Ҳожат намози ҳақида

0

Савол:

Ҳожат намози ҳақида батафсил маълумот берсангиз. Ўн икки ракаат намоз ўқиб, Аллоҳ таолога дуо қилса ижобат бўлади, деб эшитдим. Дуо ижобат бўлиши тажрибада синалган экан. Шу тўғрими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.
Ҳожат намози ҳақида тўртта ҳадис келган: иккитаси тўқима, учинчиси ўта заиф, тўртинчиси эса заифдир. Қуйида ҳар бирига алоҳида тўхталиб ўтамиз.

Биринчи ҳадис

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Кечаси ёки кундузи ўн икки ракаат намоз ўқийсан. Ҳар икки ракаатда ўтириб, ташаҳҳуд айтасан. Намоз охирида ташаҳҳуддан кейин Аллоҳга ҳамду сано, Пайғамбарга салавот айт ва сажда қилиб етти марта Фотиҳани ўқи. Ортидан: “Аллоҳнинг ёлғиз Ўзидан бошқа илоҳ йўқ. Унинг шериги йўқ. Мулк ҳам, мақтов ҳам Унга хос. У ҳамма нарсага қодирдир”, деб ўн марта айт. Сўнг: “Аллоҳим, Сендан аршингдаги азизлик манбалари, Китобингдаги раҳматинг чўққиси, улуғ исминг, олий устиворлигинг ва тўлиқ калималарингни ўртага қўйиб сўрайман”, деб айт ва ҳожатингни сўра. Сўнг бошингни кўтариб, ўнгу чапга салом бер. Буни эсипастларга ўргатманглар, буни ўқиб дуо қилсалар ижобат бўлиб қолмасин». Ҳадисни Ибн Жавзий “Мавзуот” китобида (2/63) Омир ибн Хаддошдан, у эса Амр ибн Ҳорун Балхийдан ривоят қилган. Зайлаий раҳимаҳуллоҳ бу ҳадисни Байҳақий раҳимаҳуллоҳ “Ад-даъавот” китобида Омир ибн Хаддошдан, у эса Амр ибн Ҳорун Балхийдан ривоят қилганини айтган ва шундай деган: «Бу ҳадисни Ибн Жавзий “Мавзуот” китобида… (2/63) Омир ибн Хаддошдан, у эса Амр ибн Ҳорун Балхийдан санад ва матн жиҳатидан бир хил тарзда ривоят қилган. Ибн Жавзий: “Бу ҳадис шак-шубҳасиз тўқима ҳадисдир. Кўриб турганингиздек, санади ҳам иллатларга тўла. Санадда Умар ибн Ҳорун бор. Ибн Маин уни каззоб деган. Ибн Ҳиббон эса: “Ишончли ровийлардан тушунарсиз ҳадисларни ривоят қилади. Ўзи кўрмаган устозлардан эшитганини даъво қилади”, деган. Саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саждада Фотиҳа сурасини ўқишдан қайтарганлари собит бўлган» (“Насб ар-роя”, 4/272). Али разияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мени руку ва саждада Қуръон ўқишдан қайтардилар”, деган (Муслим, 480). Хулоса шуки, бу ҳадис санад жиҳатдан ҳам, маъно жиҳатдан ҳам нотўғри.

Иккинчи ҳадис

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Жаброил менга дуо ўргатди: “Эй осмонлару ерни яратган зот, эй улуғлик ва икром соҳиби, эй ёрдам сўраганларнинг ёрдамчиси, эй ёмонликни даф этувчи, эй раҳмлилар раҳмлиси, эй муҳтожлар дуосини ижобат қилувчи, эй оламлар Парвардигори! Ҳожатимни Сендан сўрайман. Сен ҳожатимни яхши биласан, Ўзинг уни бажо келтир”. Ва: “Агар бирон дунёвий ҳожатингиз бўлса, аввал шу дуоларни айтинг, ортидан ҳожатингизни сўранг”, деди». “Ат-тарғиб ват-тарҳиб”да (1/275) айтилишича, ҳадисни Асбаҳоний ривоят қилган, Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ уни тўқима деган.

Учинчи ҳадис

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимнинг Аллоҳга ёки бирон инсонга ҳожати бўлса, комил таҳорат олсин. Сўнг икки ракаат намоз ўқисин. Сўнг Аллоҳга ҳамду сано, Пайғамбарга салавот айтсин. Сўнг бундай десин: “Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, У ҳалим ва каримдир. Аллоҳ айбу нуқсонлардан пок, У улуғ арш Парвардигоридир. Аллоҳга ҳамд бўлсин, У оламлар Парвардигоридир. Сендан раҳматинг ва мағфиратингга элтувчи амаллар, ҳар бир яхшиликдан насиба ва ҳар қандай ёмонликдан омонлик сўрайман. Менинг биронта гуноҳимни қолдирмай мағфират қил. Биронта ғамимни қолдирмай арит. Сени рози қиладиган бирон ҳожатимни қолдирмай раво қил, ё арҳамар роҳимийн”» (Термизий (479) ва Ибн Можа (1384) ривояти). Термизий: “Бу ғариб ҳадис, санадида гап бор”, деган.

Тўртинчи ҳадис

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Эй Али, сенга бир дуо ўргатайми?! Бирон ғам-ғусса етса, шуни айтиб Раббингга илтижо қиласан, Аллоҳнинг изни ила дуойинг ижобат бўлади ва мушкулинг арийди. Таҳорат ол, икки ракаат намоз ўқи, Аллоҳга ҳамду сано, Пайғамбарингга салавот айт, ўзинг ва мўмину мўминалар учун истиғфор сўра. Сўнг бу дуони ўқи: “Аллоҳим, бандаларинг ихтилофлашган масалаларда улар ўртасида Ўзинг ҳукм қиласан. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У улуғ ва олийдир. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У саховатли ва ҳалимдир. Аллоҳ барча айбу нуқсонлардан пок, У етти қат осмон ва улкан арш Парвардигоридир. Аллоҳим, Сен ғамни аритувчи, ташвишга барҳам берувчи, муҳтожлар дуо қилганида дуоларини ижобат қилувчи, икки дунё меҳрибони ва раҳмлисисан. Мана шу ҳожатимда менга раҳм қил, уни ўтаб, амалга ошириб бер. Менга меҳрибонлик қил, Ўзингдан бошқасининг меҳрибончилигидан беҳожат бўлай”» (“Ат-тарғиб ват-тарҳиб”да (1/275) айтилишича, ҳадисни Асбаҳоний ривоят қилган, Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ заиф деган).

Хулосашуки, ҳожат намози ҳақида бирон саҳиҳ ҳадис келмаган. Бунинг ўрнига саҳиҳ ҳадисларда келган дуоларни ўқиш мақсадга мувофиқ бўлади. Мазкур кўринишда ўқилган дуолар қабул бўлиши тажрибада синалган, деган масалага келсак, бирон дуо ижобат бўлгани шу дуонинг саҳиҳлигини кўрсатмайди. Шавконий раҳимаҳуллоҳ айтганидек, баъзида Аллоҳ таоло суннатга асосланган воситаларсиз ҳам дуони қабул қилиши мумкин. Чунки У меҳрибон зот. Баъзида эса дуо ижобат қилингани синов бўлади, Аллоҳ сақласин!

IslamQA саҳифасидан баъзи жузъий ўзгартиришлар билан олинди

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг