Қиёматнинг катта аломатлари: Яъжуж ва маъжужнинг чиқиши (5)

0

Тўғон ҳозирда мавжуд эканига, бузилиб кетмаганига далил бўладиган ҳадисни Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундай ривоят қилади: «Яъжуж ва маъжуж тўғонни ҳар куни бузишга ҳаракат қиладилар. Қуёш нури кўринай деб қолганида: “Кетдик, қолганини эртага бузамиз, деб қайтиб кетишади. Шунда Аллоҳ таоло уни аввалгидан ҳам мустаҳкамроқ қилиб қўяди. То бир кун келиб, Аллоҳ таоло уларни одамлар қаршисига чиқаришни истаганида улар тўғонни бузиш учун чиқишади. Қуёш нури кўринай деб қолганида бошлиқлари: “Қайтинглар, иншооллоҳ, эртага келиб, қолганини бузасизлар, дейди. Улар (эртасига) қайтиб келиб, тўғонни қандай ҳолда қолдирган бўлсалар, ўшандай ҳолда турганини кўрадилар. Шундан сўнг уни бузиб, одамлар қаршисига чиқиб келадилар, сувларни ичиб қўядилар. Одамлар улардан қочади»[1].

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ «Фатҳ ал-Борий»да айтади: «Ибн ал-Арабий раҳимаҳуллоҳ деди: “Мазкур ҳадисдан қуйидаги уч нарса хулоса қилинади:

  1. Аллоҳ яъжуж ва маъжужга эртаю кеч, тинимсиз тўғонни қазиш имкониятини берди.

  2. Нарвон ёки бошқа бирор асбоб-ускуна ёрдамида тўғонни ошиб ўтишга уринишдан уларни тўсиб қўйди, бу нарсани кўнгилларига солмади, ўргатмади.

  3. У Зот то белгиланган вақт келгунга қадар уларни «иншооллоҳ» дейишдан тўсиб қўйди”»[2].

Уларнинг қиёмат аломатларидан саналадиган охирзамондаги чиқишлари ҳануз содир бўлгани йўқ. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган ҳадислар уларнинг чиқиши Исо алайҳиссалом тушишидан кейин содир бўлишига далолат қилади. Зеро, уларни ҳалок этишни сўраб Аллоҳ азза ва жаллага дуо қиладиган ҳам у киши бўлади. Ўшанда Аллоҳ уларни ҳалок қилади ва одамлар уларнинг ёмонлигидан қутуладилар.

Ҳар бир мусулмон яъжуж ва маъжуж ҳамда тўғон ҳақида Китобу суннатда келган хабарларга иймон келтириши вожибдир. Айрим кишилар яъжуж-маъжужни ва Зулқарнайн улар билан қўшнилари орасига қуриб берган тўғонни инкор этишлари ва бунга ҳозирда баъзи ривожланган кофир давлатлар тарафидан ер юзида кашф қилинмаган жой қолмаганини, бироқ улар яъжуж ва маъжужни топмаганини, Зулқарнайн қурган мазкур тўғонни кўрмаганини ҳужжат қилишлари ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Албатта, уларнинг бу айтганлари тўғри эмас. Зеро, бу гап Аллоҳнинг Китобида келган ва ҳаводан олиб сўзламайдиган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган очиқ-ойдин далилларни ёлғонга чиқариш бўлади. Аллоҳ азза ва жалланинг Китобида ва Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларида келган бирор хабарни ёлғонга чиқарган кимса кофир бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло айтганидек: «Фақат кофирларгина Бизнинг оятларимизни (яъни, Қуръонни) инкор қиладилар» (Анкабут, 47).

Энди уларнинг: «Бутун ер юзи кашф этиб бўлинди, бироқ яъжуж-маъжуж ва тўғон топилмади», деган иддиоларига келсак, бу фақат одамзотнинг ожиз ва қосир эканини кўрсатишдан бошқасига ярамайдиган ботил даъводир. Чунки ернинг барча нуқталарини қамраб олиш ва ундаги бутун махлуқотларни англашга Ўз илми билан барча нарсани иҳота қилган Аллоҳ азза ва жалладан ўзгаси қодир эмас. Улар кўрмаган бўлишса, демак яъжуж ва маъжуж йўқ экан, деган хулоса келиб чиқмайди. Чунки Аллоҳ азза ва жалла одамларни яъжуж ва маъжуж ҳамда тўғонни кўришдан буриб қўйган бўлиши мумкин. Ёки У зот Бани Исроил қавмини ернинг бир парчаси бўлган чўлда қирқ йил адаштириб қўйгани, токи маълум муддат ниҳоясига етмагунча бошқа одамлар уларни кўрмагани сингари яъжуж ва маъжужни ҳам одамлардан тўсиб қўйган бўлиши мумкин. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло барча нарсага қодир ва барча нарсага маълум муддат ва вақт белгилаб қўйган Зотдир. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Пайғамбар,) қавмингиз (кофирлари) бу (Қуръон)ни ёлғон санашди. Ҳолбуки, у ичидаги (барча нарса) ҳақ-рост бўлган (китоб)дир. Сиз (уларга) айтинг: “Мен сизлар устингизда (назоратчилик қилишга) вакил эмасман. (Мен Аллоҳнинг сизларга юборган рисолатини етказувчи бир элчиман, холос).

Ҳар бир хабарнинг қарор топадиган ўрни (ва етиб борадиган ниҳояси) бор. (Эй кофирлар, буни) яқинда билиб оласиз!» (Анъом, 66-67). Қадимгилар кашф этишдан ожиз қолган нарсани кейингилар кашф этиши Аллоҳ азза ва жалла барча нарсанинг вақтини белгилаб қўйганининг бир тасдиғи, холос[3].

[1] Термизий (3153) ва Ибн Можа (4080) ривояти.

[2] «Фатҳ ал-Борий», 13/190.

[3] Қаранг: «Итҳоф ал-жамоъа», 2/297.  «Ал-иршод ило саҳиҳ ал-эътиқод», 214-бет.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг