Таҳорат: Маҳсига масҳ тортиш (1)

0

Биринчидан: маҳсига масҳ тортиш жоизлиги

Маҳсига масҳ тортиш жоизлиги Пайғамбаримиз суннатлари билан исботланган. Жарир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у кичик ҳожатга чиққач, таҳорат олади ва маҳсисига масҳ тортади. Шунда унинг бу ишидан ажабланган бир киши (яъни Ҳаммом ибн Ҳорис): «Шундай қилса ҳам бўладими?» деб сўрайди. Жарир: «Ҳа, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кичик ҳожатга чиқиб, сўнг таҳорат олганини ва маҳсиларига масҳ тортганини кўрганман», деб жавоб беради. Иброҳим (Нахаий) айтди: «Уларга (яъни Абдуллоҳ ибн Масъуднинг шогирдларига) ушбу ҳадис манзур бўлган, чунки Жарир Моида сураси нозил бўлгандан кейин Исломни қабул қилган эди»[1].

Термизий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ушбу ҳадис маҳсига масҳ тортиш масаласига ойдинлик киритувчи ҳадисдир. Негаки, маҳсига масҳ тортиш жоизлигини инкор этган баъзи олимларнинг фикрича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Моида сурасидаги (оёқларни ювишга буюрган) таҳорат ояти нозил бўлишидан олдин маҳсига масҳ тортганлар, бинобарин, бу иш таҳорат ояти билан насх – бекор қилинган, деб таъвил қилинади».

Термизий айтмоқчики, Жарир ибн Абдуллоҳ Моида сурасидаги таҳорат ояти нозил бўлгандан кейин Исломни қабул этган. Мусулмон бўлганидан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни маҳсига масҳ тортганларини кўрган. Демак, бундан маҳсига масҳ тортиш насх қилинмагани маълум бўлади.

Иккинчидан: пайпоқ, пойабзал ва пайтавага масҳ тортиш

Муғира ибн Шўъба разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат олар эканлар, пайпоқлари билан пойабзалларига масҳ тортдилар»[2].

Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, у таҳорат олса оёқларини ювмас, балки кийиб турган пойабзали устидан масҳ тортиб қўяр ва: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шундай қилар эдилар», дер эди (Баззор саҳиҳ санад билан ривоят қилган).

Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ айтади: «Али ибн Абу Толиб, Ибн Масъуд, Баро ибн Озиб, Анас ибн Молик, Абу Умома, Саҳл ибн Саъд ва Амр ибн Ҳурайслар пайпоққа масҳ тортганлар».

Шунга кўра, пайпоқ ёки пойабзалга, шунингдек, оёққа ўраладиган ҳар қандай латтага масҳ тортиш жоиздир.

Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир жанговор гуруҳни ҳарбий топшириқ билан юбордилар. Сафарда улар совқотдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига қайтиб келишгач, сафардаги совуқдан шикоят қилдилар. Шунда у зот уларни «асоиб» ва «тасохин» устидан масҳ тортишга буюрдилар»[3].

Ибн Асир раҳимаҳуллоҳ «Ан-ниҳоя»да айтади: «Асоиб – саллалар. Чунки у бошга ўралади. Тасохин – маҳси, пайпоқ ва шунга ўхшаш оёқни иссиқ тутадиган (совуқдан асрайдиган) нарсалар».

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Тўғрироқ фикрга кўра, пайтавага (шунингдек, тананинг бошқа жойларига боғланган латталарга) масҳ тортиш жоиз. Пайтава устидан масҳ тортишга бўлган эҳтиёж маҳси ва пайпоққа масҳ тортишга бўлган эҳтиёждан кўп бўлса кўпки, кам эмас. Зеро, пайтава одатда эҳтиёж борлиги учун қулланилади. Уни ечиш сабабли инсон қийин аҳволга тушади: ё совқотади, ё ялангоёқ қолади, ё (жароҳат устидан боғланган латта бўлса) жароҳати туфайли озор чекади. Шариат маҳси ва пайпоққа масҳ тортишга рухсат бердими, демак, пайтавага ҳам албатта рухсат бор»[4].

Қолаверса, пайпоққа масҳ тортиш жоизлиги тўғрисида келган далиллар пайтавага масҳ тортиш жоизлигига ҳам далил бўла олади. Чунки «Қомус»да (араб тили изоҳли луғатида) ўзбекчага пайпоқ деб таржима қилинган «жавраб» сўзи бундай изоҳланади: «Жавраб оёққа ўраладиган матодан иборат. Бироқ урфга кўра, бундай матонинг бичиб тикилмаганига «луфофа» (пайтава) дейилса, бичиб тикилганига «жавраб» (пайпоқ) дейилади».

Маълумки, матонинг бичилган ёки бичилмагани ҳукмга (унга масҳ тортиш жоиз ёки жоиз эмаслигига) таъсир этмайди[5].

[1] Бухорий (387), Муслим (272), Абу Довуд (154), Термизий (94), Насоий (1/81), Ибн Можа (543) ривояти.
[2] Албоний саҳиҳ деган. Абу Довуд (159), Термизий (99), Ибн Можа (559), Аҳмад (4/252) ривояти. Дарҳақиқат, уламолар мазкур ҳадисни қабул этиш-этмаслик хусусида ихтилоф қилганлар. Бироқ кўплаб саҳобаларнинг пайпоқ ва пойабзалга масҳ тортганлари исботланган. Бу борада Абу Умар Дибён ибн Муҳаммад ад-Дибён қаламига мансуб «Аҳком ал-масҳ алал-ҳоил» китобига мурожаат қилинг.
[3] Саҳиҳ. Абу Довуд (146), Аҳмад (5/277), Ҳоким (1/275) ривояти. Ҳадисни Ҳоким саҳиҳ деган, Заҳабий эса унинг фикрини маъқуллаган.
[4] «Мажмуъ ал-фатово», 21/185.
[5] Қаранг: Абу Умар Дибён ибн Муҳаммад ад-Дибён. «Аҳком ал-масҳ алал-ҳоил».

Изоҳ қолдиринг