Эй иймон келтирганлар (2): Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан одоб сақланг

0

Биринчи нидо

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан одоб сақланг

«Эй иймон келтирганлар, роино  деб айтманг. (Балки бу сўз ўрнига) “унзурно денг ва (сизларга тиловат қилинаётган Раббингизнинг Китобига) қулоқ тутинг. Кофирлар учун аламли азоб бордир” (Бақара, 104).

Шарҳ:

Бу Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига қилган нидосидир. Уларга иймон сифати ила нидо қилмоқда. Чунки мўмин кофирдан фарқли ўлароқ, иймони билан ҳаётдир. У тирик бўлгани боис эшитади, ақл юритади, буюрилган ишни қилишга, қайтарилган ишдан тийилишга қодир бўлади. Кофир эса қулоқ солмайди, ақл юргизмайди, буюрилса бўйсунмайди, қайтарилса тийилмайди.

Эй Аллоҳнинг бу нидосини эшитган банда, Аллоҳ таоло мўмин бандаларига нидо қилар экан, уларни абадий саодат ва баркамол ҳаётга олиб борувчи ишларга буюради, бахтсизлик ва тубанликка етаклайдиган ишлардан қайтаради. Тақво қилганларга жаннат башоратини беради, осийларни эса дўзах азобидан огоҳлантиради, бандаларга манфаатли ишларни ўргатади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳуга қулоқ солайлик. Бир киши унга: “Менга бирон вазифа беринг”, деганида, Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу унга шундай дейди: “Аллоҳ таолонинг: “Эй иймон келтирганлар”, деган нидосини эшитсанг, албатта унга қулоқ тут. Чунки бу нидо сени ё бирон яхшиликка буюрган, ё бирон ёмонликдан қайтарган бўлади”.

Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин бандаларига нидо қилиб, уларни “роино” деб айтишдан қайтариб, “унзурно” деб айтишга буюрди. Сабаби, яҳудийлардан иборат мунофиқлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга “роино”, деб мурожаат қилишарди. Бу уларнинг иброний тилида истеҳзо ва масхара маъносидаги луғат бўлиб, бу билан улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни таҳқирлашни, масхара қилишни мақсад қиладилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни масхара қилиш, ҳақоратлаш куфрдир. Шунинг учун Аллоҳ мўминларни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ўтириб у зотдан Китобу суннатдан таълим олаётганларида “роино” деб айтишдан қайтарди. Бунинг ўрнига араб тилида айни маънони ифода этадиган “унзурно”, яъни бизларни кутинг, сиз айтаётган сўзларни ёдлаб олишимиз ва яхши англаб етишимиз учун шошилманг деб айтишга, шунингдек, мўминларни илм олаётганларида диққат билан эшитиб, одоб билан ўтиришга амр қилди. Бундан ташқари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни масхара қилган яҳуд ва бошқа кофирлар учун аламли азоб ҳозирлаб қўйгани, бу азоб уларга қиёматдан олдин шу дунёнинг ўзидаёқ етишининг маълум қилди.

Бу оятда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга одоб билан муомала қилиш вожиблиги, сўз ёки ҳаракат билан адабсизлик кўрсатиш ҳаром экани баён қилинган. Албатта, бу ҳукм билмай қилишга тааллуқлидир. Аммо билатуриб бирон лафз ё ҳаракат билан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга адабсизлик қилиш айни куфрдир. Аллоҳ сақласин!

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан муомалада билмай адабсизлик қилиш ҳаром, қасддан бўлса, куфр бўлганидек, устоз, муаллим ва тарбиячилар билан адабсиз муомалада бўлиш ҳам ҳаромдир. Мусулмон кишининг айбини очиш, уни масхара қилиш, таҳқирлаш ҳам ҳаром, бунга қўл урган киши қилмишидан тавба қилмаса фосиқ бўлади. Аллоҳ таоло деди: “Эй иймон келтирганлар, бир қавм бошқа қавмни масхара қилмасин. Зеро, масхара қилинганлар масхара қилувчилардан яхшироқ бўлишлари мумкин. Аёллар ҳам бошқа бошқа аёллар устидан кулмасин. Зеро, масхара қилинган аёллар масхара қилувчилардан яхшироқ бўлишлари мумкин. Бир-бирингизни мазах қилманг ва бир-бирингизга лақаблар қўйиб олманг. Иймон келтиргандан кейин бундай фосиқлик (яъни масхаралаш, лақаблар қўйиш) нақадар ёмондир. Ким бундан тавба қилмаса ана ўшалар ўзларига зулм қилган кишилардир” (Ҳужурот, 11).

Аллоҳга ва Расулига адабсизлик қилишдан ҳазир бўлайлик.

Аллоҳнинг номи зикр қилинса ёки оятлари тиловат қилинса унга қулоқ солишимиз ва огоҳ бўлишимиз ҳамда товушимизни баланд кўтармаслигимиз, кулишиб ўтирмаслигимиз керак.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам номлари зикр қилинса ёки ҳадислари айтилса диққат билан эшитишимиз, бизларда у зотга бўлган муҳаббат ва ҳурмат-эҳтиром намоён бўлиши лозим.

Мана шулар бу илоҳий нидо самарасидир. Бу нидони ёд олиш, унинг маъносини англаб етишни бизга насиб қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Буни қадрига етайлик, ундан тўлиқ фойда олайлик ва бу неъматни инъом этган Аллоҳга ҳамд этиб, шукр қилайлик. Зеро, Аллоҳ таоло ҳамд, шукр ва сано айтиладиган зотдир.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг