Таҳорат: Таҳорат олиш тартиби ва мавзуга доир мулоҳазалар

0

Таҳорат олиш тартиби

Ўтган мақолаларимизда таҳоратнинг фарзлари ва суннатлари ҳақида сўз юритдик. Амалда татбиқ қилиш янада осонроқ бўлиши учун қуйида таҳорат олиш кетма-кетлигини тартиб билан келтирамиз:

  • Қалбда таҳорат олишни ният қилиш ва мисвок қилиш;

  • Таҳоратни «бисмиллоҳ» деб, Аллоҳ номи билан бошлаш;

  • Икки қўл (кафт)ни уч мартадан ювиш;

  • Уч ҳовуч сув билан уч бор оғиз ва бурунни чайиш. Тўғрироқ фикрга кўра, ҳар сув олганда оғиз ва бурун чайилади. Шунингдек, аввало уч марта оғизни, сўнг уч бор бурунни чайиш ҳам жоиз;

  • Соқолга тахлил қилиш билан бирга юзни уч бор ювиш;

  • Дастлаб ўнг қўлни, сўнг чап қўлни бармоқ учларидан бошлаб, тирсаккача (тирсакни қўшиб) уч марта ювиш;

  • Бошга масҳ тортиш масаласида батафсил баён қилинган тартибда бошга масҳ тортиш;

  • Бошга қўшиб икки қулоққа ҳам масҳ тортиш;

  • Дастлаб ўнг оёқни, сўнг чап оёқни тўпиққа қадар (тўпиқ билан бирга) уч марта ювиш;

  • Таҳорат олиб бўлгач, «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росуулуҳ»ни айтиш.

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Таҳорат олиш асносида гапириш жоиз. Зеро, бу ўринда гапиришдан ман қиладиган бирон далил йўқ.

  2. Таҳорат олиш асносида айтиладиган зикрлар йўқ. Бу борада келган барча ҳадислар ҳужжатликка яроқсиз заиф ҳадислардир.

  3. Таҳорат олгандан кейин тирноқ ёки соч олинса, тирноқ ёки соч олиш натижасида кўриниб қолган жойларни ювиш шарт эмас.

  4. Оғиз чайиш асносида бармоқни оғизга солиб ишқалаш хусусида бирон далил келмаган. Шунинг учун, оғизга сув олиб, сувни ҳаракатлантириш ва тупуриб ташлаш кифоя қилади.

  5. Соч қалин бўлса-ю, унинг устига масҳ тортилган бўлса, бироқ намлик бош терисига етиб бормаса, таҳорат дуруст бўлаверади, бош терисига нам етмаслигининг зиёни йўқ. Бироқ бунинг учун бош устидаги сочга масҳ тортилган бўлиши, сочнинг фақат осилиб турган қисмига масҳ тортиш билан чекланмаган бўлиши шарт.

  6. Таҳорат олиш асносида устига масҳ тортиш учун атайлаб салла кийиб олиш, шунингдек, аёл киши бошидаги рўмолга масҳ тортиши ҳам жоиздир.

  7. Таҳорат аъзолари устида шам, бўёқ, лак ва ҳоказо сув ўтказмайдиган моддалар бўлса, аввало уларни кетказиш вожибдир. Акс ҳолда, олинган таҳорат дуруст бўлмайди.

  8. Таҳорат аъзоларида хина, йод ва шу каби танага сув етишини ман қилмайдиган, бироқ терида ранги қоладиган моддалар бўлиши таҳоратнинг дуруст бўлишига таъсир қилмайди.

  9. Таҳоратда бўйинга масҳ тортиш жоиз эмас, бидъатдир.

  10. Ичида ҳожатхонаси бор ҳаммомда таҳорат олиш жоиз бўлиб, бу ҳолатда «бисмиллоҳ» махфий айтилади.

  11. Инсоннинг икки қўли ҳам кесилган бўлса, у ҳолда имкони бўлса гарчи иш ҳақи эвазига бўлсада таҳорат қилдирадиган хизматкор ёллайди. Бундай хизматкор топилмаса (ёки моддий имконияти бўлмаса), у ҳолда таҳорат олиш ундан соқит бўлади. Бундай инсон таҳоратсиз намоз ўқийверади ва таҳорат олишга имкон топганда таҳоратсиз ўқиган намозларини қайтадан ўқиши талаб этилмайди.

  12. Таҳорат асносида бирон аъзони ювиш эсидан чиқиб қолса, орадан кўп вақт ўтмаган бўлса, ўша аъзодан бошлаб қайтадан таҳорат олади. Аммо орадан кўп вақт ўтган бўлса, у ҳолда бошқатдан таҳорат олади.

  13. Инсон таҳоратсиз намоз ўқиган бўлса, таҳоратсизлигини билиб, ё билмай ёки унутиб намоз ўқишидан қатъи назар, намози дуруст бўлмайди. Фақат билмасдан ёки унутиб таҳоратсиз ўқиган инсон гуноҳкор бўлмайди ва намозни қайтадан таҳорат билан ўқиши талаб этилади. Атайлаб таҳоратсиз ўқиган инсон эса катта гуноҳга қўл урган саналиб, гуноҳи учун пушаймон бўлиши, тавба қилиши ва намозни қайтадан таҳорат билан ўқиши талаб этилади.

  14. Таҳоратда оғиз чайиш асносида машаққат бўлгани боис протез тишларни чиқариш талаб этилмайди. Қўлни ювишда узукни қимирлатиш масаласига келсак, бу хусусда уламолар ихтилоф қилишган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат асносида узукларини қимирлатиши тўғрисида Ибн Абу Шайба ривоят қилган ҳадис заиф ҳадисдир[1].

  15. Таҳоратдан сўнг аъзоларни сочиқ билан қуритиш жоиз бўлганидек, бу ишни тарк қилиш ҳам жоиздир. Чунки бу каби ишлардаги қоидага кўра, сочиқ ишлатиш ҳам, ишлатмаслик ҳам ихтиёрий. Бу масала хусусида келгусида ғусл бобида ҳам сўз юритилади, иншааллоҳ.

[1] Ибн Абу Шайба ривояти, 1/44. Қаранг: Албоний. «Заиф ал-жомеъ», 4361.

Изоҳ қолдиринг