Қиёматнинг катта аломатлари: Исо алайҳиссаломнинг тушиши (5)

0

Бешинчи масала: айнан Исо алайҳиссалом тушишининг ҳикмати

Баъзи уламолар (Аллоҳ таоло уларни раҳматига олсин) нега бошқа киши эмас, айнан Исо алайҳиссалом тушишининг ҳикмати борасида турли фикрлар билдирганлар. Қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:

  1. Яҳудийларга раддия бериш учун. Чунки улар Исо алайҳиссаломни ўлдирганмиз деб даъво қилишди. Аллоҳ таоло уларнинг ёлғонларини ҳамда уларни ҳам, уларнинг бошлиғи Дажжолни ҳам ўлдирувчи Ўзи эканини баён қилди. Ҳофиз Ибн Ҳажар ушбу фикрни бошқаларига нисбатан тўғрироқ деб билган[1].

  2. Исо алайҳиссалом Инжилда Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларининг фазилатидан хабар топди. Аллоҳ таоло Қуръонда айтади: «…Энди уларнинг Инжилдаги мисоли бир экин(нинг сифати)га ўхшайди. Экин новдасини (ва шоҳ-шаббаларини) чиқарди. Сўнг унинг шохлари кўпайди ва (натижада экиннинг новдаси) бақувват бўлди. (Чиройли ҳолга кириб,) баланд ва тик ҳолга келди, (ўша экин-текин қилувчи) деҳқонларни лол қолдирди…» (Фатҳ, 29). Шунда Исо алайҳиссалом Аллоҳга дуо қилиб, ўзини ҳам Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларидан қилишини сўради. Аллоҳ у кишининг дуосини ижобат қилди ва охирзамонга қадар тирик қолдирди. Охирзамонда эса у киши Ислом динидан, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларидан ўчиб, йўқолиб кетган таълимотларни янгидан жорий этувчи бўлиб тушади. Ўша тушган они Дажжол чиққан вақтга тўғри келиб қолади ва Исо алайҳиссалом уни ўлдиради[2].

  3. Исо алайҳиссаломнинг осмондан тушиши ажали яқинлашгани, ерга дафн этилишидан дарак бўлади. Зеро, тупроқдан яралган банда ундан бошқа жойда ўлиши тўғри бўлмайди. У кишининг тушиши Дажжолнинг чиқишига тўғри келиб қолади ва Исо алайҳиссалом уни ўлдиради[3].

  4. У киши насороларни ёлғончига чиқариш, уларнинг даъволари ботил ва пуч эканини кўрсатиб қўйиш учун тушади. Аллоҳ у кишининг замонида Исломдан бошқа барча динларни йўқ қилади. У киши хочни синдиради, тўнғизни ўлдиради ва жизяни бекор қилади.

  5. У кишининг мазкур ишлар учун махсус танлаб олиниши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Исо ибн Марямга энг ҳақли одам менман, у билан менинг ўртамизда бирор пайғамбар ўтмаган»[4] деган сўзларига кўра бўлади. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар ичида Исо алайҳиссаломга энг яқин зотдир. Исо алайҳиссалом ўзидан кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам келишини башорат берган, одамларни у зотга иймон келтириб, тасдиқлашга чақирган[5]. Аллоҳ таоло айтади: «Ўшанда Исо ибн Марям (ўз қавмига): “Мен сизларга… Ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир Пайғамбар ҳақида башорат берувчи бўлиб келдим…” деб айтган эди». (Соф, 6). Ҳадисда келади: Саҳобалар: «Эй Расулуллоҳ, бизга ўзингиз ҳақингизда сўзлаб беринг», дейишди. У зот: «Ҳа, мен отам Иброҳимнинг дуоси, биродарим Исонинг башоратиман…», дедилар[6].

[1] «Фатҳ ал-Борий», 6/493.

[2] Қуртубий. «Ат-тазкира», 2/794.

[3] Қуртубий. «Ат-тазкира», 2/795.

[4] Бухорий (3258), Муслим (2365), Абу Довуд (4675) ва Аҳмад (2/437) ривояти.

[5] Ушбу фикрлар борасида қуйидаги манбаларга мурожаат қилинг: Ҳалимий. «Ал-минҳож фи шуъаб ал-иймон», 1/424-425. Қуртубий. «Ат-тазкира», 2/679. Ибн Ҳажар. «Фатҳ ал-Борий», 6/493. «Ат-тасриҳ бимо тавотара фи нузул ал-Масиҳ» китоби, 94-бет.

[6] Имом Аҳмад «Муснад»ида (4/127) ривоят қилган. Ибн Касир ҳадис санади борасида: «Бунинг санади яхши», деган ва ҳадис мазмунини қўллаб-қувватлайдиган бошқа ҳадисларни келтирган («Тафсир Ибн Касир», 4/324).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг