Дард ва даво (44): Гуноҳнинг касофати (4) Гуноҳ гуноҳни чақиради

0

10. Гуноҳ гуноҳни чақиради

Дарҳақиқат, бир гуноҳ бошқа бир гуноҳни келтириб чиқаради, бири бошқасини пайдо қилади. Натижада банда гуноҳларни тарк қилиши, уларнинг домидан чиқиб кетиши қийин бўлиб қолади.

Салаф солиҳларимиздан бири бундай деган экан: “Ёмонликнинг жазоси унинг ортидан келадиган бошқа бир ёмонликдир. Яхшиликнинг мукофоти унинг ортидан келадиган бошқа бир яхшиликдир”.

Банда бир яхшилик (савоб иш) қилса, ёнидаги бошқа яхшилик: “Мен ҳам қолиб кетмай”, дейди. Уни ҳам қилса, яна бошқаси “Мен ҳам”, дейди. Шу тариқа банданинг охиратда олажак фойдалари ва ажр-савоблари кўпайиб бораверади. Ёмонликларда ҳам худди шу ҳол юз беради. Бора-бора тоат-ибодатлар ёки гуноҳ-маъсиятлар банда қалбида мустаҳкам ўрнашиб, ундан ажралмас сифатга,  доимий одатга айланади. Масалан, тоат-ибодатга ўрганган банда тоат-ибодатдан узоқлашса, юраги сиқилиб, дунё кўзига тор кўриниб, ўзини сувсиз қолган балиқдек ҳис қила бошлайди. Тоат-ибодатга қайтсагина, қалби яна тинчланиб, кўзи қувнай бошлайди.

Гуноҳ қилишга муккасидан кетган банда гуноҳдан тийилиб, тоат-ибодатга юзланса, то қайта гуноҳ қилмагунча, юраги сиқилиб, кўнглига ҳеч нарса сиғмай, бирон ишга қўли бормай қолади. Шу даражадаки, кўпчилик гуноҳдан боши чиқмайдиган фосиқ кимсалар лаззатланиш мақсадида ёки кўнгли тусагани учун гуноҳга қўл урмайди. Балки ўша гуноҳни қилмаса алам-изтиробга тушиб, қийналиб қолишдан қочиб гуноҳга қўл уради. Буни фосиқ кимсалар йўлбошчиси Ҳасан ибн Ҳонеъ қуйидаги сўзларида очиқча ифода этган:

Биринчи қадаҳни сипқордим,
танимга лаззат, хўп раводир.

Бошқасини кўтардим хушламай,
Нетай, бош оғриққа даводир.

Яна бошқа бири айтади:

Ароқхўрга ароқ даво бўлган янглиғ,
Дардимга дарддан ўзга даво топмадим.

Банда бир ибодатда сабр билан бардавом бўлиб, уни доимий одатига айлантирса, унга муҳаббат қўйиб, бошқа ишлардан устун қўйса, Аллоҳ таоло Ўз марҳамати ила унга фаришталарни юборади. Улар бандани ибодатга ундайди, тарғиб қилади, ўтирган ё ётган жойидан ибодатга тургизади. Шунингдек, гуноҳкор банда гуноҳда бардавом бўлса, уни яхши кўриб, бошқа ишлардан устун қўйса, Аллоҳ таоло унга шайтонларни юборади. Улар банда қалбини гуноҳ-маъсиятлар сари қўзғатади.

Қарабсизки, биринчи банда тоат-ибодат қўшини бўлмиш фаришталарни кучайтирди. Натижада унга ёрдам берадиган энг кучли қўшинга айландилар. Иккинчи банда эса гуноҳ-маъсият қўшини бўлмиш шайтонларни кучайтирди. Натижада унинг зарарига хизмат қиладиган қўшинга айландилар.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг