Дард ва даво (45): Гуноҳнинг касофати (5) Гуноҳ яхшиликка бўлган иродани сусайтиради

0

Бўлим

[Гуноҳ яхшиликка бўлган иродани сусайтиради]

  1. Қалбдаги ироданинг сусайиши

Гуноҳлар қалбдаги яхшиликка бўлган иродани сусайтиради. Бу гуноҳнинг энг хатарли касофатидир. Гуноҳ қалбдаги гуноҳга бўлган иродани (талпинишни) кучайтиради ва тавба қилиш иродасини аста-секин заифлаштириб боради. Охири қалбдан тавба иродаси бутунлай чиқиб кетади. Натижада гуноҳкор банда қалбининг ярми ўлса ҳам Аллоҳга тавба қилмайди. Тилида минглаб ёлғон истиғфор ва тавбаларни айтади-ю, лекин қалби гуноҳга боғланган, гуноҳдан тийилиш нияти бўлмаган, имкон бўлди деганда, уни қилишга тайёр ҳолатда бўлади.
Бу гуноҳнинг энг ёмон ва энг ҳалокатли касофатидир.

Бўлим

[Гуноҳ қилишдан уялмай қўйиш]

  1. Қалб гуноҳни қабиҳ санамай қўйиши

Банда гуноҳдан тийилмас экан, бора-бора гуноҳ қилиш унинг одатига айланиб қолади. Натижада гуноҳ ишни қилаётганини одамлар кўриб қолишидан ёки гапиришидан ҳам уялмай қолади.

Учига чиққан фосиқ кимсалар наздида бу ҳолат беорликнинг энг чўққиси, лаззатнинг энг мукаммал кўриниши саналади. Ҳатто бундайлар қилган гуноҳи билан мақтанишгача боради. Унинг гуноҳ ишини кўрмаган, эшитмаган одамларга: “Мен фалон ва фалон ишларни қилдим”, дея қилган гуноҳини айтиб мақтанади.

Одатда бу турдаги одамларнинг ўнгланиши қийин. Уларга нисбатан тавба йўллари тўсилган, тавба эшиклари қулфланган бўлади. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Барча умматимнинг гуноҳлари кечирилади. Аммо (ҳаёсизларча) ўз гуноҳини ошкора қилувчилар бундан мустаснодир. Масалан, бир киши тунда қандайдир (гуноҳ) иш қилса-ю, уни Аллоҳ яширган бўлса, тонг отгач, у: “Эй фалончи, кеча мен ундай қилдим, бундай қилдим”, деб Аллоҳ яширган айбини ўзи ошкора қилса, гуноҳи кечирилмайди»[1].

 [Ҳар қандай гуноҳнинг ўтмиши бор]

  1. Гуноҳлар олдингилардан қолган меросдир

Ҳар қандай гуноҳ борки, албатта у Аллоҳ азза ва жалла ҳалок қилган олдинги умматларнинг биридан қолган меросдир. Масалан, баччавозлик Лут алайҳиссалом қавмидан, олганда кўп олиб, берганда кам бериш (яъни ўлчов ва тарозидан уриш) Шуайб алайҳиссалом қавмидан, ерда такаббурлик ва бузғунчилик қилиш Фиръавн ва қавмидан, такаббурлик ва тажовузлик Ҳуд алайҳиссалом қавмидан қолган меросдир. Демак, мазкур гуноҳларга қўл урган одам ўша умматлар йўлидан юрган ҳисобланади. Ваҳоланки, улар Аллоҳнинг душманлари бўлган эдилар.

Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал отасининг “Зуҳд” китобида келтирган ривоятда Молик ибн Динор бундай дейди: «Аллоҳ таоло Бани Исроил пайғамбарларидан бирига қуйидаги сўзларни қавмига айтишни ваҳий қилди: “Душманларим кирган жойга кирманглар, душманларим кийган кийимни кийманглар, душманларим минган уловни минманглар, душманларим еган таомни еманглар, акс ҳолда сизлар ҳам ўшалар каби душманимга айланиб қоласизлар”»[2].

Имом Аҳмад “Муснад”да Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Шериги бўлмаган ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилиниши учун қиёмат олдидан қилич билан юборилдим. Ризқим найзам-қуролим остида қилинди. Буйруқларимга қарши чиққан кимсаларга хорлик ва тубанлик битилди. Ким бирон қавмга ўхшашга ҳаракат қилса, демак, у ўшалардандир[3].

[1] Бухорий (6069) ва Муслим (2990) Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган.
[2] “Зуҳд” китобида ушбу ривоят Ақил ибн Мудрик Суламийдан (523) нақл қилинган. Молик ибн Динордан эса Ибн Абу Дунё “Ал-амру бил-маъруф”да (73), Абу Нуайм “Ал-ҳиля”да (2\371) нақл қилган.
[3] Аҳмад “Муснад”да (2\50, 92\5115, 5667), Абу Довуд (4031), Ибн Абу Шайба (19394) ва бошқалар ривоят қилган. Ҳадисни Ибн Таймия, Заҳабий, Ироқий, Ибн Ҳажар ва бошқалар саҳиҳ деган.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг