Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Ямома уруши қаҳрамонлари ва шаҳидлари

0

Ямома уруши қаҳрамонлари

Абу Уқайл Абдураҳмон ибн Абдуллоҳ ал-Балвий ал-Ансорий ал-Авсий

Ямома жанги куни илк жароҳатланганлардан бири Абу Уқайл бўлди. Камон ўқи унинг икки елкаси ўртасига тегди. Жароҳати ҳалокатли даражада бўлмаса-да, чап томонини қимирлата олмай қолди. Уни мусулмонларнинг қароргоҳига олиб келишди. Уруш қизигандан қизиб, Бани ҳанифаликлар қўли баланд кела бошлади. Мусулмонлар чекинишга тушдилар. Маън ибн Адий ансорларга хитоб қилиб: «Эй ансорлар, Аллоҳдан қўрқинглар, ортга қайтиб, душманга қайтадан ҳамла қилинглар!» деб ҳайқира бошлади. Абу Уқайл жароҳати оғирлигидан беҳол ётганига қарамай, унинг чақириғига жавобан ўрнидан туриб, жанг майдонига қайтмоққа уринди. Атрофидагилар унга: «Йўқ, Абу Уқайл, борма, жароҳатинг оғир, урушишга ярамайсан», дейишди. «Ахир жарчи менинг отимни айтиб чақирмоқда», деди у. «Жарчи “эй ансорлар” деди, ярадорларни қасд қилмади», дейишди. Абу Уқайл: «Мен ансорийман, ўрмалаб бўлса ҳам, чорловга жавоб бера оламан», деди, сўнг соғ қўлига қиличини маҳкам тутиб: «Эй ансорлар, Ҳунайн кунидаги каби жангга қайтинглар!» деб қичқира бошлади. Ансорлар унинг атрофида йиғилиб, барчалари шаҳидлик ва зафар қозониш истаги билан тўлиб-тошиб жангга қайта шўнғидилар, ҳатто душманни ортга чекинтириб, боққача қувиб бордилар. Шу жангда Абу Уқайлнинг қўли узилиб кетди, танасининг ўн тўрт жойидан жароҳат олди. У сўнгги нафасларини олиб ётар экан, ёнидан Ибн Умар ўтиб қолди ва: «Эй Абу Уқайл», деб чақирди. «Лаббай, – деди Абу Уқайл, сўнг заиф овозда сўради: – Охири қандай бўлди?» Ибн Умар: «Хурсанд бўл, Аллоҳнинг душмани ўлдирилди», деди. Абу Уқайл Аллоҳга ҳамд бўлсин, деб бармоғини юқорига кўтарди.

Умар розияллоҳу анҳу Абу Уқайл ҳақида шундай деган эди: «Аллоҳ уни раҳматига олсин, мудом мақсади шаҳидликка эришиш эди. У Пайғамбаримизнинг энг яхши асҳобларидан эди»[1].

Нусайба бинти Каъб ал-Мозиния ал-Ансория

Мадиналик ансорлардан бўлган бу саҳоба аёл Холиднинг Ямомага бораётган қўшини сафига кирди. У мазкур жангда бевосита иштирок этди ва то Бани Ҳанифанинг дажжоли ўлдирилмагунича қўлидан қуролини қўймасликка қасам ичди. Мусайлима ўлдирилганидан сўнг Мадинага қайтди. У ўн икки жойидан жароҳат олган эди. Бу жароҳатлар ушбу мужоҳид саҳобия учун шараф белгисига айланди. Нусайба, одатда, аёлларга оғирлик қиладиган ишларни зиммасига олди ва дини-ю ақидасини ҳимоя қилишда жинсдошларига гўзал намуна бўлди. Холид ибн Валид шу жангдан кейин унга қаттиқ эҳтиром кўрсатди ва уни ўз ҳомийлиги остига олди. Нусайба розияллоҳу анҳо айтади: «Уруш тугаб, манзилимга қайтганимдан сўнг Холид ибн Валид менга табиб келтирди ва жароҳатларимни доғланган мой билан куйдириб даволаттирди. У менинг ҳолимдан доим хабар олиб турди, бизга жуда яхши муносабатда бўлди. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биз ҳақимиздаги васиятларини адо этарди”[2].

Ямома урушида шаҳид бўлганлар

Ўлимидан сўнг қилган васияти ижро этилган саҳоба Собит ибн Қайс ибн Шаммос

Собит ибн Қайс ансорларнинг хатиби бўлиб, куняси Абу Муҳаммад эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга шаҳидлик хабарини берган эдилар. У Ямома куни шаҳидликка эришди. Ўша куни ансорларнинг байроқдори бўлган эди. Шаҳид бўлганидан сўнг бир кишининг тушига кириб, унга шундай деди: «Кеча мен қатл этилганимдан сўнг мусулмонлардан бир киши ёнимдан ўтаётиб, устимдаги қимматбаҳо совутимни ечиб олди. Унинг манзили лашкаргоҳнинг фалон жойида, чодири олдида фалон кўринишли от бор, у совутнинг устига бир қозонни тўнтариб, устига эгар-жабдуқ ташлаб қўйган. Сен Холидга бориб айт, совутимни ундан олсин. Мадинага борганингда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳузурига бориб, унга айт, зиммамда фалон миқдорда қарзим бор, фалончи исмли қулимни озод этдим. Бу кўрганим бир туш-да, деб бепарволик қилма». Ҳалиги одам Холидга бориб, кўрган тушини айтиб берди ва Холид совутни у айтган жойдан топди. Сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳу ёнига қайтгач, унга Собитнинг гапларини етказди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Собитнинг ўлимдан кейин қилган васиятини адо этди. Ўлимидан сўнг қилган васияти ижро этилган бошқа бирон киши маълум эмас[3].

[1] Шавқий Абу Халил, “Ҳурубур-ридда” (93-бет).
[2] “Ал-ансор фил-асрир-рошидий” (190-бет).
[3] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (6/339).

Изоҳ қолдиринг