Қиёматнинг катта аломатлари: Яъжуж ва маъжужнинг чиқиши (3)

0

Ҳадисларда яъжуж ва маъжуж чиқишини кўрсатувчи далиллар жуда ҳам кўп.

Жумладан, Умму Ҳабиба бинти Абу Суфён разияллоҳу анҳо Зайнаб бинти Жаҳш разияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уникига қўрққан ҳолда кириб келдилар ва: “Ла илаҳа иллаллоҳ, араблар ҳолига вой! Бир ёмонлик яқинлашди: бугун яъжуж ва маъжуж тўғонидан шунчаси очилди“, деб бош бармоқлари билан кўрсаткич бармоқларини ҳалқа қилиб кўрсатдилар. Шунда Зайнаб: “Ё Расулуллоҳ, ичимизда солиҳ кишилар бўлса ҳам ҳалок бўламизми?!”, деб сўради. “Ҳа, агар нопоклик кўпайса!“, деб жавоб бердилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам[1].

Шундай ҳадислардан яна бири аввалроқ бир неча бор келтирилган Наввос ибн Самъон разияллоҳу анҳу ҳадиси бўлиб, унда бундай дейилади: «…Ҳолат шундай бўлиб турганда Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга ваҳий қилади: “Мен бирор кимсанинг уларга қарши жанг қилишга қудрати етмайдиган бандаларимни чиқардим. Бандаларимни Тур тоғига (олиб чиқиб) сақлагин”. Аллоҳ яъжуж-маъжужни жўнатади.Улар ҳар бир тепаликлардан шошилиб кела бошлайдилар. Олдинги сафлардагилари Табария кўлидан ўтиб, унинг сувини ичиб тугатадилар. Охиргилари у ердан ўтишар экан, “Бу ерда олдин сув бўлар эди”, деб айтадилар. Исо пайғамбар ва унинг асҳоблари қамал қилинади. Ҳаттоки улардан бирига ҳўкизнинг боши ҳозирдаги сизларнинг юз динорингиздан афзал бўлади (яъни қаттиқ очарчилик бўлади). Аллоҳнинг пайғамбари Исо алайҳиссалом ва у кишининг асҳоблари дуо-илтижо қиладилар. Шунда Аллоҳ таоло яъжуж ва маъжуж бўйнига «нағаф» қуртини туширади. Улар бир инсоннинг ўлимидек, бирданига (бир вақтда) ҳалок бўладилар. Сўнгра Исо пайғамбар ва унинг асҳоблари ерга тушадилар. Бир қарич ҳам бўш ер топа олмайдилар. Ҳамма ёқни яъжуж ва маъжуж жасади ва бадбўй ҳид босиб кетган бўлади. Исо ва асҳоблари яна дуо-илтижо қиладилар. Шунда Аллоҳ туянинг бўйнича келадиган қушларни юборади. Улар жасадларни кўтариб, Аллоҳ хоҳлаган жойга улоқтирадилар…»[2]. Бошқа ривоятда эса «Охиргилари у ердан ўтишар экан, “Бу ерда олдин сув бўлар эди”, деб айтадилар» деганидан сўнг: «Кейин улар (яъни, яъжуж ва маъжуж қавми) йўл юриб, «Хамар» тоғига етиб келишади. У Байтул мақдисдаги тоғдир. Сўнг: “Ер аҳлини мағлуб этдик, келинглар, энди само аҳлига уруш очамиз”, деб осмонга қарата ўқ отадилар. Аллоҳ уларнинг ўқларини қонга бўялган ҳолда қайтаради»[3].

Улардан яна бири Ҳузайфа ибн Усайд разияллоҳу анҳу ҳадиси бўлиб, унда қиёмат аломатлари, жумладан, яъжуж ва маъжуж ҳам зикр этилган[4].

Яна бир ҳадисни Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Исро» кечасида Иброҳим, Мусо ва Исо алайҳимуссалом билан учрашдилар. Сўнг қиёмат ҳақида суҳбатлашдилар… Кейин Исога сўз берилганида у киши Дажжолни қатл этишини зикр қилди. Сўнг айтди: “Кейин одамлар юртларига қайтиб кетадилар, уларни яъжуж ва маъжуж қарши олади. Улар ҳар бир тепаликдан тушиб келишади. Бирор сув олдидан ўтишса, албатта уни ичиб тугатишади. Бирор нарсанинг яқинидан ўтсалар, албатта уни пайҳон ва яксон қилишади. Одамлар Аллоҳга ёлборадилар, мен ҳам Аллоҳга дуо қиламан. Шунда У Зот уларни ўлдиради, ерни уларнинг бадбўй ҳиди босиб кетади. Одамлар яна Аллоҳга илтижо қиладилар, мен ҳам Аллоҳга дуо қиламан. Шунда Аллоҳ ёмғир ёғдиради, сўнг уларнинг жасадларини кўтариб, денгизга улоқтиради”»[5].

Яна бир ҳадис Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Унда қуйидаги сўзлар бор: «…Сўнг улар одамлар олдига чиқишади, сувларни ичиб қўйишади. Одамлар улардан қочадилар. Шунда улар ўқларини осмонга қарата отишади, (ўқлари) қонга бўялган ҳолатда қайтиб тушади. “Ер аҳлини мағлуб этдик, куч ва олийликда самодагилардан устун келдик”, дейишади… Кейин Аллоҳ уларнинг бўйинларига майда қуртларни тушириб, барчаларини ҳалок қилади. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, ер жонзотлари уларнинг гўштидан еб, семириб, йўғонлашиб кетади»[6].

Яъжуж ва маъжужнинг чиқишига далолат қиладиган мазкур далиллардан бошқа далиллар ҳам кўп. Бинобарин, уларга иймон келтириш ва тасдиқлаш вожиб бўлади.

Ибн Қудома ал-Мақдисий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Исро ва Меърож ҳақидаги ҳадис каби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган ва у зотдан саҳиҳ асарлар билан нақл қилинган, биз унга гувоҳ бўлган ёки бўлмаган, бизнинг ақлимиз етгану етмаган, гарчи маъносининг ҳақиқатини англай олмасак ҳам, барча нарсага иймон келтиришимиз, тасдиқлашимиз, унинг ҳақ ва рост эканини билишимиз вожибдир… Шунингдек, Дажжолнинг чиқиши, Исо ибн Марям алайҳиссалом тушиб, уни ўлдириши, яъжуж ва маъжужнинг чиқиши… ва ҳоказо саҳиҳ асарлар билан нақл қилинган қиёмат аломатлари ҳам шу жумладандир»[7].

Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Яъжуж ва маъжуж борасида келган ҳадислар ҳақиқатига кўра қабул қилиниб, уларга иймон келтириш вожиб бўлади. Чунки яъжуж ва маъжужнинг чиқиши қиёмат аломатларидандир. Хабарларда келишича, ададлари кўплигидан уларга қарши урушишга ҳеч кимнинг кучи етмайди. Улар Аллоҳнинг пайғамбари Исо алайҳиссалом ва у кишининг Дажжолдан нажот топган мўмин ҳамроҳларини қамалга олишади. Шунда Исо алайҳиссалом уларни дуойибад қилади ва Аллоҳ уларнинг бўйинларига қурт тушириб, барчаларини битта қўймай ҳалок этади. Улар бадбўй ҳидлари билан ерга ҳамда мўминларга озор беришади. Шунда Исо ва у кишининг асҳоблари Раббиларига дуо-илтижо қиладилар. Аллоҳ қушларни юбориб, уларнинг жасадларини ўзи хоҳлаган жойга олиб бориб ташлайди»[8].

Сафориний раҳимаҳуллоҳ айтади: «Уларнинг тўғон ортидан чиқиши ҳақ ва собит хабардир. Зеро, у ҳақда Қуръонда айтилди, башарият саййиди хабар бердилар ва уни ақл имконсиз деб билмади. Бинобарин, уни ҳақ деб эътиқод қилиш вожиб бўлади»[9].

[1] Бухорий (6716), Муслим (2880), Термизий (2187) ва бошқалар ривоят қилган.

[2] Муслим (2938), Термизий (2240), Ибн Можа (4075) ва Аҳмад (4/182) ривояти.

[3] Муслим, 2937.

[4] Муслим (2901), Термизий (2183) ва Абу Довуд (4311) ривояти. Мазкур ҳадис аввалроқ келтириб ўтилган. (Тарж.)

[5] Ибн Можа (4081) ривояти. Ҳоким «Мустадрак»да (4/488-489) ривоят қилиб: «Санади саҳиҳ, бироқ Бухорий ва Муслим ривоят қилишмаган», деган. Заҳабий Ҳокимнинг фикрини маъқуллаган. Имом Аҳмад ҳам «Муснад»да (4/189-190) ривоят қилган, муҳаққиқ Аҳмад Шокир ҳадис санадини саҳиҳ деган.

[6] Термизий «Сунан»да («Абвоб ат-тафсир», 8/597-599) ривоят қилиб: «Бу ҳасан-ғариб ҳадис», деган. Ибн Можа «Сунан»да («Китоб ал-фитан», 2/1364-1365) ривоят қилган. Ҳоким «Мустадрак»да (4/488) ривоят қилган ва: «Бухорий ва Муслим шартларига кўра саҳиҳ ҳадис, бироқ улар бу ҳадисни ривоят қилмадилар», деган. Заҳабий Ҳокимнинг фикрини маъқуллаган.

[7]«Лумъат ал-эътиқод», 43-бет.                                                                                                       

[8] «Икмол ал-муаллим», 6/115-116.

[9] «Лавомеъ ал-анвор», 2/116.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг