Дард ва даво (47): Гуноҳнинг касофати (7) Гуноҳ-маъсиятлар ақлга путур етказади

0

Бўлим

  1. Гуноҳмаъсиятлар ақлга путур етказади

Маълумки, ақлнинг нури бўлади. Гуноҳлар эса, ўша нурни ўчиради. Ақл нури ўчса, ақл заифлашади ва камаяди.

Салаф солиҳларимиздан бири бундай деган экан: “Ақли бутун одам Аллоҳга осийлик қилмайди”. Ҳақиқатдан ҳам шундай. Осийнинг ақли бутун бўлганда, шубҳасиз, уни гуноҳ қилишдан тийган бўларди.

Ақли жойида инсон Яратганнинг чангалида ва ҳукмронлиги остида эканини, У Зот уни ҳамиша кузатиб турганини, Аллоҳнинг ерида яшаётганини, фаришталар унинг барча ишларини кузатиб, гувоҳ бўлиб турганини била туриб, қандай Аллоҳга осийлик қилиши мумкин? Қолаверса, Қуръондаги қанча оятлар, қалбдаги иймон шўъласи, ўлим ва жаҳаннам даҳшати уни гуноҳдан огоҳлантириб турган бўлса ҳам-а? Гуноҳи сабабли қўлдан бой берган дунё ва охират яхшиликлари, аслида унинг учун гуноҳ ортидан топган қувончи ва лаззатидан минг чандон яхшироқ эди. Айтингчи, ақли бутун одам шунча нарсани билатуриб, унга бепарво бўлиши, эътибор бермаслиги мумкинми?

Бўлим

  1. Кўп гуноҳ қилиш қалбга муҳр босилишига сабаб бўлади

Оқибатда банда (ҳақни унутган) ғофиллардан бўлиб қолади. Аллоҳ таоло айтади: “Йўқ, (ундоқ эмас)! Балки уларнинг дилларини ўзлари касб қилган гуноҳлари (занг янглиғ) қоплаб олгандир!” (Мутаффифун, 14).

 Салаф солиҳлардан бири ушбу оят изоҳида бундай деган экан: “Оятда айтилган қалб қопланишидан мақсад гуноҳ кетидан гуноҳ қилишдир”.

Ҳасан раҳимаҳуллоҳ айтади: “Оятдаги қалб қопланишидан мақсад қалб то кўр бўлиб қолгунча гуноҳ устига гуноҳ қилаверишдир”.

Бошқа олим айтади: “Яъни уларнинг гуноҳ-маъсиятлари кўпайгач, қалбларини қоплаб қолгандир”.

Қалб гуноҳлар дастидан занглайди. Агар гуноҳлар кўпайиб бораверса, қалбдаги занг ҳам кўпайиб, охири қалбни қолаб қолади. Кейин бора-бора ушбу занг муҳрга, қулфга ва тугунга айланади. Натижада қалбни парда ва ғилоф қоплагандек бўлиб қолади. Агар банда Аллоҳ таоло ҳидоят қилиб, ҳақни кўрсатиб қўйганидан сўнг шу ҳолатга тушса, қалби тепаси пастига қилиб ағдариб қўйилади.  Ана ўшанда душмани (шайтон) уни истаган йўлига солади.

Бўлим

  1. Гуноҳлар бандани Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам лаънатига дучор қилади

Пайғамбаримиз бир қанча гуноҳларни (яъни уларни қилганларни) лаънатлаганлар. У зот лаънатламаган, аммо улардан кўра каттароқ гуноҳлар ҳам борки, улар лаънат остига дохил бўлишга ҳақлироқдир.

(Қуйида Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ лаънатланган гуноҳларни зикр қилишга тушади)

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам танага игна билан нақш чизувчи ва чиздирувчини, соч уловчи ва улатувчини, қош терувчи ва тердирувчини, тишлар орасини гўзаллик талабида очувчи ва очтирувчини, судхўрни, унга вакил қилувчини, ёзувчисини, унга гувоҳ бўлувчиларни, уч талоқ этилган аёлни ҳалоллаб берувчи, ҳалоллатувчи эрни, ўғрини, ароқ ичувчини, уни қуйиб берувчисини, сиқувчисини (тайёрловчини), сотувчисини, сотиб олувчисини, даромадини еювчисини, кўтариб олиб келувчисини, унга олиб келинганни, ернинг чегараларини ўзгартирувчи (ўзлаштирувчи)ни, ота-онасини лаънатлаганни, тирик жонни нишон қилиб унга ўқ отувчини, хотинчалиш эркакларни ва эркакшода аёлларни, Аллоҳдан бошқасига атаб жонлиқ сўйганни, жиноятчини ва уни яширганни, расм чизувчиларни, баччавозлик қилганларни, ота-онасини ҳақорат қилганларни, кўзи ожиз инсонни йўлдан адаштириб юборганни, ҳайвонларга жинсий яқинлик қилувчиларни, ҳайвоннинг юзига тамға босувчиларни, мусулмон одамга азият берган ёки унга макр-ҳийла қилганни, қабрларни қайта-қайта зиёрат қилиб, у ерларни намозгоҳ қилиб, шамлар ёқадиган аёлларни, эрли хотинни эридан совутган ёки қулни хожасидан айнитган кимсани, хотинининг орқасига яқинлик қилувчи инсонни лаънатладилар.
Шунингдек, эрининг тўшагини тарк этиб, бошқа жойда тунаган аёлни тонг отгунга қадар фаришталар лаънатлаши ҳақида хабар берганлар.
Ўз отасидан бошқага ўзини нисбат берганни лаънатлаганлар.
Мусулмон биродарига темирли нарса билан ўқталган одамни фаришталар лаънатлашини айтганлар.
Саҳобаларни сўкканни лаънатлаганлар.
Дарҳақиқат, Аллло азза ва жалла ерда бузғунчилик қилиб, қариндошлик ришталарини узувчиларни, Аллоҳ ва Расулига азият берувчиларни лаънатлаган.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёл кишининг кийимини киядиган эркакни ва эркакнинг кийимини киядиган аёлни лаънатлаганлар.
Бошқа бир ўринда пора берувчини, олувчини ва ўртада турган одамни ва бошқа бир қанча ишларни қилганларни лаънатлаганлар.
Мазкур ишларни қилган инсон ўзини Аллоҳ, Расули ва фаришталар лаънатлайдиган инсонлар қаторига киришга рози бўлишидан бошқа ёмон жиҳати бўлмаганда ҳам, шунинг ўзи бу ишларни тарк қилишга етарли бўларди.

Изоҳ қолдиринг