Қурбонлик аҳкомлари

0

Аллоҳга ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммадга салавот ва саломлар бўлсин!

 Қурбон байрами кунларида Аллоҳ таолога яқинлашиш мақсадида сўйилган чорва ҳайвони қурбонлик дейилади. Абу Ҳанифа ва Авзоий роҳимаҳумуллоҳларнинг фикрларича, қурбонлик қилиш қодир одамга вожибдир. Бироқ жумҳур уламоларнинг наздида қурбонлик қилиш суннати муаккададир. Қурбонлик қилишнинг ҳикматлари кўп. Жумладан, қурбонлик қилган одам Аллоҳ таолонинг буйруғини адо қилади, камбағалларга гўшт улашади.

Қурбонликка яроқли чорва ҳайвонлари

Қурбонликка яроқли чорва ҳайвонлари ва уларнинг қурбонликка яроқли энг кам ёши қуйидагича:
1) Олти ойлик қўй;
2) Бир ёшли эчки;
3) Икки ёшли мол;
4) Беш ёшли туя.
Юқорида санаб ўтилган ҳайвонларнинг эркак ёки урғoчиси орасида фарқ йўқ.

Энг афзал қурбонлик

Боқилган семиз ва бозорда нархи баланд ҳайвон қурбонлик қилиш учун энг афзал ҳайвон ҳисобланади. Шунинг учун ҳам саҳобалар қурбонлик учун ҳайвон сотиб олиб, уни ҳайитгача уйда боқар эдилар. Бинобарин, қурбонлик қилишга афзал ҳайвонларнинг тартиби қуйидагича:
1) Туя;
2) Мол;
3) Қўй;
4) Эчки;
5) Туя ёки молга шерик бўлиш.

Қурбонлик қилиш шартлари

Қурбонлик қилишнинг шартлари қуйидагича:
1) Қурбонлик сотиб олишга қодир бўлиши;
2) Қурбонлик чорва ҳайвонларидан бўлиши;
3) Қурбонликнинг нуқсонсиз бўлиши;
4) Қурбонликнинг шариат белгилаган вақтда қилиниши.

Қурбонлик қилишга монелик қиладиган нуқсонлар

1) Қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг бир кўзи мутлақ кўрмаслиги;
2) Қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг мўътадил юриши ва ўтлашига таъсир қиладиган даражада касал ёки баданида қўтир ва жароҳати бўлиши;
3) Ҳаддан ташқари чўлоқ бўлиши;
4) Ҳаддан ташқари ориқ бўлиши;
5) Юқорида айтилган айблардан янада каттароқ нуқсони бўлиши.

Бундан бошқа, масалан, шохи синган, тилсиз, қулоғи тешилганга ўхшаш  нуқсонларнинг бўлиши макруҳ бўлса-да, бундай ҳайвонни қурбонлик қилиш жоиз. Шунингдек,  бичилган ҳайвонни қурбонлик қилса бўлади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бичилган иккита қўй қурбонлик қилганлар. Қолаверса, бичилгани учун унинг гўшти янада лаззатли бўлади.

Қурбонлик қилувчига тегишли ҳукмлар

1) Эркак ҳам, аёл ҳам қурбонлик қилиши жоиз.
2) Оиласининг номидан битта қурбонлик қилиши кифоя.
3) Дунёдан ўтган яқинларининг номидан қурбонлик қилиши жоиз.
4) Қурбонлик қилишга қодир бўлмаган кишининг номидан қурбонлик қилиш жоиз. Бироқ унинг розилиги шарт қилинади.
5) Агар бир киши унинг номидан қурбонлик қилишни васият қилса, меросининг учдан биридан қурбонлик қилинади. Агар мероси бўлмаса ёки унинг учдан бири қурбонлик қилишга етмаса, фарзанди унинг номидан қурбонлик қилиши вожиб эмас, балки мустаҳабдир.
6) Қурбонликни ўз қўли билан сўйиши афзал. Агар бошқа мусулмон кишини вакил қилса ҳам, жоиз. Вакил қилинган киши кимнинг номидан қурбонлик қилганини айтиши ёки билиши шарт эмас.
7) Яшаётган шаҳрида шариатга мувофиқ шаклда сўйишнинг имкони бўлмаса, бошқа шаҳарга пулини жўнатиб, ўша ердаги кишилардан бирини қурбонлик қилишга вакил қилади.
8) Қурбонлик қилмоқчи бўлган киши зулҳижжа ойи кирганидан кейин ҳайитгача тирноқ, соч-соқол ва бошқа тукларини олиши жоиз эмас. Бундан бошқа ғусл қилиш, соч тараш, атир сепиш ва аёлига қўшилиш каби ишларни қилиш жоиз. Агар унутиб ёки билмасдан тирноғини ёки соч-соқолини олиб қўйса, модомики қасддан қилмаган бўлса зарари йўқ.

Қурбонликка тегишли ҳукмлар

1) Мол ёки туяга шерик бўлганларнинг ичида баъзилари қурбонлик қилиш учун эмас, балки гўшт олиш ниятида қўшилса, буни қолганларнинг қурбонлигига зиёни йўқ.
2) Мол ёки туяга еттидан ортиқ киши шерик бўлиши жоиз эмас.
3) Қурбонлик гўштини хайрия жамғармаларига бериш жоиз.
4) Қурбонлик гўштидан олган камбағал уни сотиб, пулини ишлатиши мумкин.
5) Қурбонликнинг териси ва калла-почаси эҳсон қилинади ёки ўзи фойдаланади. Уни сотиш ёки қассобга иш ҳақи сифатида ҳисоблаб бериш жоиз эмас.
6) Қурбонлик учун сотиб олинган ҳайвонни сотиш, гаровга қўйиш ёки бировга ҳадя қилиш жоиз эмас.
7) Қурбонликни қарзга сотиб олиш жоиз. Агар олган қарзини қайтара олмасликдан қўрқса ёки шундоқ ҳам бошқа қарзлари бўлса, у ҳолда қарзини тўлагани афзал.
8) Қурбонлик қилишда “бисмиллаҳ” дейиш шарт, такбир айтиш (Аллоҳу акбар дейиш) эса мустаҳабдир.
9) Қурбонлик қилиш вақти ҳайит намозидан кейин то ҳайитнинг тўртинчи куни қуёш ботгунича давом этади. Қанча эрта қилса, шунча яхши. Кечаси ёки кундузи қурбонлик қилишнинг фарқи йўқ.
10) Қурбонликка аталган ҳайвон ўғирланса ёки йўқолиб қолса, агар эгасининг айби билан бўлса, ўрнига бошқа олади. Агар бошқасининг айби билан бўлса, ўрнига бошқа олиши вожиб бўлмай, балки имкони бўлса, ўрнига бошқа қурбонлик сўйиши мустаҳабдир.
11) Қурбонликка атаб бир ҳайвонни сотиб олган бўлса, уни ундан яхшироғига алмаштириши жоиз.
12) Қурбонлик ниятида сўйилган ҳайвоннинг гўштини тўйга ишлатиш жоиз.
13) Қурбонлик гўштини учга тақсимлаб, бир қисмини камбағалларга, бир қисмини бошқаларга, қолган бир қисмини ўзига олиб қолиши ҳақида саҳиҳ далил келмаган. Балки тўғрироғи хоҳлаганича садақа қилади ва хоҳлаганича ўзига олиб қолади.
14) Мусулмонларга қарши уруш қилмаётган, хусусан, исломга кириши умид қилинаётган кофирларга қурбонлик гўштидан бериш жоиз.

Қурбонликни сўйишдаги макруҳ ишлар

Қурбонлик сўйишда қуйидаги ишлар макруҳ саналади:
1) Қурбонлик қилинаётган ҳайвоннинг кўз олдида пичоқни қайраш;
2) Бошқа ҳайвоннинг кўз олдида сўйиш;
3) Қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг оёғи ёки бўйнини синдириш, ток билан карахт қилиш, пешонасига болта билан уриб озор бериш.

Қурбонликка тегишли бидъатлар

Бу борадаги бидъатлар шаҳардан шаҳарга қараб фарқ қилади. Шуни билиб олишимиз керакки, бу борада далил келмаган ҳар қандай иш бидъат бўлади. Жумладан:
1) Сўйишдан олдин таҳорат олиш;
2) Қурбонлик қилинган ҳайвоннинг қонини унинг териси ва калласига суртиш;
3) Бутун ислом умматининг камбағаллари номидан қурбонлик қилиш.

Юқорида айтилганлар қурбонликка тааллуқли фиқҳий аҳкомлардир. Қурбонлик қилишдан асл мақсад эса қалбда Аллоҳ таолони зикр қилиб, У зотга нисбатан тақво ҳосил қилиш эканини унутмайлик. Зеро, Аллоҳ таоло: “Аллоҳга қурбонликнинг гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмайди – кўтарилмайди. Унга сизлардаги тақво етади – кўтарилади” – деган, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг