Қиёматнинг катта аломатлари: Исо алайҳиссаломнинг тушиши (7)

0
  1. Одамлар орасидан адоват ва гина-кудуратнинг кўтарилиши, омонлик ва фаровонликнинг ёйилиши

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Исо алайҳиссалом замонида бўлишини хабар берган ишлардан яна бири одамлар орасидан душманчилик, ўзаро адоват ва ҳасад каби иллатлар кўтарилади, барчанинг сўзи Ислом устида жамул-жам бўлади. Хайру барака ёғилади, ер ўсимликларини ундиради, мол-дунё ошиб-тошганидан кимса уни жамғариш ҳақида ўйламай қўяди. Аллоҳ ҳар қандай заҳарли жонзотнинг заҳарини олиб қўяди, ҳатто ёш болалар илон ва чаёнлар билан ўйнайди, улар болаларга зарар беролмайди. Қўй ва бўри бир яйловда юради, бўри қўйга тегмайди. Ер юзи тинчлик ва омонлик билан тўлади. Одамлар ўртасида уруш йўқлиги сабабидан отлар нархи арзонлашиб кетади, бутун ер юзи экин учун ҳайдалиши боис ҳўкизлар нархи кўтарилади.

Юқорида ўтган Наввос ибн Самъон ҳадисида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «…Сўнг Аллоҳ ёмғир ёғдиради. Ёмғир ғиштли уй бўлсин, кегиз уй бўлсин, ҳаммасига кириб боради. Ерни ювиб, ойнадек (силлиқ ва покиза) қилиб қўяди. Сўнгра ерга:«Меваларингни ундир, баракангни қайтар», дейилади. Ўша вақтда бир гуруҳ (одамлар) бир дона анорни еб (тўядилар) ва унинг пўстлоғи остида ҳаммалари сояланадилар. Аллоҳ таоло сутга барака беради. Ҳаттоки бир ҳомиладор туя (сути) бир гуруҳ одамга кифоя қилади. Ҳомиладор сигир (сути) бутун бошли қабила одамларига етади. Ҳомиладор қўй (сути) бир уруғ аҳлига етарли бўлади…»[1].

Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жумладан шундай дейдилар: «…Сўнг умматимда Исо ибн Марям одил ҳакам, адолатли раҳбар бўлади. Хочни синдиради, чўчқани бўғизлайди, жизяни бекор қилади. Садақа олишга эҳтиёж қолмайди. (Одамлар) қўйга ҳам, туяга ҳам интилмай қўядилар. Орадан адоват ва душманчилик кўтарилади. Барча заҳарли жонзотдан заҳари олиб қўйилади, ҳатто ёш бола қўлини илоннинг оғзига солса унга зарар етказмайди, қизча шернинг жиғига тегса ҳам унга зарар бермайди. Бўри қўйлар подасида қўриқчи ит каби бўлади. Идиш сувга тўлганидек, ер фаровонликка тўлади. Одамлар бир эътиқод устида жамланадилар, Аллоҳдан ўзгага ибодат қилинмайди. Уруш батамом тўхтайди. Қурайш подшоҳлик (ҳуқуқи)дан маҳрум этилади. Ер бамисоли кумуш хонтахта (ёки тоғора) каби бўлиб, Одам алайҳиссалом замонидан бери ётган барча ўсимликларини чиқаради. Ҳатто бир гуруҳ одамлар бир шингил узумга тўяди, бир тўп одамлар бир дона анорга тўяди. Ҳўкиз шундай-шундай (катта) пул туради, от эса сариқ чақага тенг бўлади…»[2].

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳга қасамки, Исо ибн Марям одил ҳакам бўлиб тушади… Жизяни бекор қилади. Ёш туялар тарк қилинади, ҳеч ким уларга интилмайди. Адоват, ёмон кўриш ва ҳасад қилиш йўқолади. Мол-дунё учун чақирилганда, ҳеч ким уни олмайди»[3].

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бунинг маъноси шуки, одамларда бойликка бўлган иштиёқ йўқолади. Одамлар мол-дунё кўплиги, орзу-умидлар камлиги, эҳтиёж йўқлиги, қиёмат яқин эканини билганлари туфайли бойлик тўплашни хоҳламайдилар. Айнан ёш туялар тилга олинишга сабаб улар араблар наздида туяларнинг энг яхшиси, молнинг энг қадр-қийматлиси саналади. Бу эса Аллоҳ таолонинг “Бўғоз туялар эътиборсиз ташлаб қўйилса…” (Таквир, 4) деган сўзининг маъносига ўхшаб кетади. “Ҳеч ким уларга интилмайди” дегани ҳеч ким уларга эътибор қаратмайди, деганидир»[4].

Еттинчи масала: Исо алайҳиссаломнинг вафоти ва дафн этилиши

Аллоҳ ва Пайғамбари саллаллоҳу алайҳи ва саллам тарафидан Исо алайҳиссалом қайси маконда вафот топишини баён қилган бирор далил келмаган. Лекин баъзи уламолар у киши Мадинаи набавияда вафот этишини айтишган. Шунингдек, у киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва икки ҳамроҳи (Абу Бакр ва Умар) разияллоҳу анҳумо ёнларига дафн этилади, деб ҳам айтилган.

Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтади: «(Исо алайҳиссалом) қаерга дафн этилиши борасида ихтилоф бўлди. Ҳалимий зикр қилишича, баъзилар муқаддас замин (Байтул мақдис)га дафн этилади, дейишган. Яна баъзилар эса, биз келтирган хабарларга таяниб, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига дафн этилади, дейишган»[5].

[1] Ҳадис тахрижи ўтди.

[2] Ибн Можа «Сунан»да (2/1361, 4077-ҳадис), Ҳоким «Мустадрак»да (4/436) ривоят қилган ва: «Бу ҳадис Муслимнинг шартига кўра саҳиҳдир, бироқ уни Бухорий ва Муслим ривоят қилмаганлар», деган. Заҳабий Ҳокимнинг фикрини маъқуллаган.

[3] Бухорий (3264), Муслим (155), Термизий (2233) ва бошқалар ривояти.

[4] «Шарҳу саҳиҳи Муслим», 2/192.

[5] «Ат-тазкира», 2/794. Қаранг: «Лавомеъ ал-анвор ал-баҳийя», 2/113.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг