Қиёматнинг катта аломатлари: Қуёшнинг кунботардан чиқиши (2)

0

Абу Зар Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига: “Бу қуёш қаёққа кетишини биласизларми?”, дедилар. Улар: “Аллоҳ ва Расули билувчироқ”, дейишди. Шунда у зот дедилар: “Албатта, у то ўзининг Арш остидаги қароргоҳига етгунча юриб бораверади. Сўнгра (Аллоҳ таолога) сажда қилиб йиқилади. То унга: «Кўтарил, келган ерингга қайт!», дейилгунча шу ҳолда тураверади. Кейин чиқар жойидан – яъни, машриқидан – чиқади. Кейин то ўзининг Арш остидаги қароргоҳига етгунча юриб бораверади. Сўнг яна (Аллоҳга) сажда қилиб йиқилади. То унга: «Кўтарил, келган ерингга қайт!», дейилгунча шу ҳолда тураверади. Кейин чиқар жойидан чиқади. У мана шундай ҳолатда: одамлар ундан бирон нарсани ғайритабиий санамаган ҳолида давом этаверади. То (бир кун келиб, одатдагидек) яна юриб, ўша арш остидаги қароргоҳига боради. Шунда унга: «Кўтарил, ботиш тарафингдан чиқиб тонг оттир!», дейилади. Шундай қилиб у мағрибидан чиқиб келади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

Ўша қачон бўлади, биласизларми? Бу ҳеч бир жонга, олдин иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бўлса, иймони наф бермайдиган пайтда бўлади, дедилар»[1].

Қуёшнинг қай тарзда сажда қилишини биз билмаймиз. У фақат еру осмондаги барча нарса Унга сажда қиладиган Зот Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога аён. Зеро, Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй Пайғамбар,) осмонлардаги (малоика)лар, ердаги (мавжудот)лар, қуёш, ой ва юлдузлар, тоғлар, дарахтлар, жонзотлар ва кўпчилик одамлар (яъни мўминлар) Аллоҳ (субҳонаҳу ва таоло)га (бўйсуниб,) сажда қилишларини билмадингизми?! Яна кўпчилик (одамлар) эса азобга ҳақли бўлдилар. (Улар хор кимсалардир.) Қай бир инсонни Аллоҳ хорлаган бўлса, уни ҳеч ким ҳурматли қила олмайди. Аллоҳ (бандалари устида Ўз ҳикматига мувофиқ) Ўзи истаган ишни қилади» (Ҳаж, 18).

Аллоҳ таоло айтади: «Улар (яъни кофирлар) Аллоҳ яратган (тоғу тош ва дов-дарахт каби) ҳар бир сояли нарсанинг сояси (кундузи қуёшнинг, тунда ойнинг ҳаракатига монанд) ўнгу сўлга жилаётганини ва уларнинг барчаси (ўз Раббиларининг буюклиги ва улуғлигига) бўйсунувчи эканини, (Унинг бўйсундируви, бошқаруви ва қудрати остида эканини) кўрмадиларми?!

Осмонлару ердаги барча жонзотлар ёлғиз Аллоҳга сажда қиладилар. Фаришталар ҳам (Аллоҳнинг ибодатидан) ҳеч кибр қилмаган ҳолда (Унга сажда қиладилар).

(Фаришталар зотида, қудратида ва барча комил сифатларида) улардан юқорида бўлган Раббиларидан қўрқадилар ва ўзларига амр этилган (Аллоҳнинг тоат-ибодати)ни адо этадилар» (Наҳл, 48–50).

Ибн Касир айтади: «Аллоҳ таоло (бу оятларда) барча нарсани Ўзига итоат эттирган, бутун борлиқни – жонсиз мавжудотлару ҳайвонотлари билан, инс-жинларию фаришталари билан Ўзига бўйсундирган буюклиги ва такаббури ҳақида хабар бермоқда. Яна У Зот хабар бермоқдаки, ўнгу сўл тараф, яъни эртаю кеч ҳаракатланадиган сояга эга бўлган ҳар бир нарса сояси ила Аллоҳ таолога сажда қилувчидир»[2].

Дарҳақиқат, уламолар (Аллоҳ таоло барчаларидан рози бўлсин) қуёшнинг сажда қилиши айтилган ҳадис борасида сўзлаганлар, уни таъвил этганларга раддия берганлар ва қуёшнинг арш остига келиб қиладиган саждаси ҳақиқий сажда бўлишини баён этганлар.

Абу Сулаймон Хаттобий раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Арш остидаги қароргоҳи» деган сўзлари борасида айтади: «Арш остида қуёшнинг биз моҳиятини идрок эта олмайдиган ва кўрмаган бир қароргоҳи бўлишини инкор қилмаймиз. Бизга бу борада ғайбдан хабар берилар экан, уни ёлғонга чиқармаймиз ва ўзимизча тасвирламаймиз ҳам. Чунки бунга илмимиз етмайди…». Сўнг қуёшнинг арш остида сажда қилиши тўғрисида бундай дейди: «Бу ўринда қуёш арш остига келганда сажда қилиши хабар берилмоқда. Мазкур иш қуёш ўз йўналишида юриб бориб, аршнинг рўпарасига келган он унга тақдим этилган имкониятга кўра амалга ошишини инкор этиб бўлмайди. Энди Аллоҳ азза ва жалланинг: «(Зулқарнайн) кун ботарга етиб боргач, қуёшни бир қора балчиқли иссиқ булоққа ботаётганини топди…» (Каҳф, 86) деган сўзига келсак, оятда қуёш ботиш пайтида унинг кўз билан илғаш мумкин бўлган энг охирги ҳолати назарда тутилган. Қуёшнинг сажда қилиш учун арш остига бориши эса ботиб бўлгандан кейин бўлади»[3]. Қози Иёз мазкур ҳадисни шарҳлаганидан сўнг бундай деди: «Бу ҳадис фиқҳ ва ҳадис аҳли ҳамда аҳли суннат мутакаллимлари наздида зоҳирига кўра тушунилади. Улар бу борада мазкур ҳадисни зоҳиридан бошқа маънога таъвил қиладиган бидъатчилар ва ботинийларга хилоф иш тутадилар. Зеро, бу қиёматнинг кутилаётган катта аломатларидан биридир»[4].

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ: «Қуёшнинг сажда қилишига келсак, бу иш Аллоҳ таоло қуёшда яратадиган ҳис ва идрок билан амалга ошади», деди[5].

Имом Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Барча нарса, истасин истамасин, Аллоҳ таолонинг буюклиги олдида бош эгиб, сажда қилади. Ҳар бир нарсанинг саждаси ўзига хос суратда бўлади»[6].

Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳадис зоҳиридан англанишича, қуёшнинг «қароргоҳида тўхташи»дан мурод ҳар кеча-кундуз сажда учун ўша жойга тушишидир. Бу тўхташнинг муқобилида эса тўхтовсиз ҳаракатланиш бор бўлиб, ҳадисда у «юриб бориш» ибораси ила ифодаланди, валлоҳу аълам»[7].

[1] Бухорий (3027), Муслим (159), Термизий (3227) ва бошқалар ривояти.

[2] «Тафсир Ибн Касир», 2/572.

[3] Қаранг: Бағавий. «Шарҳ ас-сунна», 15/95.

[4] «Икмол ал-муаллим», 3/700.

[5] «Шарҳу саҳиҳи Муслим», 2/197.

[6] «Тафсир Ибн Касир», 3/571.

[7] «Фатҳ ал-Борий», 8/403.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг