Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Ямома уруши қаҳрамонлари ва шаҳидлари (2)

0

Зайд ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу

Бу қаҳрамонимиз Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг акаси бўлиб, Исломни илк даврларда қабул қилган, Бадр жангида ва ундан кейинги урушларда қатнашган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у билан Маън ибн Адий Ансорийни биродар қилиб қўйган эдилар. Ҳар иккиси Ямомада шаҳид бўлди. Ўшанда муҳожирлар байроғи Зайднинг қўлида эди. У фақат олға интилиб, асло ортга чекинмасдан шаҳид бўлди. Ундан сўнг байроқ Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солим қўлига ўтди.

 Ямома куни Зайд ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Бани Ҳанифа учун фитнаси Мусайлима фитнасидан ҳам қаттиқ бўлган кимсани – Ражжол ибн Унфувани ўлдирди.

Зайд ибн Хаттобни Ямома урушида Абу Марям Ҳанафий исмли кимса ўлдирган эди. У кейинроқ Исломни қабул қилди. У Умар розияллоҳу анҳуга бундай деган эди: “Эй мўминлар амири, Аллоҳ таоло Зайдни менинг қўлимда иззатга эриштирди, мени унинг қўлида хорликка гирифтор этмади”.

Умарга акасининг вафоти хабари келганида бундай деган эди: “Аллоҳ акам Зайдни раҳматига олсин, у мендан олдин мусулмон бўлди, мендан олдин шаҳидликка эришди”.

Мутаммим ибн Нувайра акаси Молик ибн Нувайра шаънида марсия ўқиганида Умар унга: “Агар мен ҳам шеърга моҳир бўлганимда акамга шундай марсия бағишлаган бўлардим”, деди. Мутаммим унга: “Агар менинг акам ҳам сенинг аканг кетган йўлда кетганида эди, мен асло унинг ўлимига ғамгин бўлмас эдим”, деди. Шунда Умар унга: “Бирон кишининг таъзияси менга сенинг шу сўзларингча тасалли бермаган эди”, деди[1].

Маън ибн Адий ал-Балвий

Бу саҳоба Ақаба байъатида, Бадр, Уҳуд, Хандақ ва бошқа урушларда қатнашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у билан Зайд ибн Хаттобни биродар қилиб қўйган эдилар. Ҳар иккиси Ямома куни шаҳид бўлди, Аллоҳ улардан рози бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида одамлар йиғлаб: “Кошки у зотдан олдин ўлиб кетганимизда эди, энди у зотдан кейин фитнага йўлиқишдан қўрқамиз”, дейишди. Шунда Маън ибн Адий бундай деди: “Лекин мен у зотдан олдин ўлган бўлишни истамасдим. Қасам ичаман, мен у зотга тирикликларида қандай ишониб эргашган бўлсам, ўлганларидан кейин ҳам худди шундай қиламан”[2].

Абдуллоҳ ибн Суҳайл ибн Амр

Абдуллоҳ ибн Суҳайл ибн Амр Исломнинг илк даврларида мусулмон бўлган, (Ҳабашистонга) ҳижрат қилган, сўнгра Маккада мушрикларнинг қаттиқ азиятларига йўлиққан. Бадр урушида мажбур мушриклар сафида чиққан. Уруш бошлангач, мусулмонлар томонга қочиб ўтган.

У Ямома урушида ўлдирилди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Маккага ҳаж учун борганида унинг отасига таъзия билдирди. Отаси Суҳайл: «Эшитишимча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Шаҳид оиласидан етмиш кишини шафоат қилади”, деган эканлар[3]. У биринчи бўлиб менга шафоатчи бўлишини умид қиламан», деди[4].

Суҳайл ибн Амр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида Маккада одамлар Исломдан қайтиб, муртад бўлиш арафасига келиб қолганида мардонавор туриб берди. Ҳатто Макка волийси Аттоб ибн Усайд ҳам одамларни бошқара олмай, саросимага тушиб қолган ва кўзлардан яшириниб олган эди. Шунда Суҳайл ибн Амр туриб, Аллоҳга ҳамду сано айтди, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафот этганларини айтиб: “Бу ҳодиса Исломнинг куч-қудратини асло камайтирмади, аксинча, оширди. Билиб қўйинглар, ким диндан қайтса, биз уни ўлдирамиз”, деди. Шундан сўнг одамлар ўзларига келиб, муртад бўлиш фикридан қайтишди. Бу эса, Умар розияллоҳу анҳу Бадр куни асирлар ичида турган Суҳайлни кўрсатиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Эй Аллоҳнинг расули, рухсат беринг, унинг тишларини суғуриб олай, то бундан кейин сизга қарши гапира олмасин”, деганида у зот: “Уни ўз ҳолига қўй, келажакда у сен айблай олмайдиган бир мақомда туриши мумкин”, деган сўзларида кўзда тутган мақом бўлса керак.

 

[1] “Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 6/240
[2] Ўша манба, 6/343.
[3] Сунан Абу Довуд (2522).
[4] “Тарих аз-Заҳабий, ал-хулафоур-рошидийн” (61-бет).

Изоҳ қолдиринг