Қиёматнинг катта аломатлари: Исо алайҳиссаломнинг тушиши (4)

0

Тўртинчи масала: Исо алайҳиссалом тушиши борасида келган ҳадислар мутавотирдир

Исо алайҳиссалом тушиши ҳақида келган баъзи ҳадислар юқорида келтирилди. У ҳадислар охирзамонда Исо алайҳиссалом тушишига очиқ-ойдин далолат қилади. Уларни инкор қилган ёки «Улар «оҳод» ҳадислар бўлиб, ҳужжатликка ярамайди» деган ёки бўлмаса «У кишининг тушиши иймон келтириш вожиб бўлган мусулмонлар эътиқодидан эмас» деганларнинг ҳеч қандай ҳужжатлари йўқ. Чунки бирор ҳадис собит бўлса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган нарсаларга иймон келтириш ва тасдиқлаш вожиб бўлади. «Оҳод ҳадис» деган важ билан у зотнинг сўзларини рад этишимиз жоиз бўлмайди. Зеро, бу ўта заиф ҳужжатдир. «Оҳод» ҳадис саҳиҳлиги собит бўлса, ундаги хабарларни тасдиқлаш вожиб бўлади. Агар биз «оҳод» ҳадислар ҳужжат эмас дейдиган бўлсак, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларидан кўпларини инкор қилишимизга тўғри келади. Натижада, у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган сўзлар шунчаки беҳуда ва бемаъно гаплар бўлиб қолади. Ваҳоланки, уламолар Исо алайҳиссалом тушиши борасида келган ҳадислар мутавотир даражасига етганини айтиб ўтганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бизнинг наздимизда суннат – этиқод асослари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари тутган йўлни маҳкам ушлаш, уларга эргашиш, бидъатларни тарк қилишдан иборат. Зеро, ҳар бир бидъат залолатдир». Сўнг аҳли суннат ақидасидан талай нуқталарни зикр қилгач, айтади: «Шунингдек, Масиҳ Дажжол чиқишига, икки кўзи ўртасида «кофир» деб ёзилган бўлишига, у ҳақда келган ҳадисларга иймон келтириш, буларнинг бари ҳақиқатда бўлади деб ишониш, кейин Исо тушиб, уни «Луд» дарвозаси олдида ўлдиришига иймон келтиришдир»[1]. Абул-Ҳасан Ашъарий[2] раҳимаҳуллоҳ аҳли ҳадис ва суннат ақидасини баён қилатуриб, шундай дейди: «Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига, Аллоҳ тарафидан келган ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ишончли ровийлар ривоят қилган хабарларга иқрор бўлишдир. Аҳли суннат улардан ҳеч бирини инкор қилмайдилар. Дажжол чиқишини ва Исо уни ўлдиришини тасдиқлайдилар…». Кейин сўзининг охирида бундай дейди: «Юқорида келтирганимиз аҳли суннатнинг барча эътиқодини биз ҳам эътиқод қиламиз, улар айтган барча гапларни биз ҳам айтамиз»[3].

Ибн Жарир ат-Табарий оятдаги[4] Исо алайҳиссалом вафоти борасида уламолар ўртасидаги ихтилофни зикр қилганидан сўнг бундай дейди: «Бизнинг наздимизда ушбу қавллардан энг тўғрироғи “Мен сени ердан оламан ва Ўзимнинг ҳузуримга кўтараман”, деганларнинг сўзидир. Сабаби, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу борада келган хабарлар мутавотир даражасига етган бўлиб, у зот: “Исо ибн Марям тушади ва Дажжолни ўлдиради” деганлар»[5]. Шундан сўнг Исо алайҳиссаломнинг тушиши айтилган айрим ҳадисларни келтиради.

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Исо алайҳиссаломнинг қиёматдан аввал одил бошлиқ ва адолатли ҳакам бўлиб тушишини хабар берган ҳадислар мутавотир бўлди»[6]. Сиддиқ Ҳасанхон айтади: «Исо алайҳиссалом тушиши борасидаги ҳадислар кўпдир. Шавконий улардан 29 тасини келтирган бўлиб, улар саҳиҳ, ҳасан ва қониқарли заиф турларига бўлинади. Улардан баъзилари Дажжол ҳақидаги ҳадисларда зикр қилинган… Баъзилари эса Маҳдий ҳақидаги ҳадислар асносида айтилган. Яна уларга саҳобалардан келган асарлар ҳам қўшилади. Зеро, улар ижтиҳоддан келиб чиқиб айтиш имконсиз бўлгани учун «марфуъ» ҳадислар ҳукмида бўлади». Бу ҳадисларни келтирганидан кейин: «Биз келтирган мазкур ҳадисларнинг барчаси мутавотирлик даражасига етгани бу илмдан хабардорлик фазилатига эга бўлган кишилар учун сир эмас», деди[7].

Ғуморий айтади: «Бир қанча саҳобалар, тобеинлар, тобеинлар издошлари, имомлар ва турли мазҳаб уламолари тарафидан Исо алайҳиссалом тушади деган гап асрлар оша то бугунга қадар айтиб келинмоқда»[8]. Яна айтади: «У мутавотир эканида шак-шубҳа йўқ. Буни фақат қодиёнийлар ва уларга ўхшаган аҳмоқ ва жоҳил кимсалар инкор этиши мумкин. Чунки у хабарларни бир жамоатдан бошқа бир жамоат нақл қилган ва шу тариқа улар ҳадис китобларидан ўрин олган. Ҳадис китоблари эса бизларга авлоддан авлодга ўтиб мутавотир суратда етиб келган»[9]. Исо алайҳиссалом тушиши айтилган ҳадисларни жамлаганлардан бири Шайх Муҳаммад Анваршоҳ ал-Кашмирий бўлиб, у киши «Ат-тасриҳ бимо тавотара фи нузул ал-Масиҳ» китобида етмишдан ортиқ ҳадисларни зикр қилган.

«Авн ал-маъбуд шарҳу сунани Абу Довуд» китоби муаллифи айтади: «Исо ибн Марям алайҳиссалом қиёматга яқин осмондан ерга танаси билан тушиши ҳақида Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган хабарлар мутавотир даражасига етган. Аҳли суннатнинг мазҳаби шудир»[10].

Шайх Аҳмад Шокир айтади: «Охирзамонда Исо алайҳиссалом тушиши борасида мусулмонлар ихтилоф қилмаган. Чунки бу борада Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ хабарлар келган… Бу динда билиш зарурий илмлардан бўлиб, уни инкор қилган кимса мўмин саналмайди»[11].

Шайх Муҳаммад Носируддин Албоний айтади: «Билингки, Дажжол ҳамда Исо алайҳиссалом тушиши ҳақидаги ҳадислар мутавотир бўлиб, уларга иймон келтириш вожибдир. “Улар оҳод ҳадислар” деб даъво қиладиганларнинг гапларига алданиб қолманг. Дарҳақиқат, улар бу илмдан мутлақо бехабар кимсалардир. Улар орасида ушбу ҳадисларнинг санадларини тадқиқ қиладиган кишининг ўзи йўқ. Агар шундай қилганда эди, ушбу илмнинг имомлари бўлмиш Ҳофиз Ибн Ҳажар ва бошқалар гувоҳлик берганларидек, у ҳадисларнинг мутавотир эканини топган бўлар эди. Баъзи кимсалар ўзларининг ихтисоси бўлмаган илмларда, айниқса дин ва ақидага алоқадор мавзуларда ҳар хил гаплар айтишга журъат қилишлари ҳақиқатда жуда ачинарли ҳолдир»[12].

[1] «Табақот ал-ҳанобила», 1/241-243.

[2] У киши имом, аллома Абул-Ҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий ал-Басрийдир. Замонасидаги мўътазилийлар шайхи бўлмиш ўгай отаси Абу Али ал-Жубоий қўлида вояга етган. Ўша кишига шогирд тушиб, қарийб қирқ йил унинг мазҳабида бўлган. Бир муддат «куллобия» мазҳаби эътиқодида  бўлгач, Аллоҳ у кишини аҳли суннат ва жамоат мазҳабига ҳидоят қилди ва ўзининг Имом Аҳмад мазҳабида эканини эълон қилди. У киши кўп асарлар ёзган. «Мақолот ал-исломиййин», «Ал-лумаъ», «Ал-важиз» китоблари ва бошқалар шулар жумласидан. Охирги ёзган китоби «Ал-ибона ан усул ад-диёна» асаридир. Ҳижрий 324-йили вафот этган («Табйину кизб ал-муфтарий», 34-бет. «Сияру аълом ан-нубало», 15/85. «Ал-бидоя ва ан-ниҳоя», 11/186. «Шазарот аз-заҳаб», 2/303-305).

[3] «Мақолот ал-исломиййин ва ихтилоф ал-мусаллин», 1/345.

[4] Яъни, ушбу оят: «Аллоҳ (Исога) бундай деган эди: “Мен сени вафот эттираман  ва (жону танинг билан) Ўз ҳузуримга кўтараман…”» (Оли Имрон, 5). (Тарж.)

[5] «Тафсир ат-Табарий», 3/291.

[6] «Тафсир Ибн Касир», 7/223.

[7] «Ал-изоъа», 160-бет.

[8] «Ақидату аҳл ал-Ислом фи нузули Исо алайҳиссалом», 12-бет.

[9] Аввалги манба.

[10] «Авн ал-маъбуд», 11/458.

[11] «Тафсир ат-Табарий» ҳошиясидан (6/460). Аҳмад Муҳаммад Шокир тахрижи, Маҳмуд Муҳаммад Шокир таҳқиқи. Мисрдаги «Дор ал-маориф» босмаси.

[12] Қаранг: «Ҳошияту ал-ақида ат-Таҳовийя», Албоний тахрижи, 565-бет.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг