Дард ва даво (49): Гуноҳнинг касофати (9) Гуноҳлар ер юзидаги турли офатларга сабаб бўлади

0

Бўлим

  1. Гуноҳлар ер юзидаги турли офатларга сабаб бўлади

Гуноҳ ва маъсиятларнинг касофатларидан яна бири улар ер юзида: сувда, ҳавода, экин-тикинларда, мева-чеваларда, уй-жойларда ҳар хил бало-офатлар рўй беришига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Одамларнинг ўзлари қилган қилмишлари сабабли қуруқликда ҳам, денгизда ҳам (турли) фасодлар (офат-балолар) юз берди. (Бу бало ва офатлар одамлар қилаётган гуноҳ-маъсиятларидан) қайтишлари, уларга қилган айрим гуноҳларининг (жазосини) тотдириб қўйиш учундир” (Рум, 41).

Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ: “Агар золим бошлиқ бўлса, зулм ва бузғунчилик қилишга тушади. Натижада Аллоҳ таоло улардан ёғингарчиликни тўсиб қўяди. Бунинг оқибатида эса экинлар ва чорва моллари ҳалок бўлади. Аллоҳ таоло бузғунчиликни ёмон кўради”, дея мана бу оятни ўқиди: “Одамларнинг ўзлари қилган қилмишлари сабабли қуруқликда ҳам, денгизда ҳам (турли) офат-балолар юз берди” (Рум 41). Сўнг деди: “Оятда айтилган денгиздан мурод сизлар билган денгиз эмас, балки ичида оқиб турувчи суви (дарё ва анҳорлари) бўлган қишлоқ назарда тутилган[1].

Икрима раҳимаҳуллоҳ айтади: «“Қуруқликда ва денгизда бало-офатлар юз берди”. Мен денгиз деганда сизлар билган мана бу денгиз назарда тутиляпти, деб айтмайман. Балки оқиб турувчи сув бўйидаги барча қишлоқларни денгиз, деб айтаман»[2]. (Яъни оятдаги денгиздан қишлоқлар кўзда тутилган, деб айтмоқчи.)

Қатода раҳимаҳуллоҳ айтади: “Оятда айтилган қуруқликдан мурод чўл-биёбон аҳолиси, денгиздан мурод шаҳар ва қишлоқ аҳолисидир[3].

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло қуйидаги оятда чучук сув оқадиган дарёни денгиз деб номлаганини кўришимиз мумкин. “(Аллоҳ) икки денгизни (яъни дарё ва денгизни) буниси чучук – ширин, униси шўр — аччиқ қилиб оқизиб қўйган ва уларнинг ўртасида тўсиқ-тўғон ва кўринмас парда қилиб қўйган зотдир” (Фурқон, 53).  Маълумки, оламда чучук, яъни ширин сувли денгиз йўқ. Чучук сувлар оқиб турувчи дарё ва анҳорларда бўлади. Оқмайдиган денгиз сувлари эса шўр бўлади. Демак, Аллоҳ таоло (Рум сурасининг 41 оятида) оқиб турувчи сув бўйидаги қишлоқларни шу сув номи билан (яъни қишлоқни денгиз деб) атади.

Ибн Зайд раҳимаҳуллоҳ айтади: “Қуруқликда ва денгизда фасодлар кенг ёйилдиоятидаги фасоддан мурод гуноҳлардир[4].

Менинг фикримча, Ибн Зайд гуноҳлар ер юзида ёйилган фасоднинг бош сабаби, деган маънони ирода қилган бўлса керак. Агар кенг ёйилган фасоддан мурод гуноҳнинг ўзи деган маънони қасд қилган бўлса, у ҳолда оятдаги “ليذيقهم” сўзидаги “лом” бир ишнинг оқибатини ва сабабини билдирувчи қўшимча деб эътибор қилинади.

Биринчи фикрга кўра, оятдаги фасоддан мурод бандалар гуноҳ-маъсиятга қўл урган вақтда Аллоҳ таоло улар бошига юборадиган турли қийинчилик, ёмонлик ва азоблардир. Яъни ҳар қачон одамлар бир гуноҳ содир этсалар, Аллоҳ ҳам улар бошига бир жазони юборади. Салаф солиҳлардан бири бундай деган экан: “Қачон сизлар бир гуноҳ содир этсангизлар, Аллоҳ ҳам сизларга Ўз  ҳузуридан бир жазони юборади[5].

Бу масаладаги тўғрироқ фикр шуки – яна ҳам Аллоҳ билгувчироқ – оятдаги фасоддан кўзланган мурод гуноҳлар ва улар ортидан келадиган ёмон оқибатлардир. Бунга оят охиридаги: “Уларга қилган айрим гуноҳларининг (жазосини) тотдириб қўйиш учундир”, деган жойи далолат қилади. Чиндан ҳам бизнинг ҳолимиз шундай. Яна ҳам Аллоҳ азза ва жалла қилган гуноҳларимизнинг озгинасига яраша жазо юбормоқда. Борди-ю, барча гуноҳларимизга яраша жазо юборганда ер юзида бирон тирик жон қолмасди.

Гуноҳ-маъсиятнинг ерга олиб келадиган бало-офатларидан яна бири ер ютишлар, зилзилалар рўй бериши ва экинлардан бараканинг кўтарилишидир. Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Самуд қавми диёридан ўтдилар. Саҳобалар бу ердан ўтар эканлар, уларни йиғлаган ҳолларида ўтишга буюрдилар. Самуд қавми гуноҳларининг касофати у ердаги сувларга ҳам урган бўлишини ўйлаб, саҳобаларга у ердаги сувлардан ичишни, қудуқларидан сув олишни тақиқладилар. Ҳатто у ердаги сувдан тайёрланган хамирни ҳам емасдан туяларга ем қилишга буюрдилар.

Шунингдек, гуноҳларнинг касофатидан ердаги ҳосил камаяди ва экинларга турли офатлар етади. Имом Аҳмад “Муснад” китобида нақл қилган ривоятда айтилишича, Бани Умайянинг хазиналари ичидан бир бошоқ буғдой топилади. Ҳар бир дони хурмо данагидек. У бир халтачага солинган, устига эса: “Бу адолат ҳукм сурган замонда ўсар эди”, деб ёзилган экан[6].

Ҳозирги кунимизда содир бўлаётган бало-офатларнинг кўпини одамларнинг содир этган гуноҳлари сабабли Аллоҳ бизларга юбормоқда. Саҳролик кексаларда бир гуруҳи менга айтишларича, улар авваллари меваларни ҳозиргидан анча катта бўлишини кўришар, ҳозирда меваларга етаётган бу офатларнинг кўпини илгарилари ҳеч кўришмаган экан. Бу офатлар яқиндагина пайдо бўлибди.

[1] “Тафсири Табарий”, 3\583.
[2] Собиқ манба, 18\510.
[3] Собиқ манба, 18\511.
[4] Собиқ манба, 18\511.
[5] Ибн Абу Дунё, “Ал-уқубот”, 50.
[6] Аҳмад, “Муснад”, 2\296 (7949).

Изоҳ қолдиринг