Эй иймон келтирганлар… (1): Муқаддима

0

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Иймон аҳлига нидолар

Муқаддима

Нидоларига лаббай деб жавоб берган мўмин бандаларига фазл-марҳаматини ёғдирган, уларга сон-саноқсиз неъматлар ато этган меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ таолога ҳамд-санолар бўлсин. Умматига мушфиқ, хайрихоҳ Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин.

Қўлингиздаги ушбу китобда Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига қилган нидолари жамланган. Мусулмонларга илм ва ҳидоят бўлган бу нидоларни бир китобда жамлаш ва шарҳлашга мени муваффақ этган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Қуръонда келган бу нидолар сони тўқсонга етган. Уларда мусулмон кишининг дунё ва охиратига тааллуқли муҳим масалалар мужассамдир. Ҳар бир мусулмон дунёда бахт-саодатли ҳаёт кечириши, охиратда дўзахдан нажот топиб, жаннатга кириши учун Парвардигорининг бу нидоларини ўрганиб, унга амал қилиши вожибдир. Зеро, Раҳмоний бу нидолар нажотга элтувчи салаф солиҳлар ақидаси, инсон қалбини покловчи ибодатлар, исломий одоб-ахлоқлар, муомала ва муносабатлар, мол ва жонга, ҳудуд (шариатда белгиланган муайян жазолар) ва жиҳодга тегишли ҳукмлар, уруш ва тинчлик вақтига оид битим ва келишувларни баён қилган.

Раҳмон таолонинг бу нидолари усиз инсон ҳайвон даражасига тушиб қоладиган устивор одобларни баён қилиш билан бошланиб, дунё хорлиги ва охират азобидан халос этувчи холис тавба баёни билан интиҳо топган.

Мен бу нидоларни Қуръони каримда қай тартибда келган бўлса, айни шу тартибда, сура ва оятлар кетма-кетлигига риоя қилган ҳолда муносиб сарлавҳалар остида келтирдим.

Сўзимнинг охирида эркаку аёл ҳар бир мусулмонни бу нидоларга қулоқ солишга, уларни ўқиб амал қилишга чақираман. Уларни ўқиб-ўрганиш Аллоҳнинг изни ила кишини жаҳолатдан халос этиб, илмнинг энг юқори даражасига олиб чиқади.

Аллоҳ таолодан офият, мағфират, раҳмат ва розилигини сўраб қоламан.

Аллоҳга ҳамду санолар ва Расулимизга салавот ва саломлар бўлсин.

Абу Бакр Жобир Жазоирий

Масжиди набавий мударриси

Мадинаи Мунаввара

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг