Қиёматнинг катта аломатлари: Исо алайҳиссаломнинг тушиши (6)

0

Олтинчи масала: Исо алайҳиссалом замонида бўладиган ишлар

  1. Масиҳ Дажжол ўлдирилиши

Аввалроқ айтиб ўтганимиздек, мусулмонлар Дажжолга қарши урушга ҳозирланиб турган бир пайтда Аллоҳнинг пайғамбари Исо ибн Марям алайҳиссалом тушади. Ўша пайт намоз вақти бўлишини, Исо ибн Марям алайҳиссалом солиҳ кишига иқтидо қилиб намоз ўқишини ҳам билдик. Дажжол Исо алайҳиссалом тушганидан хабар топгач, қочади. Шунда Аллоҳнинг пайғамбари уни Байтул Мақдисгача қувлаб боради ва ўша ерда Дажжолга етиб олади. Бу пайтда мусулмонлардан бир жамоаси уни қамалга олган бўлади. Шунда Исо алайҳиссалом уларга эшикни очишни буюради ва улар шундай қиладилар. Эшик ортида турган Дажжол эшик очилгач яна қоча бошлайди. Исо алайҳиссалом уни қувиб бориб, шарқий «Луд» дарвозасига етганда қўлга туширади. Сўнг уни ҳам, унга эргашган яҳудийларни ҳам ўлдиради.

Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Мусулмонларнинг имоми тонг вақтида бомдод намозини ўқиб бериш учун олдинга ўтганида Исо ибн Марям тушиб келади. Шунда имом Исони имомликка ўтказиш учун ортига тисарилади. Исо қўлини унинг елкасига қўйиб, унга: “Олдинга ўт, намозни ўқи. Зеро, иқомат сен учун айтилган”, дейди. Шундай қилиб имом намозни ўқиб беради. Намоз тугагач, Исо: “Дарвозани очинглар!”, деб буюради. Дарвозани очишса, ортида Дажжол етмиш минг нафар яҳудий билан турган бўлади. Барчалари (тилла-кумуш ёки қимматбаҳо тошлар билан) безатилган қилич таққан ва яшил кийим (яктак) кийган бўлишади. Дажжол у кишини кўрганида сувда эриган туздек эриб, қоча бошлайди. Шунда Исо алайҳиссалом: “Мен сенга зарба беришим керак, сен ундан қочиб қутула олмайсан”, дейди. Шарқий “Луд” дарвозаси олдида унга етиб олиб, ўлдиради. Аллоҳ яҳудийларни мағлуб этади. Яҳудий беркинмоқчи бўлган ҳар қандай мавжудот: тош, дарахт, девор ёки ҳайвон борки, албатта тилга кириб сўзлайди. Фақат «ғарқад» сўзламайди, чунки у яҳудийларнинг дарахтларидандир. Қолган барча нарса: “Эй Аллоҳнинг мусулмон бандаси, мана яҳудий, кел, уни ўлдир”, дейди…»[1].

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «…Улар (яъни, мусулмонлар) урушга тайёргарлик кўриб, сафларни текислаб турган пайтларида намозга иқомат айтилади. Шу пайт Исо ибн Марям алайҳиссалом тушиб келади. Аллоҳнинг душмани (яъни Дажжол) у кишини кўрган заҳоти сувда эриган туз каби эриб кетади. Агар (Исо алайҳиссалом) индамаганида, шу эришида ўлиб кетар эди. Бироқ Аллоҳ уни Исо алайҳиссаломнинг қўли билан ўлдиради ва у найзасидаги Дажжолнинг қонини одамларга кўрсатади»[2].

Шундай қилиб, Исо ибн Марям алайҳиссалом осмондан тушганидан кейин қиладиган биринчи иши Дажжол билан тўқнашиш, уни ва унга эргашган яҳудларни яксон этиш бўлади.

  1. Яъжуж ва маъжужнинг тор-мор этилиши

Яъжуж ва маъжуж қавмининг чиқиши қиёматнинг катта аломатларидан бири бўлиб, бу аломат ҳақида келгусида сўз юритамиз. Уларни бу ерда зикр қилишдан мурод Исо алайҳиссалом Дажжол ва унинг фитнасига барҳам берганидан кейин бу тўданинг ерда катта бузғунчилик қилишини баён этишдир. Аллоҳнинг пайғамбари Исо алайҳиссалом ва мусулмонлар Аллоҳ таолога қаттиқ илтижо қилганларидан кейин Аллоҳ бу тўдани ўта ёмон суратда ҳалок этади. Улардан бирор кимса қолмай, барчалари ўлиб-битади. Бу ҳақда келгусида яъжуж ва маъжуж мавзусида батафсил баён қилинади, иншооллоҳ.

  1. Барча шариатларга барҳам бериб, Ислом билан ҳукм қилиши

Исо алайҳиссалом самодан тушганида Ислом шариатига эргашган ҳолатда бўлади, Аллоҳнинг Китоби ва Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатлари асосида ҳукм юритади. Шундай қилиб Исломдан бошқа одамлар устидан ҳукмрон бўлган барча шариатларга барҳам беради. Зеро, бу Ислом динида барча билиши шарт бўлган маълум ишлардан бири саналиб, унга кўра Ислом шариати ўзидан аввалги барча шариатларни бекор қилгандир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло барча пайғамбарлардан агар улар тириклик пайтларида Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам юбориладиган бўлса, у зотга иймон келтириш ва эргашиш тўғрисида аҳду паймон олган. Аллоҳ таоло Қуръонда айтади: «Эсланг (эй Пайғамбар), Аллоҳ (субҳонаҳу ва таоло) барча пайғамбарлардан қатъий аҳд-паймон олган эди: “Агар Мен сизларга китоб ва ҳикмат берсам, кейин сизларга (Менинг ҳузуримдан) ўзингиздаги таълимотларни тасдиқловчи бир пайғамбар келса, албатта унга иймон келтирасиз ва ёрдам берасиз. Сизлар шунга иқрормисиз, (буни эътироф этдингизми ва) шу нарса устида Менга қатъий аҳду паймон берасизми?” деганида, улар: “Ҳа, биз бунга иқрор бўлдик”, дедилар. “Ундай бўлса, (бир-бирингизга) гувоҳ бўлингиз, (умматларингиз устида ҳам сизлар гувоҳ бўлинг,) Мен ҳам сизлар билан бирга (ўзингиз ва умматларингиз устида) гувоҳларданман”, деди» (Оли Имрон, 81).

Шунинг учун Исо алайҳиссалом хочни синдиради, тўнғизни ўлдиради, жизяни бекор қилади, бирор кимсадан Исломга бўйсуниш ёки қатлдан бошқасини қабул этмайди. Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бир гуруҳ одамларнинг фикрича, Исо алайҳиссалом тушиши билан одамлардан шариатга амал қилиш мажбурияти соқит бўлади. Чунки шундай дейилмаса, у киши Аллоҳ тарафидан буйруқ ва қайтариқ етказиши сабабли ўша замон одамларига пайғамбар бўлиб қолади. Албатта, бу фикр биз зикр қилган ҳадислар билан рад этилади… Шунингдек, Аллоҳ таолонинг «Балки (Муҳаммад)…пайғамбарларнинг охиргисидир» (Аҳзоб, 40), деган сўзи, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «…мендан кейин бирор пайғамбар йўқ»[3] ва «…мен «оқиб» (сўнгги пайғамбар)ман»[4], деган сўзлари ҳам бу фикрни кескин рад этади. Исо алайҳиссалом тушади дегани Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатларидан бошқа янги бир шариат билан келади, дегани эмас. Балки у зот тушганида Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган кишилардан бири бўлиб тушади. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар разияллоҳу анҳуга: «Агар Мусо тирик бўлганида менга эргашишдан бошқа чораси қолмас эди»[5], деганлар. Демак, Исо алайҳиссалом фақат Ислом шариатини тасдиқловчи ва уни янгидан жорий этувчи бўлиб тушади. Чунки у шариатларнинг энг сўнггиси, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам эса пайғамбарларнинг энг охиргисидирлар»[6].

(Давоми бор)

[1] Ибн Можа «Сунан»ида (2/1361, 4077-ҳадис), Ҳоким «Мустадрак»да (4/436) ривоят қилган ва: «Бу ҳадис Муслимнинг шартига кўра саҳиҳдир, бироқ уни Бухорий ва Муслим ривоят қилмаганлар», деган. Заҳабий Ҳокимнинг бу фикрини маъқуллаган.

[2] Муслим, 2897.

[3] Бухорий (3268), Муслим (1842) ва бошқалар ривояти.

[4] Бухорий (3339), Муслим (2354) ва бошқалар ривояти.

[5] Аҳмад (3/387) ва Доримий (435) ривояти. Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳ ал-Борий»да (13/334): «Ровийлари ишончли кишилар, фақат Мужолидда заифлик бор», деган.

[6] «Ат-тазкира», 2/792.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг