Таҳорат: Таҳорат олиш мустаҳаб бўлган ишлар

0

Таҳорат олиш мустаҳаб бўлган ишлар

  1. Ҳар намоз учун янгидан таҳорат олиш

Юқорида айтиб ўтганимиздек, таҳоратли инсон бир таҳорат билан хоҳлаганча намоз ўқиши жоиз. Лекин ҳар намоз учун янгидан таҳорат олиши мустаҳабдир. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар намоз олдидан таҳорат олар эдилар»[1].

  1. Аллоҳни зикр қилиш учун таҳорат олиш

Аллоҳни зикр қилмоқчи бўлган инсон ҳар қандай ҳолатларда: таҳоратли, таҳоратсиз ёки жунуб ҳолида, ўтирган, юрган ёки ёнбошлаган ҳолида Аллоҳни зикр қилиши жоиздир. Зеро, ҳадисда келишича, «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам барча ҳолатларида Аллоҳни зикр қилар эдилар»[2]. Албатта, бу жоизлик жиҳатидан айтилган гап. Шундай бўлсада, зикр қилувчи таҳоратли бўлиши мустаҳабдир. Муҳожир ибн Қунфуз разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам кичик ҳожат чиқараётган пайтларида у зотга салом беради. Шунда у зот ҳожатдан бўшаб, таҳорат олмагунларича саломга алик олмайдилар. Саломга алик олгач: «Таҳоратсиз зикр қилишни хушламаганим боис саломингга алик олмадим»[3], дейдилар».

Шунингдек, таҳоратсиз киши Қуръон тиловат қилиши, мусҳафни ушлаши ҳам жоиз. Зеро, таҳоратсиз кишини бундан ман қиладиган очиқча саҳиҳ далил йўқ. Шундай бўлсада, бу ишлар учун таҳоратли бўлиш мустаҳаб саналади.

  1. Дуо қилиш учун таҳорат олиш

Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Таҳорат учун сув келтиринглар», дедилар. Таҳорат олгач, туриб қиблага юзландилар. Такбир айтиб шундай дедилар: «Отам Иброҳим Сенинг банданг, халилинг бўлган эди. У Макка аҳли учун Сенга дуо қилган эди. Мен Муҳаммад Сенинг банданг ва расулингман. Мадина аҳли учун Сенга дуо қиламан. Макка аҳлининг бир баракасига икки барака қўшиб берганингдек, Мадина аҳлининг (ўлчов идишлари): муд ва соъларига барака бер»[4].

  1. Уйқудан олдин таҳорат олиш

Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Агар (ухлаш учун) тўшагинга ётсанг, намозга таҳорат қилгандек таҳорат қил. Сўнг ўнг тарафингга ёнбошлаб:

 

اللَّهُمَّ أَسْلَمْتُ نَفْسِي إِلَيْكَ ، وَوَجَّهْتُ وَجْهِي إِلَيْكَ وَفَوَّضْتُ أَمْرِي إِلَيْكَ ، وَأَلْجَأْتُ ظَهْرِي إِلَيْكَ ، رَغْبَةً وَرَهْبَةً إِلَيْكَ ، لا مَلْجَأَ وَلا مَنْجَا مِنْكَ إِلا إِلَيْكَ ، آمَنْتُ بِكِتَابِكَ الَّذِي أَنْزَلْتَ وَبِنَبِيِّكَ الَّذِي أَرْسَلْتَ

«Эй Аллоҳ, мен Сенга интилганим, Сендан қўрққаним учун ўзимни Сенга таслим қилдим, юзимни Сенга қаратдим, ишимни Сенга топширдим ва (ишларимда) Сенга таяндим. Сендан қочиб-қутилиб бўлмайди. Балки Сендан қочган яна Ўзингнинг ҳузурингдан нажот ва бошпана топади. Эй Аллоҳ, Сен нозил қилган китоб (Қуръон)га ва Сен юборган набиййингга иймон келтирдим», деб айт. Агар шу кеча вафот этсанг фитратда – тавҳидда вафот этган бўласан. Бу сенинг (уйқудан олдин айтадиган) сўнг сўзинг бўлсин», дедилар. Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бу дуони қайта айтиб бердим. «Сен нозил қилган китоб (Қуръон)га», деган жойига келганимда, давомини айтар эканман, «юборган расулингга», деб айтдим. Шунда у зот: «Йўқ, юборган набиййингга», деб тўғрилаб қўйдилар»[5].

  1. Жунуб инсон таҳорат олиши

Жунуб инсон ухлашни, еб-ичишни ёки қайтадан аёлига яқинлик қилишни истаса, таҳорат олиши мустаҳаб бўлади. Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадис шуни кўрсатади. Унда келишича, Умар разияллоҳу анҳу: «Эй Расулуллоҳ, инсон жунуб ҳолида ухласа бўладими?» деб сўрайди. «Ҳа, таҳорат олса, (ухласа бўлади)»[6], жавоб берадилар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам жунуб ҳолларида еб-ичмоқчи ёки ухламоқчи бўлсалар, таҳорат олар эдилар»[7].

Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ»ларида Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадис юқоридаги ҳукмни қўллаб-қувватлайди. Мазкур ҳадисда келишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан «Инсон жунуб ҳолида ухлаши жоизми?» деб сўралди. Шунда у зот: «Ҳа, хоҳласа таҳорат олади»[8], деб жавоб бердилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «хоҳласа» деган сўзлари мазкур ҳолатда таҳорат олиш вожиб эмас, балки ихтиёрий эканини кўрсатади.

Жунуб инсон аёлига қайтадан яқинлик қилишни хоҳласа таҳорат олиши мустаҳаблигига келсак, қуйидаги ҳадис шунга далолат қилади:

Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан бирингиз аёлига яқинлик қилгач, яна яқинлик қилишни хоҳласа, таҳорат олсин»[9]. Бошқа бир ривоятда «Зеро, шундай қилиши кишини қайтадан яқинлик қилишига тетикроқ қилади»[10], дейилади.

  1. Оловда пишган нарсани еб-ичиш сабабли таҳорат олиш

Исломнинг дастлабки даврларида оловда пишган нарсани еб-ичиш сабабли таҳорат олиш вожиб бўлганига далолат қиладиган ҳадислар бор. Бироқ кейинчалик вожиблиги бекор  қилиниб, мустаҳаб қилинган. Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Оловда пишган таомни еб-ичгандан кейин таҳорат қилинглар»[11]. Аслида ҳадисдаги таҳорат олиш тўғрисидаги бўйруқ бу ишнинг вожиб эканига далолат қилади. Энди вожибликнинг насх қилинишига келсак, бу ҳақдаги ҳадисни Абу Довуд ва Насоий Жобир разияллоҳу анҳудан саҳиҳ санад билан ривоят қилишган. Жобир разияллоҳу анҳу айтади: «Оловда пишган таомни еб-ичгандан кейин таҳорат олиш ёки олмаслик борасида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги амал қилган иш таҳорат олмаслик бўлган эди»[12].

  1. Таҳорат бузилиши билан қайтадан таҳорат олиш

Мусулмон инсон гарчи намоз ўқиш нияти бўлмаса ҳам, таҳорати кетиши билан янгидан таҳорат олиши мустаҳабдир. Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Ҳақда (оғишмай) туринглар. (Ҳақда чинакам оғишмай туришга ёхуд ҳақ йўлидаги барча амалларни қамраб олишга) асло қодир бўлмайсиз. (Шундай экан, қўлингиздан келганча ҳаққа интилинг ва қосирлигингизга иқрор бўлинг). Билингизки, амалларингизнинг энг яхшиси (ҳақда оғишмай турганингизга далолат қилувчироғи) намоздир. Фақат (комил) мўмингина доимий равишда таҳоратли юради»[13].

Бурайда ибн Ҳусойб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни тонгда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Билолни чақириб, унга шундай дедилар: «Эй Билол, нима амалинг билан мендан олдин жаннатга кириб улгурдинг. Бу кеча (тушимда) жаннатга кирсам, олдимда сенинг шиппагинг товушини эшитдим?» Билол деди: «Эй Расулуллоҳ, қачон азон айтган бўлсам, албатта, (азон ортидан, иқоматдан олдин) икки ракаат намоз ўқийман. Шунингдек, қачон таҳоратим бузилса, дарров қайтадан таҳорат оламан ва (мендан озорни кетказгани, таҳорат олишга муваффақ қилгани боис) Аллоҳ учун зиммамда икки ракаат намоз ўқиш бор деб биламан». Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Шу иккиси (яъни шу икки хислат ёки давомли таҳорат билан юришинг ва таҳорат ортидан икки ракаат намоз ўқишинг ёхуд азон ва таҳоратдан кейинги икки ракаат намозинг ҳамда мудом таҳоратли юришинг) сабабли (шу мартаба эришдинг)»[14].

  1. Маййитни кўтарган кишининг таҳорат олиши

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким маййитни ювган бўлса ғусл қилсин, ким уни кўтарган бўлса таҳорат олсин»[15].

Ушбу ҳадисдаги ғусл ва таҳорат қилиш тўғрисидаги бўйруқдан шу ишларнинг мустаҳаблиги назарда тутилган. Зеро, Ҳоким Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадис шуни кўрсатади. Унда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар: «Маййитларингизни ювган киши ғусл қилиши вожиб эмас. Зеро, маййитларингиз нажосат эмас. Балки қўлларингизни ювишингиз кифоядир»[16].

[1] Бухорий (214), Абу Довуд (171), Термизий (60), Ибн Можа (509) ривояти.
[2] Муслим (373), Абу Довуд (18), Термизий (3384), Ибн Можа (302) ривояти.
[3] Саҳиҳ. Абу Довуд (17), Ибн Можа (350), Насоий (1/35), Аҳмад (5/345) ривояти. Қаранг: Албоний. «Саҳиҳ ал-жомеъ», 2472.
[4] Саҳиҳ. Термизий (3914), Аҳмад (1/115), Ибн Хузайма (209, 210) ривояти.
[5] Бухорий (247), Муслим (2710), Абу Довуд (5046), Термизий (3394), Насоий («Ал-явм вал-лайла»да, 780, 785) ривояти.
[6] Бухорий (287), Муслим (306), Термизий (120), Насоий (1/139), Ибн Можа (585) ривояти.
[7] Муслим (305), Абу Довуд (222), Насоий (1/138) ривояти.
[8] Саҳиҳ. Ибн Хузайма (211), Ибн Ҳиббон (1216) ривояти.
[9] Муслим (308), Абу Довуд (220), Термизий (141), Насоий (1/142), Ибн Можа (587) ривояти.
[10] Саҳиҳ. Ибн Хузайма (221), Ибн Ҳиббон (1211) ривояти. Албоний «Саҳиҳ ал-жомеъ»да (263) саҳиҳ деган.
[11] Муслим (353), Ибн Можа (486) ривояти.
[12] Саҳиҳ. Абу Довуд (192), Насоий (1/108) ривояти.
[13] Саҳиҳ. Ибн Можа (277), Аҳмад (5/276), Ҳоким (1/130) ривояти. Ҳадисни Ҳоким саҳиҳ деган ва Заҳабий унинг бу фикрини маъқуллаган. Шунингдек, Мунзирий ҳадисни «Ат-тарғиб ват-тарҳиб»да саҳиҳ деган. Ҳадиснинг шу маънодаги бошқа лафзлари ҳам мавжуд. Қаранг: Албоний. «Ирво ал-ғалил», 1/135.
[14] Саҳиҳ. Ҳадисни Термизий (3689) ва Ҳоким (1/313) ривоят қилишиб, саҳиҳ дейишган. Заҳабий Ҳокимнинг фикрини маъқуллаган. Шунингдек, ҳадисни Имом Аҳмад (5/354, 360) ҳам ривоят қилган.
[15] Санади ҳасан. Термизий (993), Ибн Можа (1463), Абу Довуд (3161) ривояти. Ҳадис матни Абу Довудга оид.
[16] Ҳасан. Ҳоким (1/386), Дорақутний (2/76), Байҳақий (3/398) ривояти. Ҳадисни Ҳоким саҳиҳ деган, Заҳабий унинг бу фикрини маъқуллаган. Шунингдек, ҳадисни Ҳофиз Ибн Ҳажар «Ат-талхис»да (1/137, 138) ҳасан, Албоний «Саҳиҳ ал-жомеъ»да (5408) саҳиҳ деган.

Изоҳ қолдиринг