Қиёматнинг катта аломатлари: Яъжуж ва маъжужнинг чиқиши (1)

0

Тўртинчи фасл

Яъжуж ва маъжужнинг чиқиши

Қиёматнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган катта аломатларидан бири яъжуж ва маъжужнинг чиқишидир. Бу аломат ҳақида сўзимиз қуйидаги масалаларни ўз ичига олади:

Биринчи масала: яъжуж ва маъжуж сўзининг келиб чиқиши ва уларнинг насл-насаби

Ушбу икки калима – «яъжуж» ва «маъжуж» сўзларининг келиб чиқиши (этимологияси) борасида турлича қарашлар бор.

Баъзиларнинг фикрича, бу икки сўз ажамий (арабча бўлмаган) исмлар бўлиб, шу боис улар грамматик жиҳатдан тўлиқ тусланишни қабул қилмайди. Шунга кўра, уларнинг этимологияси йўқ. Чунки ажамий сўзлар арабчадан чиқариб олинмайди.

Бошқа бировларнинг қарашича, бу икки сўз арабча исмлардир. Бироқ улар мазкур сўзлар айнан қайси арабча сўзлардан келиб чиқишида ихтилоф қилишди. Баъзилар «аланга» маъносини ифода этувчи арабча «ажийжун» сўзидан олинган, дейишса, бошқалар «ўта шўр сув» маъносини англатувчи «ужожун»дан олинган, дейишди. Учинчи бир гуруҳ «жадал югуриш» маъносини билдирган «ажжун»дан олинган десалар, тўртинчилари «аралашиш ва беқарорлик» маъносидаги «ужжатун» сўзидан олинган, дейишди.

Кўпчилик қироат имомлари уни Қуръонда ҳамзасиз «ёжуж ва можуж» деб ўқиган бўлсалар, Имом Осим қироатида эса, сукунли ҳамза билан «яъжуж ва маъжуж» деб ўқилади[1].

Хулоса шуки, мазкур икки исмнинг келиб чиқиши борасида билдирилган барча қарашлар яъжуж ва маъжужнинг ҳолатига муносибдир. Аллоҳ таолонинг: «Уларга (Бизнинг ваъдамиз келган) кунда (яъжуж ва маъжужни сони кўплигидан) бир-бирига аралашиб, мавжланган тўлқин ҳолида қолдирдик» (Каҳф, 99) ояти ушбу икки сўз «можа» (тўлқинланмоқ, қўзғалмоқ) феълидан олинганини тасдиқлайди. Бу ҳолат яъжуж ва маъжуж тўғонни ёриб чиққанларида содир бўлади[2].

Уларнинг насл-насаби борасида ихтилофлашдилар. Улар Одам алайҳиссалом зурриётидан эканлари айтилди.

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ тўғри деб билган фикрга кўра, улар Ёфас ибн Нуҳ авлодидан бўлган икки қабиладир[3].

Улар Одам Ато ва Момо Ҳаво авлодидандир. Буни Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадис ҳам қувватлайди: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло дейди:

– Эй Одам.

Одам алайҳиссалом айтади:

– Лаббай, эй Раббим, ҳамма яхшиликлар Сенинг қўлингдадир.

– Дўзахга юборилувчиларни ажратиб чиқар.

– Дўзахга юборилувчилар кимлар?

– Ҳар минг кишидан тўққиз юз тўқсон тўққизтаси жаҳаннамга, биттаси жаннатга.

Шунда ёш боланинг сочи оқариб кетади, ҳомиладор аёл қўрқувдан ҳомиласини ташлайди, одамларни маст-аласт ҳолда кўрасиз, ҳолбуки, улар маст эмаслар, лекин Аллоҳнинг азоби қаттиқдир».

Бу гап саҳобаларни жуда қийин аҳволга солиб қўйди.
Улар: «Эй Расулуллоҳ, қайси биримиз ўша бир киши?» деб сўрадилар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хурсанд бўлинглар. Тўққиз юз тўқсон тўққизтаси яъжуж ва маъжуждан, бир киши эса сизлардан», дедилар[4].

[1] Қаранг: «Лисон ал-араб», 2/207.

[2] Барзанжий. «Ал-ишоъа ли-ашрот ас-соъа», 324-бет.

[3] «Фатҳ ал-Борий», 13/106.

[4] Бухорий (6539) ва Муслим (222) ривояти.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг