Аллоҳ суйган бандаларга берилажак мукофотлар

0

Аллоҳ суйган бандаларга берилажак мукофотлар

“Ана ўшалар сабр қилганлари сабаб жаннатдаги энг олий даражалар билан мукофотланадилар. Улар у ерда салом ва саломатлик билан қарши олинадилар ва жаннатларда абадий қоладилар. Улар қарор топиб ўрнашадиган жаннат нақадар гўзал!” (Фурқон, 75-76).

Ҳа, Аллоҳ таоло суйган бандаларининг мукофоти жаннатдир. Жаннат қасрларида ўтирадилар, сўриларида ёнбошлаб ётадилар, соя-салқинида сайр қиладилар, ноз-неъматларидан баҳраманд бўладилар ва энг муҳими – унда абадий қоладилар.

Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда келишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “(Жаннатдаги ҳар бир) чодир ичи ғовак марвариддан иборатдир. Унинг баландлиги олтмиш мил (100 чақирим) бўлиб, ҳар бурчагида мўмин киши учун бошқаларнинг кўзи тушмайдиган жуфтлар”, дедилар[1].

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Аллоҳ таоло деди: «Солиҳ бандаларим учун шундай нарсалар ҳозирлаб қуйдимки, уни кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ва инсон хаёлига ҳам келмагандир. Хоҳласангиз, “Мўминлар учун ҳозирлаб қўйилган кўзларни қувонтирадиган, кўнгилларни яйратадиган мукофотларни ҳеч бир жонзот билмайди”, оятини ўқинг»[2].

Яна Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган кишилар тўлин ой суратида бўлади. Улар учун у ерда тупуриш, бурун қоқиш, ҳожат ушатиш йўқ. Идишлари тиллодан, тароқлари олтин ва кумушдан, тутатқилари мушк поясидан, терлари эса мушк (ҳиди каби)дир. Уларнинг ҳар бири учун софлигидан болдир иликлари кўриниб турадиган, ораларида ихтилоф ва ёмон кўриш бўлмаган икки хотин бўлади. Қалблари бир (кишининг) қалбидек, эртаю кеч Аллоҳга тасбеҳ айтадилар”[3].

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Жаннатга энг биринчи кирадиган жамоа кишилари тўлин ой суратида, улардан кейин кирадиганлар эса энг ёрқин юлдуз суратида бўладилар. Қалблари бир кишининг қалбидек, ўрталарида келишмовчилик ҳам, ёмон кўриш ҳам бўлмайди”[4].

Анас разияллоҳу анҳу деди: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга нафис ипак матодан тикилган яктак ҳадя қилинди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ипак кийим кийишдан қайтарар эдилар. Бу ҳолдан одамлар ҳайратланиб турган эди, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот (Аллоҳ)га қасам, Саъд ибн Муознинг жаннатдаги рўмолчаси бундан аълодир», дедилар”[5].

Саҳл ибн Саъд Соидий разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаннатдаги бир қамчи (сиғадиган) жой дунё ва ундаги барча нарсадан яхшидир”, дедилар[6].

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисда: “Жаннатда шундай бир дарахт бор, отлиқ киши унинг сояси остида юз йил юриб ҳам босиб ўтолмайди”, дейилган[7].

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирингизнинг жаннатдаги камон ўқи дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқдир!” дедилар[8].

Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Жаннат аҳли тепаларидаги олий даража соҳибларини худди сиз осмонда машриқ ёки мағриб томондаги порлоқ юлдузни кўрганингиз каби кўриб туради. Бу улар ўрталарида (фазилатдаги) тафовут сабаблидир”. Саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, бу бошқалар эриша олмайдиган пайғамбарлар мартабасими?” деб сўрашган эди, у зот “Ҳа, жоним қўлида бўлган Зот (Аллоҳ)га қасам, Аллоҳга иймон келтирган ва пайғамбарларни тасдиқлаган кишиларнинг ҳам мартабасидир”, дедилар[9].

[1] Бухорий (“Фатҳ ал-Борий”, 6/318) ривояти.

[2] Бухорий (“Фатҳ ал-Борий”, 6/318) ривояти.

[3] Бухорий (“Фатҳ ал-Борий”, 6/319) ривояти.

[4] Бухорий (“Фатҳ ал-Борий”, 6/319) ривояти.

[5] Бухорий (“Фатҳ ал-Борий”, 6/319) ривояти.

[6] Бухорий (“Фатҳ ал-Борий”, 6/319) ривояти.

[7] Бухорий (“Фатҳ ал-Борий”, 6/319) ривояти.

[8] Бухорий (“Фатҳ ал-Борий”, 6/320) ривояти.

[9] Муттафақун алайҳ.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг