқ алам йўқ. Аллоҳ Ўзи асрасин.

4. Банда билан одамлар орасига совуқчилик тушиши

Гуноҳ қилган банда ўзи билан одамлар, хусусан яхши одамлар ўртасига совуқчилик тушганини сеза бошлайди. Совуқчилик кучайган сари улардан ва уларнинг давраларидан узоқлаша бошлайди ва улардан фойда олиш баракасидан  маҳрум бўлади. Раҳмоннинг жамоасидан узоқлашгани сайин шайтон жамоасига яқинлашиб бораверади. Бу совуқчилик бора-бора унинг бутун қалбини эгаллаб олади. Натижада у билан хотини, фарзандлари, қариндошлари ва ҳатто ўз жони ўртасига ҳам совуқчилик тушади. Шунда унинг ўзидан ўзи сиқилиб, бегонасираб юрганини кўрасиз.

Салаф солиҳларимиздан бири бундай деган экан: “Бирон гуноҳ иш қилсам, албатта касофатини уловим ва хотим хулқида кўраман”.

5. Ишлари ўнгидан келмаслиги

 Гуноҳкор банда бирон ишга қўл ургудек бўлса, иши юришмайди ёки ўта қийин бўлиб кетади. Маълумки, ким тақво қилса, Аллоҳ унинг ишини осонлаштириб ва ўнглаб қўяди. Аксинча, ким тақво қилмаса, Аллоҳ унинг ишини қийин ва бароридан келмайдиган қилиб қўяди.

Ҳайрон қоласан, банда олдида яхши ва фойдали ишлар эшиги ёпиқлигини ва уларнинг йўллари ўта қийинлигини кўриб, нима сабабдан бу ҳолатга тушганини билмаса-я?!

6. Қалбни зулмат қоплаши

Гуноҳ қилган банда қоронғи тунда зулматни қандай ҳис қилса, қалбидаги ушбу зулматни ҳам худди шундай ҳис қилади. Гуноҳ зулмати кўзи билан ҳис қиладиган зулмат каби қалбини қоплайди. Зеро, тоат-ибодат нур, гуноҳ-маъсият эса зулматдир. Зулмат кучайган сари ҳайрати (эсанкираши) ортади. Натижада ўзи билмаган ҳолда бидъат, залолат ва ҳалок қилувчи ишларга кириб қолади. Бамисоли тунда ёлғиз ўзи кўчада юрган кўзи ожиз инсон каби. Бу зулмат кучая-кучая, охири кўзида акс эта бошлайди, кейин тобора кучайиб юзини қоплайди ва юзи қораяди. Унинг юзига қараган ҳар бир одам буни кўради.

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтади: “Яхшиликнинг юзда ёғдуси, қалбда нури, ризқда кенглиги, баданда қуввати, одамлар қалбида муҳаббати бўлади. Ёмонликнинг юзда қаролиги, қалбда зулмати, баданда заифлиги, ризқни камайтириши, одамлар қалбида адовати бўлади” (Яъни яхшилик ва ёмонлик мазкур ишлар амалга ошишига сабаб бўлади).

7. Қалб ва тананинг заифлашиши

 Гуноҳ қалбни заифлаштириши ҳаммамизга аён. Ҳатто бориб-бориб қалбни тамоман ўлдиришгача боради. Энди танани заифлаштиришига келсак, аслида мўминнинг куч-қуввати қалбидан келиб чиқади. Қалби қанча кучли бўлса, танаси ҳам шунча кучли бўлади. Гуноҳкор фожир банданинг танаси кучли бўлгани билан керакли пайтда энг заиф нарсага айланиб қолади, жисмоний қуввати энг керакли пайтда панд беради. Форс ва румликларнинг таналари (мусулмонларнинг таналарига қараганда) қанчалар кучли ва бақувват бўлганини бир ўйлаб кўринг. Лекин бу куч-қувватлари энг керакли пайтда уларга панд бермадими?! Мўминлар қалб ва тана кучлари ила уларни яксон қилмадими?!

8. Тоат-ибодатдан маҳрум бўлиш

Гуноҳнинг тоат-ибодатдан тўсишдан ўзга касофати йўқ деб фараз қилинса, шунинг ўзи ундан тийилишга етарли бўларди. Қилинган бир гуноҳ ўз ўрнида бир тоат-ибодатдан маҳрум этади ва навбатдаги тоат-ибодат йўлини ҳам қирқади. Шу йўсинда гуноҳга қўл урган банда учинчи, тўртинчи ва бошқа кўплаб тоат-ибодат йўлларидан узилиб қолади. Гуноҳ сабабли кўплаб тоат-ибодатлардан қуруқ қолади. Ваҳоланки, уларнинг ҳар бири банда учун дунё ва ундаги барча нарсадан яхшироқдир. Бу худди бир таом еб, натижада узоқ муддат касал бўлиб, еган таомидан ҳам яхшироқ бир қанча таомлардан маҳрум бўлган кишига ўхшайди. Аллоҳ таоло бу кўйга тушишдан сақласин!

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг