Қиёматнинг катта аломатлари: Яъжуж ва маъжужнинг чиқиши (6)

0

Тўртинчи масала – яъжуж ва маъжужнинг ҳалокати ва уларнинг ўлимидан кейинги фаровон ва баракали ҳаёт

Яъжуж ва маъжужнинг ер юзидаги бузғунчиликлари ҳамда зўравонликлари, одамзоту набототни ҳалок этишлари ҳаддан ошгач, Аллоҳнинг пайғамбари Исо ибн Марям алайҳиссалом ва у кишининг асҳоблари Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога дуо-илтижо қилиб, бошларига тушган, ўзлари уни даф этишга чора топа олмаган кулфату машаққатларни аритишини сўрайдилар. Шунда Аллоҳ дуоларини ижобат қилиб, яъжуж ва маъжуж устига майда қуртларни тўкади. Натижада уларнинг барчалари ҳалокатга юз тутиб, жасадлари чигиртканинг ўлиги каби устма-уст бўлиб кетади. Ер юзи уларнинг сассиқ ҳидларига тўлиб кетади. Энди улар одамларга жасадларидан чиқаётган бадбўй ҳидлари билан тириклик пайтларидан ҳам кўра кўпроқ озор бера бошлайдилар. Шунда Аллоҳнинг пайғамбари Исо алайҳиссалом ва у кишининг ҳамроҳлари иккинчи бор Аллоҳ азза ва жаллага илтижо қиладилар. Шунда Аллоҳ қушларни жўнатади. Улар яъжуж ва маъжуж жасадларини кўтариб, денгизга улоқтиришади. Аллоҳ ёмғир ёғдириб, улардан қолган асоратларни ювиб ташлайди. Кейин Аллоҳ ерга баракотларини қайтаришини ва ўсимликларини ундиришини буюради. Оламни фаровонлик қоплайди, барака тўлиб-тошади. Исо ибн Марям ва у кишининг асҳоблари роҳат-фароғатда кун кечирадилар.

Аввалроқ бир неча бор зикри ўтган Наввос ибн Самъондан ривоят қилинган узун ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деган эдилар: «Исо пайғамбар ва унинг асҳоблари қамал қилинади. Ҳаттоки улардан бирига ҳўкизнинг боши ҳозирдаги сизларнинг юз динорингиздан афзал бўлади (яъни қаттиқ очарчилик бўлади). Аллоҳнинг пайғамбари Исо алайҳиссалом ва у кишининг асҳоблари дуо-илтижо қиладилар. Шунда Аллоҳ таоло яъжуж ва маъжуж бўйнига «нағаф» қуртини туширади. Улар бир инсоннинг ўлимидек, бирданига (бир вақтда) ҳалок бўладилар. Сўнгра Исо пайғамбар ва унинг асҳоблари ерга тушадилар. Бир қарич ҳам бўш ер топа олмайдилар. Ҳамма ёқни яъжуж ва маъжуж жасади ва бадбўй ҳид босиб кетган бўлади. Исо ва асҳоблари яна дуо-илтижо қиладилар. Аллоҳ ёмғир ёғдиради. Ёмғир ғиштли уй бўлсин, кегиз уй бўлсин, ҳаммасига кириб боради. Ерни ювиб, ойнадек (силлиқ ва покиза) қилиб қўяди. Сўнгра ерга: “Меваларингни ундир, баракангни қайтар”, дейилади. Ўша вақтда бир гуруҳ (одамлар) бир дона анорни еб (тўядилар) ва унинг пўстлоғи остида ҳаммалари сояланадилар. Аллоҳ таоло сутга барака беради. Ҳаттоки бир ҳомиладор туя (сути) бир гуруҳ одамга кифоя қилади. Ҳомиладор сигир (сути) бутун бошли қабила одамларига етади. Ҳомиладор қўй (сути) бир уруғ аҳлига етарли бўлади»[1].

Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу ҳадисида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «…Сўнг улардан бири найзасини силкитиб, осмонга қаратиб отганида найза қонга бўялган ҳолда қайтиб тушади. Бу уларга имтиҳон ва фитна бўлиши учун шундай қилинади. Улар шу алфозда турганда Аллоҳ бўйинларига «нағаф» қуртини туширади. Шунда улар бирорта ҳам қолмай ҳалок бўлишади, овозлари эшитилмай қолади. Шунда мусулмонлар ўзаро: “Биз учун жонини гаровга қўйиб, анави душманга нима бўлганини билиб келадиган киши борми?” дейдилар. Ораларидан бир киши шу иш учун ўзини қурбон қилиб, ўлдирилишга тайёр бўлиб ташқарига чиқади. Тушиб қараса, ҳамма ёқда яъжуж ва маъжужнинг ўликлари қалашиб ётган бўлади. Шунда у: “Эй мусулмонлар жамоаси, хушхабар! Аллоҳ душманларингизга Ўзи кифоя қилибди!” деб жар солади. Одамлар шаҳарлари ва қўрғонларидан чиқиб келадилар, ҳайвонларини ўтлатадилар. Ҳайвонлар ўтлаши учун яъжуж ва маъжужнинг гўштидан бошқа нарса бўлмайди. (Уларнинг гўштини еган мол-қўйлар) ўт-ўлан еб семириши мумкин бўлган энг яхши кўринишда семиради»[2].

[1] Ҳадис тахрижи ўтди.

[2] Ибн Можа (4079) ва Аҳмад (3/77) ривояти. Ҳоким «Мустадрак»да (2/245, 4/489) ривоят қилиб: «Муслимнинг шартига кўра саҳиҳ ҳадис, бироқ Бухорий ва Муслим бу ҳадисни ривоят қилишмаган», деган. Заҳабий Ҳокимнинг фикрини маъқуллаган.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг