Дард ва даво (48): Гуноҳнинг касофати (8) Пайғамбаримиз ва фаришталар дуосидан маҳрум бўлиш

0

Бўлим

  1. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва фаришталар дуосидан маҳрум бўлиш

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Пайғамбарини мўмин ва мўминалар ҳаққига истиғфор (яъни уларни кечиришини) сўраб дуо қилишга буюрган. (Шунингдек, фаришталар мўминлар ҳаққига уларни кечиришини сўраб дуо қилишлари ҳақида Қуръони каримда хабар берган) Аллоҳ таоло айтади: «Аршни кўтариб турадиган ва унинг атрофидаги (фаришталар) Парвардигорларига ҳамду сано айтиш билан (У зотни барча айбу нуқсонлардан) поклаб-тасбеҳ айтурлар ва У зотга иймон келтирурлар ҳамда иймон келтирган кишиларни мағфират қилишини сўрарлар: “Парвардигоро, Ўзинг раҳмат-меҳрибонлик ва илм жиҳатидан барча нарсадан кенгдирсан. Бас тавба-тазарруъ қилган ва Сенинг йўлингга эргашган кишиларни Ўзинг мағфират қилгин ва уларни дўзах азобидан сақлагин. Парвардигоро, уларни ҳам, уларнинг ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётлари орасидаги солиҳ-мўмин бўлган кишиларни ҳам Ўзинг уларга ваъда қилган мангу жаннатларга дохил қилгин. Албатта, Сенинг Ўзинггина қудрат ва ҳикмат соҳибидирсан. Ўзинг уларни барча ёмонликлардан асрагин…» (Ғофир,  7-9).

Фаришталарнинг ушбу дуоси гуноҳлардан тавба қилган, Қуръон ва Расулуллоҳнинг суннатидан бошқа таълимотга эргашмаган мўминларгагина тегишлидир. Инсон то мазкур сифатларга эга бўлмас экан, фаришталарнинг бундай дуосига дохил бўламан деб умид қилмай қўяверсин. Аллоҳ бизларни мазкур сифатларга сазовор бўлишимизга Ўзи ёрдам берсин.

Бўлим

  1. Гуноҳнинг яна бошқа касофатлари имом Бухорий ривоят қилган қуйидаги ҳадисда баён қилинган:

Самура ибн Жундуб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан: “Биронтангиз туш кўрдими?”, деб тез-тез сўраб турар эдилар. Шунда истаган киши Аллоҳ таоло ирода қилганча ўз тушини айтиб берар эди. Бир куни эрталаб у зот бундай дедилар: «Бу кеча ҳузуримга икки киши (икки фаришта) келиб мени уйғотди-да, “Юринг!”, деди, мен уларга эргашдим. Бир жойга борсак, бир киши чалқанча ётибди, иккинчи бир киши унинг тепасида турибди. Қўлидаги харсанг тош билан чалқанча ётган кишининг бошига урмоқда. Унинг бошини мажақлаган тош юмалаб, нарига бориб тушмоқда. У тошни олиб келгунча кишининг боши тузалиб қолаяпти. Шу тариқа тик турган киши чалқанча ётган кишининг бошини қайта-қайта мажақлаб азоб бераяпти. Мен: “Субҳоналлоҳ, бу ким?”, деб сўрадим. Ҳамроҳларим: “Юринг, кетдик!”, дейишди. Бир жойга борсак, яна бир киши чалқанча ётибди. Унинг тепасида ҳам аввалгидек бир киши тик турибди. Тик турган киши қўлидаги темир чангак билан чалқанча ётган кишининг аввал бир лунжини бурнидан то кўзига қадар шилиб терисини ташқарига қилиб қўймоқда. Кейин бу ёнига ётқизиб қўйиб, иккинчи лунжини ҳам шундай қиляпти. Бир лунжини шилиб бўлиб иккинчи лунжига ўтгунига қадар аввал шилинган лунжи тузалиб қолаяпти. Тик турган киши ётган кишига шу тариқа қайта-қайта азоб бераяпти. Мен: “Субҳоналлоҳ, бу нимаси?”, деб сўрадим. Ҳамроҳларим: “Юринг, кетдик!”, дейишди. Бу ердан чиқиб йўлда тандирга ўхшаш бир чуқурликка дуч келдик. Унинг ичидан дод-вой овозлари қулоққа чалинар эди. Пастга қараб у ерда қип-ялонғоч эркак ва аёллар борлигини, уларнинг остиларидан эса аланга кўтарилиб келаётганини кўрдим. Билсам, улар ҳар сафар аланга кўтарилганда дод-фарёд қилишаётган эканлар. Мен буни кўриб: “Булар кимлар?”, дедим. Ҳамроҳларим: “Юринг, кетдик!”, дейишди. Юра-юра суви қон ранги каби бир дарё бўйидан чиқиб қолдик. Унинг ичида бир киши зўрға сузиб юрибди. Қирғоқда эса, бошқа бир киши тош тўплаб ўтирибди. Дарёдаги киши базўр қирғоққа сузиб келиб оғзини очган эди, қирғоқдаги киши унинг оғзига тош солиб қўйди. Кейин у қайтиб сузиб кетди. Сўнг яна қайтиб сузиб келиб оғзини очган эди, яна тош солиб қўйди. Шу тариқа ҳар гал сузиб келса, қирғоқдаги киши унинг оғзига тош солиб қўйиб қайтариб юборяпти. Мен ҳамроҳларимга: “Бу иккиси ким?”, дедим. Ҳамроҳларим: “Юринг, кетдик!”, дейишди. Сўнг биз афти-ангоридан ҳатто кўзгу ҳам нафрат қилгудек бадбашара кишининг олдига бориб қолдик. У олдидаги оловни ҳар тарафидан пуфлаб алангалантираётган эди. Мен: “Бу нимаси?”, дедим.  Ҳамроҳларим: “Юринг, кетдик!”, дейишди. Биз йўлда давом этиб баҳор нафаси уфуриб турган бир сўлим боғ олдидан чиқиб қолдик. Унда баҳорги дарахт гулларининг ҳаммасидан бор эди. Боғнинг ўртасида шу қадар новча одам турибдики, унинг боши осмону фалакда бўлганидан, юзини кўрмай қолаёздим. Унинг атрофида кўп болалар бор эди. Умрим бино бўлиб бунча кўп болаларни кўрмаганман. Мен: “Бу ким, булар кимлар?”, дедим. Ҳамроҳларим: “Юринг, кетдик!”, дейишди. Кейин, юра-юра бошқа бир боққа етиб бордик. Мен бунчалик улкан ва гўзал боғни сира кўрмаганман. Ҳамроҳларим менга: “Унга чиқинг”, дейишди. Биз чиқиб, кумуш ва олтин ғиштлардан бунёд этилган бир шаҳарга етдик. Сўнг шаҳар дарвозасига келиб, очишларини сўрадик. Эшик очилди ва биз ичкарига кирдик. Шаҳар аҳли қиёфасининг ярми инсон зоти кўрган энг гўзал суратда, ярми эса энг хунук суратда экан. Ҳамроҳларим уларга: “Боринглар, анави дарёга тушиб чўмилиб чиқинглар!”, дейишди. Қарасам, олдимизда бир дарё оқяпти. Унинг суви сутдек оппоқ эди. Улар дарёда чўмилиб чиққач, қиёфаларидаги хунуклик йўқолиб, жуда гўзал сурат касб этдилар. Ҳамроҳларим менга: “Бу – Адн жаннатидир, анави эса сизнинг манзилингиз”, дейишди. Мен нигоҳимни баландга кўтариб оппоқ булут каби муҳташам қасрни кўрдим. Ҳамроҳларим: “Ана ўша қаср сизники”, дейишди. Мен уларга: “Аллоҳ таоло сизларга баракот ато этсин, мени қўйиб юборинг, у ерга кирай”, дедим. Улар: “Аммо, сиз ҳозир у ерга кира олмайсиз”, дейишди. Мен уларга: “Бу кеча давомида мен жуда ажиб ишларнинг гувоҳи бўлдим. Кўрганларимни тушунтириб беринг”, дедим. Улар: “Биз сизга хабар берамиз”, дея тушунтира кетдилар: “Боя сиз кўрган боши тош билан мажақланаётган киши авваллари Қуръон ўқиб, кейин ташлаб қўйган ҳамда фарз намозларни ўқимай ғафлат босиб ухлаб ётган кишидир. Кейингиси – лунжи бурнидан то кўзига қадар шилинаётган киши эса, уйидан чиқиб ёлғон гапларни айтар, ёлғони бутун дунёга таралар эди. Тандирга ўхшаш чуқурдаги ялнғоч эркак ва аёллар зинокорлар эди. Дарёда сузиб юриб тош ютаётган одамга келсак, у судхўр бўлган. Қаттиқроқ ёнсин деб оловнинг чор тарафидан зўр бериб пуфлаётган, афти-ангоридан ҳатто кўзгу ҳам ҳазар қилгудек бадбашара киши эса, жаҳаннам ўт ёқувчиларининг бошлиғи. Боғдаги улкан одам Иброҳим саллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлиб, атрофидаги болалар фитратда вафот этиб кетган (норасида) болалар”. Пайғамбаримиз гапларини тугатишлари биланоқ, баъзи саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, уларнинг орасида мушрикларнинг болалари ҳам борми?”, деб сўрашди. У зот: “Ҳа, мушрикларнинг болалари ҳам бор. Энди ярми гўзал, ярми хунук одамларга келсак, улар яхши амалларини ёмон амаллари билан қориштириб юборганлар (яъни яхши амаллари билан бирга ёмон амаллари ҳам бўлган одамлар). Аллоҳ таоло уларнинг гуноҳларини мағфират қилади”, деб айтдилар»[1].

 

[1] Бухорий, 7047.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг