Иккинчидан: ахлоқий тарбия[1]
Ахлоқий тарбия деб ахлоқий тамойиллар, инсон юриш-туриши ва ички оламига оид хислат ва фазилатлар тўпламига айтилади. Бола ақлини таний бошлаган илк даврдан бошлаб, то балоғат ёшига етгунига, ҳаёт денгизига шўнғигунига қадар ахлоқий тамойилларни ўзлаштириши, эгаллаши, ўзига сингдириб бориши лозим.
Ахлоқий фазилатлар кишининг мустаҳкам иймони ва соғлом диний тарбиясининг самараси эканида шак-шубҳа йўқ.
Бола гўдаклик чоғидан Аллоҳга бўлган иймон ва қўрқув асосида тарбия топса, Аллоҳ таоло мени кўриб-билиб турибди, деган эътиқодда улғайса, ҳар бир ишида Аллоҳга суянса, ёрдам сўраб Унга ёлворса, ташвиш ва муаммоларидан Аллоҳга шикоят қилса, албатта, унинг табиатида ҳар қандай олий фазилат ва қадриятларни қабул қиладиган, гўзал ва олийжаноб хулқларга тезда одатланадиган малака ва ички истеъдод пайдо бўлади. Чунки унинг қалбида илдиз отган мустаҳкам иймон, виждонидан ўрин олган Аллоҳ мени кўриб-билиб турибди деган эътиқод, зеҳни ва туйғусини эгаллаган ўзини сарҳисоб қилиш, буларнинг барчаси уни ёмон иллатлар, паст ва разил одатлар, жоҳилиятга оид бузуқ анъаналардан тўсиб туради. Аксинча, яхшиликка интилиш унинг одатига айланади, гўзал хулқлар ва олийжаноб хислатларга ошиқлик унинг ажралмас сифати бўлиб қолади.
Аллоҳ сақласин, агар ҳолат аксинча бўлса, яъни бола тарбияси исломий ақида ва диний таълимдан йироқ бўлса, Аллоҳдан ва диний йўналишдан алоқаси узилган бўлса, у ҳолда, шак-шубҳасиз, ахлоқсизлик ва фисқ-фужур қучоғида ўсиб-улғаяди динсизлик ва залолат қўйнида вояга етади. Бундай болалар келажакда ўз табиати, мижозидан келиб чиқиб, тубан мақсадлар ортидан юради, нафсига эргашади, шайтон васвасасига учиб, унинг қулига айланади.
Ёмон хулқлар
Болалар орасида тарқалган талай ёмон хулқлар бор. Мураббийлар ва ота-оналар улардан огоҳ бўлишлари, фарзандларини улардан сақлашлари лозим. Жумладан:
Ёлғончилик иллати
Ёлғончилик жуда ёмон хулқдир. Ота-оналар ва тарбиячи устозлар болалар бундай ярамас, ёмон хулққа ўрганиб қолмаслиги учун уларни доим назорат қилиб туришлари лозим.
Динимиз ёлғончиликни мунофиқлик аломатларидан бири санаганининг ўзи унинг нақадар жирканч ва манфур хулқ эканига етарли далилдир.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда келишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Кимда тўрт хислат бўлса, ғирт мунофиқ бўлади. Кимда улардан бири бўлса, то уни ташламагунича унда мунофиқликнинг бир хислати бўлади: омонат топширилса хиёнат қилади, гапирса ёлғон гапиради, аҳдлашса аҳдига вафо қилмайди, тортишиб қолса фожирлик қилади”[2].
Ўғрилик
Ўғрилик хатари ёлғончиликдан кам эмас. Ислом ахлоқи билан суғорилмаган, иймоний тарбия топмаган жамиятларда ўғрилик кенг тарқалган.
Бола ёшлик чоғидан бошлаб Аллоҳ уни кўриб турганини ҳис этмай, Ундан қўрқмай улғайса, омонатдор бўлишга, ҳақларни ўз эгаларига адо этишга одатланмаса, у ҳолда бора-бора ёлғон гапириш, ўғрилик, хиёнат, бировлар молини ноҳақ ейиш каби иллатларга одатланади, одамлар унинг ўзидан ҳам, ёмон ишларидан ҳам безор бўлиб, барча ундан чўчийдиган бахтсиз ва ярамас кишига айланиб қолади.
Болам бундай аҳволга тушмасин деган ота-она уларнинг қалбига Аллоҳдан қўрқиш туйғусини ва ҳар бир ишни Аллоҳ кўриб турибди деган эътиқодни сингдириши лозим. Ўғрилик, алдов ва хиёнатнинг аянчли натижасини такрор-такрор гапириб, қулоғига қуйиб бориши керак.
Сўконғичлик
Бу ҳам энг қабиҳ, ёмон хулқлардан бири бўлиб, болалар ўртасида, хоссатан Қуръон ҳидояти ва исломий муҳитдан узоқда ўсиб-улғайган ўсмирлар орасида кенг ёйилган[3].
Абдуллоҳ Улвон айтади: “Болалар ўртасида сўкиниш ва ҳақорат қилиш иллатининг кенг тарқалиши сабаби иккита:
Биринчиси ёмон оилавий муҳит.
Бола ота-онасидан сўкиниш, фаҳш ва уят сўзларни эшитса, уларга тақлид қилиб ичида шу сўзларни қайтариб юради. Бу ҳолат давомий бўлса, бола ҳам шунга одатланиб, сўкадиган, уят сўзларни гапирадиган бўлиб қолади.
Иккинчиси ёмон ҳамроҳлар.
Ота-она назоратисиз кўчага ташлаб қўйилган бола ёмон, безори ва бузуқ болаларга аралашиб юриши натижасида қулоғи сўкиниш, ҳақорат ва ёмон сўзларни эшитишга ўрганади, ёмон қилиқларга одатланади, тарбияси бузилади, ахлоқи тубанлашади.
Шунинг учун ота-она ва мураббийлар болани назоратсиз қолдирмасликлари, кўча боласи бўлиб, ёмонларга қўшилиб кетишидан асрашлари, одамларга чиройли мурожаат қилиш, ширинсўзлик ва ёқимли сўз ва иборалар билан сўзлашишда болаларга ўрнак ва намуна бўлишлари лозим!
Шунингдек, ота-оналар инсон шахсиятининг барбод бўлиши, обрў-эътибор йўқолиши, жамият аъзолари ўртасида ўзаро гина-кудурат, душманлик пайдо бўлишида тил офатлари ва сўкинишнинг ёмон оқибатларидан фрзандларини огоҳлантиришлари зарур»[4].
Болаларга сўкинишдан қайтарган айрим ҳадисларни айтиб бериш керак. Масалан, Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмонни сўкиш фосиқлик, у билан урушиш куфрдир”[5] деганлар.
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда эса, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Киши ўз ота-онасини лаънатлаши энг катта гуноҳлардандир”, дедилар. “Эй Расулуллоҳ, қандай қилиб одам ўз ота-онасини лаънатлайди?” деб сўрашган эди: “Бировнинг отасини ҳақорат қилади, у ҳам бунинг отасини ҳақорат қилади, бировнинг онасини ҳақорат қилади, у ҳам бунинг онасини ҳақорат қилади», деб жавоб бердилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам”[6].
Енгилтаклик ва ахлоқий тубанлик