Ҳаром амаллар: Бирор шаръий сабабсиз мусулмон билан уч кундан ортиқ аразлашиш

0

Шайтон мусулмонларнинг ўртасини бузишга ҳаракат қилади. Шаръий сабабларсиз мусулмон биродари билан уч кундан ортиқ аразлашиб юрадиганларнинг аксари шайтонга эргашган бўлиб, бунга кўпинча бирор моддий келишмовчилик ёки ёмон хулқ-атвор сабаб бўлади ва аразлаш узоқ вақт давом этади. Гоҳида гаплашмасликка ё уйига қадам босмасликка қасам ҳам ичади. Йўлда рўпара келиб қолса, юзини тескари буради, йиғинларда ёнидагилар билан кўришиб, у билан кўришмай ўтиб кетади.

Аразлашиш мусулмон халқларнинг кучсизланишлари сабабларидан биридир. Шунинг учун ҳам аразлашишнинг шариатдаги ҳукми жуда кескин ва оғирдир. Абу Ҳурайра разияллоҳу  анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Мусулмон ўз биродари билан уч кундан ортиқ аразлашиб юриши ҳаромдир. Шу (аразлашган) ҳолида ўлиб кетса, дўзахга киради” (Абу Довуд ривояти).

Бошқа бир ҳадисда айтилади: “Биродаридан бир йил аразлаб юрган одам унинг қонини тўккан билан баробар бўлади” (Имом Бухорий ривояти).

Аразлашиш оқибатида Аллоҳнинг мағфиратидан маҳрум бўлиш хатари ҳам ўзи етарли бўлса керак. Абу Ҳурайра разияллоҳу  анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Одамларнинг амаллари ҳар ҳафтада икки марта – душанба ва пайшанба кунлари кўрсатилади. Шунда ҳар бир мўмин банда мағфират қилинади, фақат аразлашган бандалар бундан мустасно бўлиб: “Бу иккаласини то ярашиб олгунларича қолдириб (ёки кечиктириб) туринглар”, дейилади” (Имом Муслим ривояти).

Жанжаллашган тарафлардан қайси бири Аллоҳга тавба қилса, биродари ҳузурига бориб, унга салом бериши керак бўлади. Биродари шунда ҳам юз ўгирса, у ҳолда унинг бўйнидан гуноҳ соқит бўлиб, бутун масъулият юз ўгирганнинг зиммасига тушади.

Абу Айюб Ансорий разияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмон киши ўз биродари билан уч кечадан ортиқ гаплашмай қўйиши, учрашсалар униси у ёққа, буниси бу ёққа юз ўгириши ҳалол бўлмайди. Уларнинг энг яхшиси саломни аввал берганидир» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Аммо аразлаб, алоқани узишга намоз ўқимаслик ёки фаҳш ишлардан тийилмаслик каби шаръий сабаблар мавжуд бўлса ва алоқани узишнинг гуноҳ қилувчига фойдаси тегса (кор қилса), яъни у унинг ўзини тузатишига  ё хатосини англашига сабаб бўлса,  у ҳолда араз қилиш вожиб бўлади. Лекин қилинган араз гуноҳ қилувчининг арази зиёдалашига ва гуноҳи ортишига олиб борса, унда араз ноўрин бўлади. Чунки у шаръий мақсадга зид бўлиб, аксинча зарарни ва фасодни зиёда қилади. Шунинг учун яхшилик қилиш, насиҳатга ўтиш ва эслатиб туришни давом эттириш тўғри бўлади.

Аллоҳ таоло ўрталаримизни ислоҳ ва қалбларимизни улфат қилсин. Ўртамиздаги гина-адоватларни кўтариб, меҳр-муҳаббатни зиёда қилсин.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг