Қиёматнинг катта аломатлари: Қуёшнинг кунботардан чиқиши (1)

0

Бешинчи фасл

ҚУЁШНИНГ КУНБОТАРДАН ЧИҚИШИ

Қуёшнинг кунботар тарафдан чиқиши қиёматнинг катта аломатларидан бўлиб, Китобу суннат ҳамда уламолар ижмоси билан собит бўлгандир.

Аллоҳ таоло айтади: «Улар олдиларига (жон олувчи) фаришталар  келишини ёки Раббингиз (қиёмат куни ажрим қилиш учун) келишини ёки Раббингизнинг (қиёмат бошланганига далолат қилувчи) баъзи аломатлари келишини  (яъни, қуёшнинг кунботар томондан чиқишини) кутмоқдаларми? Раббингизнинг баъзи аломатлари келадиган ўша кунда ҳеч бир жон эгасига, агар у шу кунгача иймон келтирмаган бўлса, у куни келтирган иймони ҳеч қандай фойда бермайди. Ёки ўзи мўмин бўлгани ҳолда бундан аввал бирон солиҳ амал қилган бўлмаса, (у куни қилган солиҳ амали қабул бўлмайди. Эй Пайғамбар, уларга) айтинг: “Сизлар (ҳақ ноҳақдан, яхши ёмондан ажраладиган ўша куннинг келишини) кутаверинглар, биз ҳам (уни) кутгувчимиз”» (Анъом, 158).

Ибн Жарир Табарий раҳимаҳуллоҳ муфассирларнинг мазкур оят борасида айтган сўзларини келтиргач бундай деди: «Оят тафсирида билдирилган фикрлар ичида энг тўғрироғи Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир неча ровийлар тарафидан нақл қилинган қуйидаги ҳадисда айтилган сўздир: “Бу қуёш кунботар тарафидан чиққан пайтда бўлади[1]»[2].

Бу аломатга далил бўладиган ҳадислардан бири Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдир. Унда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар: “Қуёш кунботардан чиқмагунча қиёмат қойим бўлмайди. Қачон у (кунботардан) чиқса, уни кўрган барча одамлар иймон келтирадилар. Бу пайтда ҳеч бир жон эгасига аввал иймон келтирмаган ёки иймонли бўлатуриб, яхши амаллар қилмаган бўлса, энди иймон келтириши фойда бермайди”»[3].

Шу мазмундаги ҳадислардан бирини Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундай ривоят қилади: «Аллоҳ таоло кундузининг гуноҳкори тавба қилиши учун тунда қўлини ёзади, тунда гуноҳ қилган киши тавба қилиши учун кундузи қўлини ёзади, то қуёш кунботиш томондан чиқмагунича (шу ҳол давом этаверади)»[4].

Ҳадислардан яна бири Сафвон ибн Ассол разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Дарҳақиқат, Аллоҳ тавба(ларни қабул қилиш) учун кунботар тарафдан эни етмиш йиллик (масофа) келадиган эшик очган бўлиб, то қуёш ўша тарафдан чиқмагунча у (эшик) беркитилмайди”»[5].

Яна бир ҳадисни Абдураҳмон ибн Авф, Абдуллоҳ ибн Амр ва Муовия разияллоҳу анҳум Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: «То қуёш кунботардан чиқмагунча тавба қабул қилинаверади. Қачон у шу тарафдан чиқса, ҳар бир қалбга ичидаги (эътиқод ва амали) билан муҳр босилади ва одамларга амал қилиш фойда бермайди»[6].

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган яна бир ҳадисда эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уч нарса чиқадиган бўлса, илгари иймон келтирмаган ҳеч бир жонга энди иймон келтириши фойда бермайди», дедилар ва жумладан қуёшнинг кунботардан чиқишини ҳам зикр қилдилар»[7].

Қуртубий раҳимаҳуллоҳ қуёш кунботардан чиққач тавба қабул бўлмаслигини зикр қилганидан сўнг бундай деди: «Уламолар айтдилар: “Қуёш мағрибдан чиққач иймон келтириш фойда бермайди. Чунки у ҳодиса одамлар қалбига даҳшат солади. У шундай даҳшатки, нафснинг ҳар қандай шаҳватлари, истак-хоҳишларини ўчиради, баданнинг ҳар қандай куч-қувватларини сўндиради. Гуноҳларга чорловчи барча нарса улардан узилиб, баданлари гуноҳ ишларни қилиш учун яроқсиз ҳолга келади. Зеро, одамлар қиёмат келаётганига аниқ ишонч ҳосил қилганлари сабабли барчалари ажали етиб, ўлаётган одам ҳолатига тушиб қоладилар. Бинобарин, ким ўша ҳолатда тавба қилса, ажали етган одамнинг тавбаси қабул бўлмаганидек, унинг ҳам тавбаси қабул қилинмайди”»[8].

Яна бир ҳадисда Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳумо айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир ҳадис ёд олдим, уни ҳалигача унутганим йўқ. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аломатларнинг энг биринчиси қуёшнинг кунботардан чиқишидир…”, деганларини эшитдим»[9].

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «(Қиёмат аломатларига оид) ҳадисларни солиштиришдан чиққан тўғри фикр шуки, Дажжол чиқиши дунёнинг аксар қисмида умумий ҳолатнинг ўзгарганини билдирувчи катта аломатларнинг биринчиси бўлиб, бу Исо алайҳиссалом вафоти билан якунига етади. Қуёшнинг кунботардан чиқиши эса, юқори олам ҳолатининг ўзгарганини билдирувчи катта аломатларнинг биринчиси бўлиб, бу қиёмат қойим бўлиши билан ниҳоясига етади. Эҳтимол, «добба»нинг чиқиши қуёш кунботардан чиққан шу кунда содир бўлса керак»[10].

Барзанжий раҳимаҳуллоҳ «Ал-ишоъа»да: «Ибн Ҳажарнинг бу сўзи ҳадислар ўртасини чиройли мувофиқлаштириш бўлди», деди[11].

(Давоми бор)

[1] Бухорий (4359) ва Муслим (157) ривояти.

[2] «Тафсир Ибн Жарир ат-Табарий», 8/103.

[3] Бухорий (6704), Муслим (157), Термизий (3072) ва бошқалар ривояти.

[4] Муслим, 2759.

[5] Термизий ривояти, 3535. Албоний «Саҳиҳ ал-жомеъ»да (2/443): «Ҳасан ҳадис», деган.

[6] Имом Аҳмад «Муснад»да (3/133) ривоят қилган. Аҳмад Шокир: «Санади саҳиҳ», деган. Ибн Касир «Ан-ниҳоя фил-фитан вал-малоҳим»да (1/221): «Бу яхши ва кучли санад», деган. Яна бу ҳадисни Баззор «Кашф ал-астор»да (2/304), Табароний «Ал-мўъжам ал-авсат» (1/69) ва «Ал-мўъжам ал-кабир»да (19/381) ривоят қилган. Ҳайсамий «Мажмаъ»да (5/250): «Бу ҳадисни Аҳмад, Табароний, Баззор ва бошқалар ривоят қилган. Аҳмаднинг ровийлари ишончли кишилардир», деган.

[7] Бухорий (6704), Муслим (158), Термизий (3072) ва бошқалар ривояти.

[8] «Ат-тазкира», 2/753-794.

[9] Муслим (2941), Абу Довуд (4310), Ибн Можа (4069) ва Аҳмад (2/201) ривояти.

[10] «Фатҳ ал-Борий», 11/353.

[11] «Ал-ишоъа ли-ашрот ас-соъа», 350-бет.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг