Таҳорат: Таҳорат олиш вожиб бўлган ишлар

0

Таҳорат олиш вожиб ёки мустаҳаб бўлган ишлар

Баъзи ишлар учун таҳорат олиш вожиб бўлса, баъзи ишлар учун вожиб эмас, мустаҳабдир.

Таҳорат олиш вожиб бўлган ишлар

Икки ҳолатда таҳорат олиш вожибдир:

  1. Намоз

Намоз дуруст бўлиши учун таҳоратсиз киши таҳорат олиши шарт. Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи шунга далолат қилади: «Эй иймон келтирганлар, агар (таҳоратсиз ҳолингизда) намоз ўқишни истасангиз, юзларингизни ювингиз, қўлларингизни ҳам тирсаклари билан қўшиб ювингиз, бошингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни тўпиқлари билан қўшиб ювингиз» (Моида, 6).

Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Таҳоратсиз ўқилган намоз ва (тақсимотдан олдин ўлжалар ичидан) ўғринча олинган молдан қилинган садақа қабул бўлмайди»[1].

Таҳоратли киши, модомики таҳоратни бузадиган бирон иш қилмаган бўлса, ҳар намоз учун янгидан таҳорат олиши вожиб эмас, шу таҳорати билан истаганча намоз ўқийвериши жоиз.

Бунинг далили Бурайда разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар намоз учун (алоҳида) таҳорат олар эдилар. (Макка) фатҳи куни бир қанча намозларни бир таҳорат билан ўқидилар. Умар у зотга: «Сиз (илгари) ҳеч қилмаган ишни қилдингиз», деганида, у зот: «Атайлаб шундай қилдим», дедилар»[2].

Шундай бўлсада, таҳоратли киши ҳар намоз учун янгидан таҳорат олиши мустаҳабдир. Келгусида таҳорат олиш мустаҳаб бўлган ишларни санар эканмиз, шунга далолат қиладиган ҳадисни келтирамиз.

  1. Тавоф

Каъбани тавоф қилмоқчи бўлган инсон худди намоздаги сингари комил таҳоратли бўлиши шарт қилинади. Товус (ибн Кайсон) Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрган бир кишидан (яъни саҳобийдан) ривоят қилишича, у зот бундай деганлар: «Каъбани тавоф қилиш намоз (каби)дир. Шундай экан, тавоф қилсангиз оз гапиринглар»[3].

Шунинг учун аксар уламолар тавоф учун намозда шарт қилинган ишлар шарт қилинишини айтганлар. Фақат тавофда гапиришга рухсат берилди. Юқоридаги ҳадисда бу очиқча айтилганини кўришимиз мумкин.

Баъзи уламоларнинг фикрича, тавоф учун таҳорат шарт қилинмайди. Бу фикрни Ибн Таймия «Мажмуъ ал-фатово»да, Ибн Усаймин «Аш-шарҳ ал-мумтеъ»да[4] рожиҳ – тўғрироқ деб билган. Бу ҳақда ҳаж китобида ҳам сўз юритилади, иншааллоҳ.

[1] Муслим (224), Термизий (1), Ибн Можа (272) ривояти.
[2] Муслим (277), Абу Довуд (172), Термизий (61), Насоий (1/86) ривояти.
[3] Насоий (5/222), Аҳмад (3/414, 4/64) ривояти. Тўғрироқ фикрга кўра, Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ «Мажмуъ ал-фатово»да (26/198) ихтиёр қилганидек, мазкур сўз Ибн Аббоснинг сўзидир. Дарҳақиқат, Шайх Мустафо Адавий «Ал-жомеъ ли-аҳком ан-нисо» китобида (2/515) мазкур сўз Ибн Аббос разияллоҳу анҳумонинг сўзи эканини атрофлича ёритган.
[4] «Мажмуъ ал-фатово» (26/198); «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 7/300.

Изоҳ қолдиринг