Дард ва даво (43): Гуноҳнинг касофати (3) Инсон умрининг узайиши ё қисқариши

0

9. Гуноҳ умрни қисқартиради

Гуноҳ умрни қисқартиради ва унинг баракасини кетказади. Ҳа, яхшилик умрни узайтиргани сингари ёмонлик умрни қисқартиради.

Ушбу масалада (инсон умрининг узайиши ёки қисқариши борасида) уламолар турлича фикрлар айтишган. Баъзи олимлар айтишича, гуноҳкор банданинг умри қисқариши умри баракасининг йўқолиши демакдир. Албатта, бу ҳақ гап. Умр баракасининг йўқолиши гуноҳлар таъсирининг бир бўлагидир холос.

Бошқа бир гуруҳ уламолар айтишича, худди гуноҳ сабабли ризқ камайганидек, гуноҳ чиндан ҳам умрни қисқартиради. Зеро, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ризқни кўпайтирадиган, мўл қиладиган, шунингдек, умрни узайтирадиган ва зиёда қиладиган сабабларни жорий қилган.

Инсон умри баъзи сабабларга кўра узайиши ёки қисқариши мумкин. Бандаларнинг ризқи ва ажали, бахт-саодати ва бахтсизлиги, соғлиги ва касаллиги, бой ёки камбағаллиги Парвардигорнинг қадари ила бўлса-да, У зот ўзи хоҳлагандек ҳукм қилса-да, бироқ Аллоҳ бу ишларни маълум сабабларга боғлиқ қилган бўлиб, шу сабаблар вужудга келиши билан ортидан натижалар ҳам келиб чиқадиган қилиб қўйган.

Учинчи гуруҳнинг фикрига кўра, гуноҳлар умрни қисқартиради деган сўз ҳақиқий ҳаёт қалб ҳаётидир деган қоидадан келиб чиқиб айтилган. Шу сабабли Аллоҳ таоло кофирни ўлик деб эътибор қилган. Оятда бундай дейилади: “(Кофирлар) тирик эмас, ўликдирлар[1]. Инсон тириклиги аслида қалбининг тириклиги билан ўлчанади. Инсон умри унинг тириклик муддати демакдир. Инсоннинг чинакам тириклиги Аллоҳ учун яшаган кунларидир. Мана шу унинг тириклик соатлари ҳисобланади. Яхшилик, тақво, тоат-ибодат инсоннинг ҳақиқий умрини узайтиради. Инсоннинг чинакам умри мана шудир.

Умуман олганда, банда Аллоҳдан юз ўгирса ва гуноҳларга шўнғиса, ҳақиқий умри зое кетган бўлади. Бунинг оқибатини (жазосини) “Кошки, ҳақиқий ҳаётим учун яхши амаллар қилганимда[2] деб қоладиган кунда кўради. Бу ҳолатдаги инсон ё дунё ва охиратида асқотадиган фойдали ишларга интилган, ё интилмаган бўлади. Агар дунё ва охирати учун фойдали ишларга интилмаган бўлса, барча умри зое бўлган, ҳаёти беҳудага кетган бўлади. Агар интилган бўлса, у ҳолда турли тўсиқлар сабабли охиратга элтувчи йўли узоқлашган ва қанчалик фойдали ишларга зид ишлар билан машғул бўлган бўлса, шунча яхшиликка элтувчи йўллар қийинлашган бўлади. Бу эса умрининг ҳақиқий қисқаришидир.

Масаланинг сири шундаки, инсон умри тириклиги билан ўлчанади. Унинг тириклиги эса Раббига юзланиши, Унинг муҳаббати ва зикри ила қалби таскин топиши, лаззатланиши, розилигини барча нарсадан устун қўйиши билангина бардавом бўлади.

[1] Наҳл, 21.
[2] Фажр, 24.

Изоҳ қолдиринг