Аллоҳ суйган бандалар: Тақво

0

Тақво

(Раҳмоннинг суюкли бандалари): «Бизни тақводорларга ўрнак, намуна қил», деб сўрайдилар” (Фурқон, 74).

Аллоҳ суйган бандалар Парвардигорлари уларга тақво сифатини бериши ва яхши ишларда одамлар эргашадиган пешволар қилишини сўраб дуо-илтижолар қиладилар.

Раббимиз Аллоҳ таоло бизларни тақвога буюриб, деди:

Эй иймон келтирганлар! Аллоҳдан чинакам қўрқинглар! То Аллоҳга йўлиққунларингизга қадар Исломда маҳкам бўлинглар!” (Оли Имрон, 102);

Эй иймон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқинглар ва фақат тўғри сўзларни сўзланглар!” (Аҳзоб, 70);

Ким Аллоҳдан қўрқса, Аллоҳ унга ҳар қандай тангликдан чиқиш йўлини қилиб беради ва уни ўзи ўйламаган, ҳисобга олмаган томондан ризқлантириб қўяди” (Талоқ, 2-3).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Эй Расулуллоҳ, одамларнинг энг ҳурматга сазовори ким?” деб сўрашди. Ҳабибимиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уларнинг  энг тақводори”, дедилар. “Бу ҳақда сўрамаётган эдик”, дейишди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унда Юсуф пайғамбар. У ўзи пайғамбар, (бунинг устига) пайғамбарнинг ўғли ва (бунинг устига) Халилуллоҳнинг набирасидир”, дедилар. “Бу ҳақда сўрамаётган эдик”, дейишди улар яна. “Мендан араб қабилалари ҳақида сўраяпсизларми? Уларнинг жоҳилиятда (саховат, мурувват, эҳсон ила) яхши бўлганлари Исломга кириб шариат ҳукмлари борасида ҳам олим бўлсалар, шулар ҳурматлидир”, дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам[1].

Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисда: “Дунё тотли ва ям-яшилдир. Аллоҳ таоло сизларни унда (бирингиз кетидан бошқангиз келадиган) халифа қилиб, қандай амал қилишингизни кузатиб туради. Дунё (ёмонликлари)дан хазир бўлинглар! Аёллар (фитнаси)дан эҳтиёт бўлинглар! Бани Исроилнинг илк фитналаниши ҳам аёллар хусусида бўлган”, дейилган[2].

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Парвардигоро, Сендан ҳидоят, тақво, покликни ва (одамларга) муҳтож қилмаслигингни (нафс бойлигини) сўрайман”, деб дуо қилар эканлар[3].

Адий ибн Ҳотим Тоий разияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ким бирон ишга қасам ичса, сўнг ундан кўра Аллоҳга тақволироқ ишни кўрса, тақволироғини қилсин», деганларини эшитганман”[4].

Абу Умома Боҳилий разияллоҳу анҳу деди: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Видолашув ҳажжи»да хутба қилатуриб, бундай деганларини эшитдим: «Аллоҳдан қўрқинг, беш вақт намозни ўқинг, рамазон рўзасини тутинг, закотингизни беринг ва амирларингизга итоат қилинг, шунда Раббингиз (ҳозирлаб қўйган) жаннатга кирасиз»[5].

Тақво нима?

Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу айтади: “Тақво – Аллоҳ таолодан қўрқиш, Қуръонга амал қилиш, (ризқнинг) озига рози бўлиш ва кетар кунга (ўлимга) ҳозирлик кўришдир”.

[1] Бухорий ва Муслим ривояти.

[2] Муслим ривояти.

[3] Муслим ривояти.

[4] Муслим ривояти.

[5] Термизий ривоят қилиб, «ҳасан, саҳиҳ», деган

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг