Эркак кишининг узун соч қўйиши

0

Эркак кишининг узун соч қўйиши

الحمد لله رب العالمين والصلاة والسلام على سيد المرسلين

Саҳиҳ ҳадисларда келишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳолатларидаги ўзгаришга биноан турли кўринишда узун соч қўйганлар.

  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қулоқларининг юмшоғига қадар соч қўяр эдилар. Бундай соч араб тилида “вафра” дейилади. Баро разияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қулоқларининг юмшоғига етадиган сочлари бор эди” (Муттафақун алайҳи). “Саҳиҳи Муслим”даги ривоятда: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сочлари қулоқларининг ярмига етар эди”, дейилади.

  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қулоқлари билан елкалари ўртасига қадар етадиган узун соч қўяр эдилар. Бундай соч араб тилида “ламма” дейилади. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сочлари қулоқлари билан елкалари ўртасида эди” (Муттафақун алайҳи). Ойша разияллоҳу анҳо айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сочлари “вафра”дан узунроқ, “жамма”дан қисқароқ эди” (Абу Довуд ва Термизий ривояти).

  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сочлари елкаларига етадиган даражада узун эди. Бундай сочга араб тилида “жамма” дейилади. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сочлари елкаларига тегиб турар эди”. (Муттафақун алайҳи). Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сочлари кўпинча мана шундай ҳолатда бўлган.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам худди аёлларнинг одати сингари сочларини елкаларидан ҳам пастроқ қўйганлари суннатда  келмаган. Катта эҳтимол, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам агар сочлари елкаларидан ошса сочларини қисқартирганлар. “Сунан” китобларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сочларини турмаклаганлари тўғрисидаги ҳадиснинг санади саҳиҳ бўлмай, матнининг мазмуни эса саҳиҳ ҳадисларга тескаридир. Бухорий бу ҳадис санадида узилиш борлиги билан “иллат”ини баён қилганлар.

Изоҳ: бироқ шунга қарамасдан бу ҳадисни Ибн Ҳажар “Фатҳ ал-Борий” китобида “ҳасан” деган бўлса, Албоний “Мухтасар аш-шамоил”да саҳиҳ деган. Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ҳадис Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сочлари елкаларига яқин жойгача тушиб тургани у зотнинг аксар ҳолатлари бўлганига далолат қилади. Баъзан сочлари ўсиб кетганидан сочларини турмаклаб олганлар. Абу Довуд ва Термизий Умму Ҳонеъ разияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сочларини тўртта қилиб турмаклаб олган ҳолатларида Маккага кириб келдилар”. У зотнинг бу ҳолатларидан сафарга чиқиш ва шу каби ишлар билан банд бўлиб узоқ вақт сочларига қарай олмаган ҳолатлари назарда тутилган” (“Фатҳ ал-Борий”, 10-том, 360-бет, қисқартирилган ҳолда олинди).

 Шунингдек, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаж ва умрадан бошқа пайтда сочларини олганлари нақл қилинмаган.

Фуқаҳолар сочни узун қўйиш суннатми ёки мубоҳ экани хусусида икки хил фикр билдирганлар:

1– Сочни узун қўйиш суннатдир. Ҳанбалий мазҳабидаги машҳур фикр шу. Мирдовий “Ал-инсоф” китобида шундай дейди: “Мазҳабдаги тўғри фикрга кўра соч қўйиш мустаҳабдир. Мазҳабдаги уламолар ҳам шу фикрдалар”. Ибн Қудома ўзининг “Ал-муғний” асарида шундай дейди: “Соч қўйиш соч олиб юришдан афзал. Абу Исҳоқ айтади: “Абу Абдуллоҳ (Имом Аҳмад) соч қўйиб юрган киши тўғрисида сўралганида шундай жавоб қилди: “Яхши суннат, бизга ҳам имкони бўлганида соч қўйган бўлур эдик””. Бу фикр эгаларининг далили Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам узун соч қўйганларидир. У зотнинг ишлари суннатдир. Бундан ташқари Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ким соч қўйган бўлса сочини эъзозласин” (Абу Довуд ривояти). Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сочининг баъзисини олиб, баъзини қолдирган бир болани кўриб, уни бундай қилишдан қайтардилар ва шундай дедилар: “Ё (унинг сочини) ҳаммасини қириб ташланглар, ё ҳаммасини  қолдиринглар” (Абу Довуд ривояти).

2– Соч қўйиш мубоҳ иш, суннат эмас. Бу фикр эгаларидан айримларининг фикрича, сочни олиб юриш соч қўйишдан афзал. Бу Ҳанбалий мазҳабидаги бир қараш, Ҳанафий мазҳабидаги машҳур фикр, шунингдек, Ибн Абдулбар ва бошқа олимларнинг фикридир. Уларнинг далили шундан иборатки, Пайғамбар алайҳиссаломнинг соч қўйганлари урф-одат қабилидан бўлиб, бу борада у зотга эргашиш суннат бўлмайди. Соч қўйишнинг суннат эканига далолат қиладиган бирон сўз Пайғамбар алайҳиссаломдан нақл қилинмаган. Бундан ташқари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам соч олишга буюрганлари ва соч олишни маъқуллаганлари борасидаги ривоятни ҳам далил қиладилар. Абу Довуд ва Насоий Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келдим. Ўша кезда узун сочим бор эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мени кўргач: “Зубоб, зубоб (яъни машъум, машъум)”, дедилар. Шунда мен ортимга қайтиб сочимни қирқдим-да, эртаси куни яна ҳузурларига бордим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сени назарда тутмаган эдим, (лекин) буниси яхшироқдир”, дедилар”. Таҳовий “Мушкил ал-осор” китобида бундай дейди: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган бу ҳадисда соч олиш соч қўйишдан яхшироқ эканига аниқ далолат қилган ҳужжат бор. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшироқ деган нарсадан яхшироғи бўлмайди. Мана шу  яхшироғига амал қилиш ва унга қарши фикрларни тарк этиш вожибдир”.

Бу икки фикрдан қай бири тўғрироқ?

Тўғрироғи, қуйидаги сабабларга биноан, эркак кишининг соч қўйиши мубоҳдир, суннат эмас:

  1. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам соч қўяр эканлар, бу ишни урф-одат ва инсоний табиатдан келиб чиқиб қилганлари зоҳирдир. У зот қавмларининг урф-одатига кўра соч қўйганлар. Афтидан, бу иш уммат учун бирон кўрсатмани ифода этмайди ва шариат соч қўйиш ортидан ўнгдан бошлаш, кофирлардан ажралиб туриш ёки аёлларга ўзини ўхшатмаслик, ё бўлмасам бирон ёмон хулқ-атворга олиб борувчи воситани олдини олиш каби унинг ибодат эканини ифода этадиган бирон маънони мақсад қилгани кўринмайди. Борди-ю, бирон хатти-ҳаракат мана шундай мақсадлардан холи бўлса, у ҳолда бошқа ҳар қандай инсоний табиатдан келиб чиқиб қилинадиган ишлар қабилидан бўлиб, шариат унга бирон таклифий ҳукмни нисбат бермайди. Усул уламолари наздида маълумки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хатти-ҳаракатлари уч қисмга бўлинади: 1- шаръий хатти-ҳаракатлар, 2– инсоний табиатдан келиб чиқиб қилинган хатти-ҳаракатлар, 3– олдинги икки қисм ўртасидаги ихтилофли қисм. Мана шу учинчи қисм хусусида уни ҳар икки томонга тортувчи далиллар мавжуд бўлгани боис уламолар ихтилоф қилишган. Соч қўйиш масаласи ҳам мана шу учинчи қисмга киради. Модомики соч қўйиш шаръий мақсад ва маънолардан холи экан, уни шаръий хатти-ҳаракатлардан кўра, инсоний табиатдан келиб чиқиб қилинган хатти-ҳаракатлар сирасига қўшган маъқулроқдир.

  2. Бу борада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган ҳадисларнинг ҳеч бири соч қўйиш тўғрисида буйруққа далолат қилмайди. Улардан соч қўйиш мустаҳаблиги ҳам келиб чиқмайди. Балки бу ҳадислар муайян ҳолатларда йўл-йўриқ кўрсатиш юзасидан айтилган. “Ким соч қўйган бўлса сочини эъзозласин”, деган ҳадис узун сочли киши сочини тозалаши, ювиб-тараши ва унга эътибор қаратиши учун бир йўл-йўриқдир. Бу ҳадисда мусулмонларнинг узун соч қўйишига тарғиб йўқ. Демак, бу ҳадисдан сочи узун киши тозаликка, чиройли кўринишга эътибор бериши олинади. Зеро, сочли одам сочини эъзозлаши суннатдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Қатодани ҳам шу ишга буюрган эдилар. Насоий “Сунан”да Абу Қатода разияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, “Абу Қатоданинг елкаларига етадиган қуюқ сочи бор эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сочи ҳақида сўраганида, сочига яхши эътибор бериб, уни ҳар куни тарашга буюрдилар”. Ҳадиснинг баъзи ривоятларида шундай дейилади: “Эй Расулуллоҳ, мени елкамга тушадиган сочим бор, уни тарасам бўладими?”, дедим. “Ҳа, сочингни эъзозла”, дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. У зотнинг мана шу сўзлари боис, Абу қатода гоҳида сочига бир кунда икки бор хушбўйликлар суртар эди”.

Шунингдек, “Ё (унинг сочини) ҳаммасини қириб ташланглар, ё ҳаммасини  қолдиринглар” деган ҳадисда ҳам соч қўйиш суннат эканига ҳеч бир далолат йўқ. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу гапни кокил қўйган кишига раддия тарзида, мусулмон кишига жоиз бўлгани – ё сочининг ҳаммасини олиши ёки ҳаммасини кесмасдан қолдириши эканини баён қилиш учун гапирганлар. Аммо сочни баъзи жойларини олиб, қолганини ўстириб юриш, бир жиҳатдан инсон ўзини яҳудларга ўхшатиши бўлса, иккинчи томондан бу “мусла” – ташқи қиёфани хунуклаштириш ҳисобланади. Ҳадисдан зоҳир бўлишича, Пайғамбар алайҳиссалом соч қўйишнинг ҳукмини ва унинг суннат эканини баён қилишни мақсад қилмаганлар. Аксинча, ҳадисда сочни узун қўйиш суннат эмаслигига далил бор. Чунки соч қўйиш суннат бўлганида сочни олиш ёки қўйиш ихтиёрини бермаган, балки соч қўйишни маслаҳат берган бўлур эдилар.

  1. Соч қўйишнинг ҳукми мубоҳ эканини қўллаб-қувватлайдиган нарсалардан яна бири Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаж ва умра ибодатларида соч олганларидир. Агар соч қўйиш мутлақ суннат бўлганида сочларини олмаган ва доимо ўстириб юрган бўлур эдилар. Шариат ҳаж ва умра ибодатида соч олиш ва қисқартиришга тарғиб қилиши бундан бошқа пайтларда соч қўйишнинг суннат эмас, балки мубоҳ амал эканини кўрсатади.

  2. Шариатда соч қўйиш худди соқол қўйиш каби, қилса савоб бўладиган ишлардан бўлганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматни бу ишга чорлаган ёки унинг тоат эканига далолат қиладиган бирон сабаб-иллатни баён қилган бўлар эдилар. Бироқ у зотдан бу борада бирон ҳадис келмаган, аксинча, Жаъфар ибн Абу Толиб вафотидан сўнг унинг фарзандларининг сочини олганлари ҳамда Воил ибн Ҳужрнинг узун сочини олгани у зотга манзур бўлгани ривоят қилинган. Умуман олганда инсон танасидаги тукларнинг ҳукми уч хилдир:

  • Соқол каби шариат қолдиришга буюрган туклар.

  • Инсон аврати, қўлтиқ ва мўйлабдаги туклар каби шариат олишга буюрган туклар.

  • Қўл ва оёқдаги, соч ва тананинг бошқа жойларидаги туклар каби шариат сукут қилган, бирон ҳукм баён қилмаган туклар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, узун соч қўйиш, аслида унга бирон савоб ёки жазо тааллуқли бўлмаган мубоҳ-жоиз амалдир. Демак, модомики шаръий жиҳатдан мақташ ёки қоралашга далолат қиладиган бирон ҳолат юзага келмас экан, узун соч қўйиш ёки аксинча, соч олиш тоат ҳам, гуноҳ ҳам бўлмайди. Шу боис, ҳаж ва умра ибодатларида соч олиш мустаҳаб бўлса, ундан бошқа ҳолатларда тоат-ибодат мақсадида соч олиш ҳаромдир. Шунингдек, инсон ўзини уларга ўхшатишидан қайтарилган кимсаларга ўхшатиб узун соч қўйиши ҳаром бўлганидек, урф-одатга мувофиқ равишда узун соч қўйиш мубоҳ, балки баъзан мустаҳабдир.

Узун соч қўйган одамлар икки тоифадирлар:

Биринчиси: Аллоҳга тоат-ибодат қилиш мақсадида соч ўстирган, юриш-туришида солиҳлик сиймоси зоҳир бўлган кишилар. Бу тоифанинг иши, модомики икки нарсага риоя қилинадиган бўлса, мақтовга сазовор, савоб умид қилинадиган ишдир:

1– Бу иши билан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишни мақсад қилиши. Чунки умуман олганда Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳар бир ишларига эргашиш яхши амалдир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Эй мўминлар),  сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг Пайғамбарида гўзал ибрат бордир” (Аҳзоб, 21).

2– Узун соч қўйишда маҳаллий халқ урф-одатига қарши чиқиш ёки узун соч қўйиш фосиқларнинг шиори бўлиши каби бирон шаръан ножўя хатти-ҳаракат бўлмаслиги. Агар киши яшаб турган жойидаги урф-одат узун соч қўймаслик бўлса, у ҳолда бу ишга қўл уриши макруҳдир. Негаки, у узун сочи билан халқдан ажралиб қолади ва бу ҳолат халқда унга нисбатан турли шубҳалар туғдиришига сабаб бўлади. Борди-ю, узун соч қўйиш фосиқларнинг одати бўлса, у ҳолда ўзини уларга ўхшатиши ҳаром бўлади. Салафи солиҳлар бу нарсани қаттиқ қоралаганлар. “Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ жума куни масжид дарвозаларига қўриқчиларни тургизиб қўяр, улар ҳаддан ташқари сочи ўсиб кетган бирон кишини кўрсалар сочини кесиб ташлар эдилар” (Ибн Абу Шайба ривояти). Ибн Абдулбар шундай дейди: “Асримиздаги одамлар ичида фақат биздаги аскарларгина узун соч қўядиган бўлиб қолди. Уларнинг  қулоқлари ва елкаларига тушиб турадиган сочлари бор. Ҳаё, тақво ва илм эгаларида эса узун сочни кўрмайсиз. Ҳаттоки, бу уларнинг аломатига айланиб қолди. Бугунги кунга келиб узун соч қўйиш қарийб мурувватсиз кишиларнинг белгисига айланди. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан:Ким ўзини бирон қавмга ўхшатса, бас у ўшалардан ёки улар билан бирга маҳшарда йиғиладидеганлари ривоят қилинган”. Ибн Муфлиҳ “Шаръий одоблар” асарида шундай дейди: “Агар халқ ичида узун соч билан танилиш мурувватсизлик ёки масхара ва кулгига учраш ва шу каби салбий оқибатларга олиб бормасагина (узун соч қўйиш жоиздир), деб айтилиши лозим. Имом Аҳмаднинг гапидан келиб чиқадиган хулоса ҳам шу”.

Хулоса шуки, Пайғамбар алайҳиссаломга эргашиш мақсадида соч ўстирган, бироқ юқорида айтиб ўтилган ишларга риоя қилмаган одам, тоат-ибодат қиламан деб ўзи билмаган равишда ножўя ишга қўл урган ва шариатнинг мақсадига хилоф иш тутган ҳисобланади. Бу нарса тоат-ибодат истаган кишидан шариатнинг мақсад ва ғояларини яхши англаб етиши, ҳар хил ҳолатларни ҳисобга олиши ва суннатнинг маъно ва мазмунини чуқур идрок этишини талаб қилади.

Иккинчиси: кофирларга тақлид қилиб, ўзини аёлларга ўхшатиб ёки уларни ўзига қаратиш, уларга чиройли кўриниш ва шу каби ёмон мақсадларда соч ўстирган киши. Бундай хатти-ҳаракат шариатда қораланган бўлиб, бу ишни қилган одам гуноҳкор бўлади. Қолаверса, бу одам узун сочидан гуноҳ ишлар йўлида фойдаланиши мумкин. Ҳаром ишни қилиш учун ишга солинган ҳар бир мубоҳ ишнинг ҳукми ҳам ҳаромга айланади. Негаки, восита  ғоя ва мақсаднинг ҳукмини олади. Мусулмон киши ўзини кофирларга, аёлларга ва фосиқларга ўхшатишидан қайтарган кўплаб ҳадислар мавжуд.

Ва ниҳоят, ғарбдан таъсирланган ёшларга Аллоҳга тавба қилишлари, сочларини қисқартириб, энг замонавий модаларга тақлид қилишдан тийилишларини тавсия қиламиз.

Шунингдек, ибодатли биродарларимизни ҳам халқ ичидаги солиҳ кишилар урф-одатига риоя қилиб, фосиқларга ва солиҳ кишилардан ажралиб қолган кимсаларга ўзларини ўхшатишдан эҳтиёт бўлиб, сочларини қисқартиришларини, шариатнинг мақсад ва ғояларини чуқур ўрганиб, бу борадаги катта уламоларнинг фикрига мурожаат қилишларини тавсия қиламиз. Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Узун соч қўйишнинг зиёни йўқ. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гоҳида елкаларига тушиб турадиган узун сочлари бўлар эди. Узун соч қўйиш аслида жоиз. Бироқ шунга қарамай, узун соч қўйиш урф-одатга боғлиқ иш. Агар одатда узун сочни одамлар урф-одатига риоя қилмайдиган муайян пасткаш бир тоифа инсонларгина қўядиган бўлса, у ҳолда  мурувватли кишилар бу ишни қилмаслиги лозим. Борди-ю, мусулмонлар жамиятида барча инсонлар: обрўли кишилар ҳам, пасткаш кишиларнинг ҳам соч ўстириши одат тусига кирган бўлса, унда узун соч қўйишнинг зиёни йўқ. Аммо бу одат фақат пасткаш кишиларда бўлса, у ҳолда ҳурмат-эътиборли кишилар бу ишни қилмаслиги керак”.

والله أعلم وصلى الله وسلم على نبينا محمد وآله وصحبه أجمعين

Холид Сауд Булайҳид

(“Сайд ал-фавоид” саҳифасидан баъзи ўзгартиришлар билан олинди).

Изоҳ қолдиринг