Қиёматнинг катта аломатлари: Яъжуж ва маъжужнинг чиқиши (4)

0

Учинчи масала – тўғон ҳамда яъжуж ва маъжуж

Яъжуж ва маъжуждан зарар кўрган қўшни қабила Зулқарнайндан ўрталарига тўғон қуриб беришини илтимос қилишади. Шунда Зулқарнайн[1] уларни бу бузғунчи тўдадан тўсиб турадиган тўғон қуради. Қуръони каримда мазкур тўғон зикр этилган. Аллоҳ таоло айтади: «Улар: “Эй Зулқарнайн, яъжуж ва маъжуж ер юзида (ҳаммаёқни вайрон қилиб, одамларни ўлдириб,) бузғунчилик қилишмоқда. Биз сенга (хизмат ҳақига) мол-дунё йиғиб берсак, улар билан бизнинг ўртамизни (тўсиб турадиган) бир тўғон қуриб берасанми?”, дейишди.

(Зулқарнайн) деди: “Раббим менга ато этган (мулк ва салтанат мен учун) сизларнинг молингиздан кўра яхшироқ. Унинг ўрнига сизлар менга ишчи кучи билан ёрдам беринглар, улар билан сизларнинг ўртангизга тўғон қуриб бераман”» (Каҳф, 94-95).

Тўғон қурилишига оид Қуръон хабари шундан иборат.

Энди унинг қаерда эканига келсак, Аллоҳ таолонинг: «Кун чиқиш жойига етиб боргач…» (Каҳф, 90) деган оятига биноан у машриқ тарафдадир.

Ҳофиз Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ тўғон ҳамда унинг жойини билишга ҳаракат қилган баъзи подшоҳлар қиссасини зикр қилиб, шундай дейди: «Аббосий халифа Восиқбиллоҳ[2] тўғонни кўриш, текшириш ва у ҳақда маълумот олиб келиш учун амирларидан бирини яширин қўшин ҳамроҳлигида сафарга жўнатади. Улар йўл юриб, бир юртдан иккинчисига, бир мамлакатдан бошқасига ўтиб, охири тўғонга етиб боришади. Қарасалар, тўғон темир ва мисдан бунёд этилган экан. Улар айтишича, тўғонда баҳайбат дарвоза ҳамда унга урилган катта-катта қулфларни кўришибди. Ўша ердаги баланд бинода ғиштлар ва ортиб қолган хомашёлар ҳам бор экан. У ерга қўшни мамлакатлар подшоҳлари тарафидан қўриқчилар қўйилган экан. Тўғон жуда ҳам баланд, юксак ва ҳайбатли бўлиб, унга ҳам, атрофидаги тоғларга ҳам чиқиш имконсиз экан. Улар икки йилдан ортиқ муддат давом этган сафардан сўнг юртларига қайтиб келишибди. Бу аснода улар кўпдан-кўп даҳшатли ва ажойиб ҳодисаларга гувоҳ бўлишган экан»[3].

Ҳофиз Ибн Касир мазкур қиссанинг санадини зикр қилмади ва унга қарши бирор гап ҳам айтмади.

Юқорида ўтган оятлар далолат қилишича, бу тўғон икки тоғ орасига қурилган. Аллоҳ таоло «(Зулқарнайн) улкан девордек баланд икки тоғ оралиғига етиб келганида…» (Каҳф, 93) деди, сўнг: «уларни икки тоғ орасига тоғ баробар қилиб уйдилар» (Каҳф, 96) деди. Яъни, улар (темир ва мис) билан икки тоғ чўққисини тенглаштириб қўйишди[4]. Темир парчалари устига эритилган мис қуйилди, натижада мустаҳкам тўғон барпо бўлди.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ деди: «Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Безалган чопонга ўхшаган тўғонни кўрдим”, деганида, у зот: “Сен аниқ ўша тўғонни кўрибсан”, дедилар»[5].

Бу айтилган тўғон Зулқарнайн тўғони эмас, балки Ҳамавий «Мўъжам ал-булдон» китобида зикр қилган Термиз шаҳрини ўраб турадиган девор бўлиши мумкин.

Қолаверса, тўғон жойлашган ерни қидириш у даражада муҳим иш эмас ва уни билмаслик эътиқодга шикаст етказмайди. Асосий мақсадимиз бизга Аллоҳ таоло хабар берган ҳамда саҳиҳ ҳадисларда келган яъжуж ва маъжуж тўғони ҳозирда бор эканини ва то белгиланган муддат келиб, тўғон бузилиб, яъжуж ва маъжуж чиқиб келадиган пайтгача мавжуд бўлиб қолишини баён қилишдир. Бу ҳодиса эса қиёматга оз қолганида содир бўлишини Аллоҳ азза ва жалла бундай хабар беради: «(Зулқарнайн) деди: (Мен яъжуж ва маъжужнинг бузғунчилигига тўсиқ сифатида қуриб берган) бу (тўғон) Раббимнинг одамларга марҳаматидир. Қачон Раббимнинг (яъжуж ва маъжужнинг чиқиш вақти ҳақидаги) ваъдаси келса, (Раббим) Ўзи бу тўғонни вайрон (этиб, ер билан яксон) қилади. Раббимнинг ваъдаси албатта ҳақдир.

(Уларга Бизнинг ваъдамиз келган) ўша кунда (яъжуж ва маъжужни сони кўплигидан) бир-бирига аралашиб, мавжланган тўлқин ҳолида қолдирдик. Қайта тирилиш учун сур чалинди ва Биз барча (махлуқот)ни (ҳисоб-китоб ва жазо учун) жамладик» (Каҳф, 98-99). Буларнинг бари тасдиқлаш вожиб бўлган ҳақиқатлардир.

(Давоми бор)

[1] Зулқарнайннинг исми борасида ихтилофлашилган. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, унинг исми Абдуллоҳ ибн Заҳҳок бўлган. Баъзилар Мусъаб ибн Абдуллоҳ бўлган, дейишди. Яна баъзилар бошқа исмларни айтишди. «Зулқарнайн» (икки шохли дегани) деб номланишининг боиси унинг мулки машриқу мағрибга, шайтоннинг шохи чиқадиган ва ботадиган ергача етгани сабабидандир. Зулқарнайн мўмин, солиҳ банда бўлган. У Александр Македонскийдан бошқа шахс. Чунки Македонский кофир бўлган, Қуръони каримда зикр қилинган Зулқарнайндан кейинроқ яшаган. Икковининг ўртасида 2000 йилдан зиёд вақт бор, валлоҳу аълам. Қаранг: «Ал-бидоя ван-ниҳоя», 2/102-106. «Тафсир Ибн Касир», 3/100-101.

[2] Ҳорун ибн Муҳаммад ал-Мўътасим ибн Ҳорун ар-Рашид, аббосий халифалардан бири. Ҳижрий 228-йилда халифаликка байъат берилган, 232-ҳижрий йилда вафот этган (Қаранг: «Ал-бидоя ван-ниҳоя», 10/308).

[3] «Тафсир Ибн Касир», 3/99.

[4] Аввалги манба, 3/98-99.

[5] Бухорий «Саҳиҳ»ида «Яъжуж ва маъжуж қиссаси» бобида (6/381) муаллақ кўринишда ривоят қилган.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг