Қиёматнинг катта аломатлари: Яъжуж ва маъжужнинг чиқиши (2)

0

Иккинчи масала: яъжуж ва маъжужнинг чиқишига Қуръон ва суннатдан далиллар

Аллоҳ таолонинг ушбу оятида уларнинг номи тилга олинган: «(Улкан девордек) баланд икки тоғ оралиғига етиб келганида ўша ерда ўзларидан бошқанинг тилини деярли тушунмайдиган бир қавмни топди.

Улар: “Эй Зулқарнайн, яъжуж ва маъжуж ер юзида (ҳаммаёқни вайрон қилиб, одамларни ўлдириб,) бузғунчилик қилишмоқда. Биз сенга (хизмат ҳақига) мол-дунё йиғиб берсак, улар билан бизнинг ўртамизни (тўсиб турадиган) бир тўғон қуриб берасанми?”, дейишди.

(Зулқарнайн) деди: “Раббим менга ато этган (мулк ва салтанат мен учун) сизларнинг молингиздан кўра яхшироқ. Унинг ўрнига сизлар менга ишчи кучи билан ёрдам беринглар, улар билан сизларнинг ўртангизга тўғон қуриб бераман. Менга темир парчалари келтиринглар”, деди. Улар темир бўлакларини келтириб, уларни икки тоғ орасига тоғ баробар қилиб уйдилар. (Кейин у ишчиларга:) “Энди ўт ёқинглар”, деди. (Темир-терсаклар ҳаммаси ёниб) ўтга айлангач: “Энди менга эритилган мис келтиринглар, устидан қуяман”, деди.

(Тўғон ўта баланд ва силлиқ бўлганидан яъжуж ва маъжуж) ундан ошиб ўтишга ҳам, (жуда қалин ва мустаҳкам бўлганидан) уни тешиб ўтишга ҳам қодир бўлмадилар.

(Зулқарнайн) деди: “(Мен яъжуж ва маъжужнинг бузғунчилигига тўсиқ сифатида қуриб берган) бу (тўғон) Раббимнинг (одамларга) марҳаматидир. Қачонки Раббимнинг (яъжуж ва маъжужнинг чиқиш вақти ҳақидаги) ваъдаси келса, (Раббим) Ўзи бу тўғонни вайрон (этиб, ер билан яксон) қилади. Раббимнинг ваъдаси албатта ҳақдир» (Каҳф, 93-98).

Яна Аллоҳ таоло айтади: «Токи яъжуж ва маъжуж очилган ва улар тепаликлардан тушиб келиб, чор атрофда тезлик билан ёйилиб кетган пайтда ҳақ ваъда (қиёмат куни) яқинлашган (ва унинг даҳшатлари кўрина бошлаган) бўлади. Ўшанда кофирларнинг кўзлари (даҳшатнинг зўридан чақчайиб,) қотиб қолади. (Улар ҳасрат ичра ўзларига ҳалокат тилаб:) (Эй-воҳ,) бизга ҳалокат бўлсин! Биз бу кундан (ва унга ҳозирланишдан) ғафлатда қолибмиз ва бу билан (ўзимизга) зулм қилувчи бўлибмиз”(дейдилар)» (Анбиё, 96-97).

Мазкур икки оят яъжуж ва маъжужнинг чиқиши қиёмат аломатларидан эканини кўрсатади. Чунки бу оятларда улар қамалган тўғоннинг очилиши ҳақ ваъда, яъни қиёмат кунининг яқинлашганидан нишона экани очиқча баён қилинган[1].

Аллоҳ таолонинг “Токи яъжуж ва маъжуж очилган пайтда…” деган сўзидаги “токи” калимаси мазкур оят ўзидан аввалги оятга боғлиқ эканини билдиради. Яъни, ҳалок этилган ҳар бир юрт то қиёмат қойим бўлгунича ўша ҳалокатида ёки дунёга ё тавбага қайтолмаслик ҳолатида қолади. Бу гаплар аввалги оят маъносидан келиб чиқиб айтилган гаплардир[2]. Аввалги оятда бундай дейилган: «(Кофирлиги ва золимлиги сабаб) Биз ҳалок қилган юртлар (аҳолиси ҳаётда йўл қўйган камчиликларини тузатиш учун қиёмат қойим бўлишидан олдин дунёга) яна қайтишлари мумкин эмасдир» (Анбиё, 95).

Бошқа бир гуруҳ олимларнинг фикрича, оятдаги «токи» калимаси Аллоҳ таолонинг: «(Лекин одамлар пайғамбарларига хилоф қилдилар ва пайғамбарлар издошларидан кўплари) динда гуруҳ ва фирқаларга бўлиниб кетдилар…» (Анбиё, 93) оятига боғлиқдир. Яъни, бу фикрга кўра, умматлар ўртасидаги ихтилоф ва бўлиниш қиёмат соатига қадар давом этди, деган маънони ифода этади[3]. Аллоҳ таолонинг «Токи яъжуж ва маъжуж очилган пайтда…» (Анбиё, 96) деган сўзидан мурод, ушбу икки қабилани тўсиб турган тўғон очиб юборилса ва улар ташқарига чиқишса, барча тепаликлардан тушиб келиб, дарров бузғунчилик қилишга киришиб кетишади, деганидир[4].

(Давоми бор)

[1] Қаранг: «Тафсир Ибн Касир», 3/187.

[2] Қаранг: «Тафсир Абу ас-Суъуд», 3/535; «Тафсир ал-Алусий», 17/92.

[3] Қаранг: «Ал-баҳр ал-муҳит», 6/339. Мазкур қавл Ибн Атийяга ҳам нисбат берилган.

[4] Қаранг: «Тафсир ат-Табарий», 17/72-73; «Тафсир ал-Қуртубий», 11/341; «Тафсир Ибн Касир», 3/187; Роғиб ал-Асфаҳоний. «Муфрадот алфоз ал-Қуръон», 110-бет.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг