Дард ва даво (46): Гуноҳнинг касофати (6) Аллоҳнинг эътиборидан ва назаридан қолиш

0

Бўлим

  1. Аллоҳнинг эътиборидан ва назаридан қолиш

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: “(Гуноҳкор бандалар) Аллоҳнинг эътиборидан қолганлари учун гуноҳга қўл уришади. Агар Аллоҳнинг ҳузурида ҳурматлари бўлганида эди, Аллоҳ уларни гуноҳдан сақлаган бўлар эди[1].

Банда Рабби наздидаги ҳурматини йўқотса, уни ҳеч ким ҳурмат қилмай қўяди. Аллоҳ таоло айтади: “Кимни Аллоҳ хор қилиб қўйса, (ҳеч ким) уни  азиз қилолмас” (Ҳаж, 18). Тўғри, одамлар гуноҳкор бандани унга эҳтиёжлари тушганидан ёки ёмонлигидан қўрққанларидан ҳурмат қилгандек кўриниши мумкин. Аммо ичларида уни энг ҳақир ва энг тубан шахс деб биладилар.

  1. Гуноҳдан таб тортмай қўйиш

 Банда бир гуноҳни қилишда бардавом бўлар экан, охири уни арзимас ва кичик санашга ўтади. Банда гуноҳни қанчалик арзимас санагани сари, Аллоҳ ҳузурида шунча катталашиб бораверади.

Имом Бухорий “Саҳиҳ” китобида Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Мўмин одам гуноҳини тоғдек кўради. Гуёки у тоғ этагида-ю, унинг устига қулаб тушишидан хавотирга тушади. Фожир одам эса, гуноҳини бурнига қўнган пашшани мана бундай қилиб қувиб юборгандек (арзимас) кўради[2].

Бўлим

  1. Гуноҳнинг касофати барчага уради

Гуноҳнинг касофати уни қилган одамдан ташқари ўзга инсонларга ва ҳайвонларга ҳам уради. Барчалари гуноҳ ва зулмнинг касофатидан азият чекадилар.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтади: “Золимнинг зулми дастидан ўз инида ётган тувалоқ (қуш)га ҳам ҳалокат етади[3].

Мужоҳид айтади: «Қурғоқчилик бўлиб, ёмғир ёғмай қўйса, ҳайвонлар одамларни лаънатлаб: “Бу одам боласи қилган гуноҳларининг касофати”, деб айтишади»[4].

Икрима раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ерда ўрмалаган жониворлар, ҳашоратлар, ҳатто гўнгқўнғизлар  ва чаёнларгача: “Одам боласининг гуноҳлари сабабидан қурғоқчиликка учрадик”,  дейишади»[5].

Гуноҳкор банда қилган гуноҳининг жазоси етмагандай, бегуноҳ жонзотларнинг лаънатига ҳам дучор бўлади.

Бўлим

  1. Гуноҳ хорлик келтиради

Дарҳақиқат, гуноҳ гуноҳкорнинг бошига хорлик солади. Чунки ҳар қандай ҳурмат-эътибор, азизлик Аллоҳ таолонинг буйруқларига итоат қилишдадир. Аллоҳ таоло айтади: “Ким азизликни истайдиган бўлса, барча азизлик Аллоҳникидир”, (Фотир 10).  Яъни, ким азизликни хоҳласа, уни Аллоҳга тоат-ибодат қилишдан изласин. Зеро, Аллоҳнинг тоат-ибодатидан бошқа ердан уни топа олмайди.

Салаф солиҳларимиздан бири қуйидагича дуо қилар экан: “Аллоҳим, мени тоат-ибодатинг ила азиз қил, гуноҳ-маъсиятинг ила хор қилма[6].

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Гуноҳкор одамлар зотдор от ва хачирлар устида қанча савлат тўкиб юришмасин, қилган гуноҳларининг хорлиги қалбларини асло тарк этмайди. Зеро, Аллоҳ Ўзига осий бўлганларни хорламай қўймайди[7].

Абдуллоҳ ибн Муборак айтади[8]:

«Кўрдимки, гуноҳлар қалбни ўлдиради. Гуноҳга ружу қўйиш эса хорликка олиб боради. Қалбнинг тириклиги гуноҳларни тарк қилишдадир. Гуноҳлар кетидан юрмаслик нафсинг учун яхшидир. Ахир динни бузувчилар подшоҳлар, ёмон олимлар ҳамда роҳиблар эмасми?!»

[1] Ушбу сўзлар Ҳасан Басрийдан нақл қилинганини бирон манбада учратмадик. Абу Нуайм “Ал-ҳиля”да (9\261), Байҳақий “Аш-шуаб”да (6836) ва Ибн Асокир “Тарих”да (34\151) шунга ўхшаш сўзларни Абу Сулаймон Доронийдан нақл қилишган.
[2] Бухорий, 6303.
[3] Табароний. “Тафсир”, 14\126; Байҳақий. “Аш-шуаб”, 7075; Ибн Абу Дунё. “Ал-уқубот”, 269.
[4] Ибн Абу Дунё (“Ал-уқубот”, 271), Абу Нуайм (“Ал-ҳиля”, 3\286-287) ва бошқалар ривоят қилган.
[5] Табарий, 2\55.
[6] Жаъфар Содиқ қилган дуолардан. Қаранг: Абу Нуайм. “Ал-ҳиля”, 3\228; Ибн Қаййим. “Тариқ ал-ҳижратайн”, 39\б.
[7] Абу Нуайм. “Ал-ҳиля”, 2\177.
[8] “Баҳжатул-мажолис”, 3\334.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг