Эй иймон келтирганлар (3): Сабр ва намоз ила Аллоҳдан мадад сўранг

0

Эй иймон келтирганлар, сабр ва намоз билан Аллоҳдан мадад истанглар. Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” (Бақара, 153).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи ёки эшитиб фойдаланувчи қадрдоним, улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтган сўзни доим ёдда тутинг: “Аллоҳ таолонинг “Эй иймон келтирганлар”, деган нидосини эшитсанг, унга албатта қулоқ тут. Чунки бу нидо сени ё бирон яхшиликка буюрган, ё бирон ёмонликдан қайтарган бўлади”. Шунингдек, бу нидолар ё хушхабар беради, ё бирон хатардан огоҳлантиради. Шунинг учун, Аллоҳ сизни бир ишни қилишга буюрса қилинг, бирон ишдан қайтарса тийилинг. Хушхабар берса, суюнинг, Аллоҳга ҳамд айтинг. Бирон нарсадан огоҳлантирса, ҳазир бўлинг, Аллоҳнинг фазли билан ундан нажот топишга жидди-жаҳд қилинг.

Аллоҳ таоло сизга иймон сифати билан нидо қилиши сиз учун шараф, шараф бўлганда ҳам буюк шарафдир. Бўлмаса, биз киммизки, бутун оламлар Рабби бизга нидо қилса?! Иймонимиз бўлмаса ҳеч ким эмасмиз. “Агар иймонингиз бўлмаса Раббим сизларга парво қилмас” (Фурқон, 77).

Демак, бизнинг шарафимиз, қадр-қийматимиз иймонимиз билан ўлчанар экан. Биринчи навбатда Аллоҳга, қиёмат куни Унга йўлиқишимизга иймон келтиришимиз керак. Бизлар Аллоҳнинг нурдан яралмиш фаришталарига, Забур, Таврот, Инжил, Қуръон деб аталмиш Аллоҳ нозил қилган китобларга, биринчиси Одам, охиргиси Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлмиш пайғамбарларга, қазои-қадарга иймон келтиришимиз билан шарафга эгамиз.

Иймон инсон учун бамисли жон ва руҳдир. Иймонли киши ҳақиқатда тирик, иймонсиз кофир эса ўликдир. Иймон неъматини сизга ато этган Аллоҳга ҳамд айтинг. Ўзингизда тақво ҳосил қилишга қаттиқ бел боғланг, уни рўёбга чиқаринг. Шунда энг буюк матлабга – Аллоҳнинг сизга дўстлиги, валийлигига эришасиз. Аллоҳ кимни дўст тутса уни азиз қилади, асло хорламайди, саодат насиб этади, бахтсиз қилмайди. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига қулоқ тутинг: “Билингларки, Аллоҳнинг дўстлари учун охиратда ҳеч қўрқув йўқ ва улар ғамгин ҳам бўлмайдилар. Улар Аллоҳга иймон келтирган ва тақво қилган кишилардир. Улар учун дунёда уларни хурсанд қиладиган нарсалар башорати бор. Охиратда эса, уларга жаннат башорати бор. Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмайди ва уни ўзгартирмайди. Шубҳасиз, у буюк зафардир” (Юнус, 62-64).

Аллоҳ таоло Ўзининг дўстлари кимлар эканини қандай баён қилганига эътибор беринг-а: “Улар Аллоҳга иймон келтирган ва тақво қилган кишилардир”.

Эй мўминлар, тақвони рўёбга чиқариш, тақводор бўлиш учун бор имкониятингизни сарфланг.

Аллоҳ ва Расули вожиб қилган буйруқларни амалга ошириш ва ҳаром қилган ишлардан сақланиш билан Аллоҳ ва Расулига итоат қилиш – ана шу тақводир. Бунинг учун мўмин банда аввало Аллоҳ ва Расулининг амрлари ва қайтариқларини билиши лозим. Табиийки, бу ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Маърифатли бўлиш учун қаттиқ меҳнат талаб қилинади. Билгач, энди бунга амал қилиш, буйруқларни бажариш лозим. Бу нафсга янада оғирроқ бўлиб, маърифатли бўлиш учун талаб қилинган меҳнатдан кўра кўпроқ меҳнатни талаб қилади.

Ҳаром ишларни тарк қилиш катта меҳнат-машаққатни талаб қилмаса-да, бироқ ёмонликка буюрувчи нафси аммора ва маломатгўй нафс бир бўлиб бандани ҳаром ишни қилишга ундайди, унга босим ўтказади. Бундан банда фақат Аллоҳнинг ёрдами билан сақланиб, ҳаром ишлар кирлигидан саломат қолиши ва саодат диёрининг калити бўлмиш руҳини покиза сақлаб қолиши мумкин бўлади.

Инсон нафси пок, софдил бўлиши учун илм ва суннатга мувофиқ амалга асосланган тақвони ҳосил қилиши шарт экан, ҳар бир банда илоҳий ёрдамга жуда катта эҳтиёжи бор экани равшан бўлади. Бу илоҳий ёрдамга эришиш йўлини эса меҳрибон Раббимиз бизга кўрсатиб бундай деди: “Эй иймон келтирганлар, сабр қилиш ва намоз билан Аллоҳдан мадад истанглар. Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” (Бақара, 153).

Ҳар бир мўмин сабр қилиш билан ёрдам тилаши лозим.

Парвардигори нимани яхши кўради, нимани ёмон кўради, буни билиш учун бандага илм керак. Илм ҳосил қилиш осон иш эмас. Бу катта меҳнат-машаққатни талаб қилади. Илм талабида нафсни жиловлаш сабрдир.

Қалбни поклайдиган тарзда буюрилгандек тоат-ибодат қилиш учун нафсни жиловлаш ҳам сабр.

Нафсни ҳаром ишлардан тийиш ҳам сабр, тақдирда битилган, бошга тушган ишларга тоқатсиз ва норози бўлишдан нафсни жиловлаш ҳам сабрдир. Ана шу сабр билан банда Аллоҳдан мадад истаса, Аллоҳ унга ёрдам беради, қўллаб-қувватлайди.

Аллоҳ таоло амр этганига кўра, мўмин банда сабр билан Аллоҳдан мадад истаганидек, намоз билан ҳам ёрдам сўрайди.

Намоз билан мадад исташ – намозни вақтида, барча фарз ва вожибларини тўлиқ бажарган ҳолда адо этиш билан бўлади.

Намознинг энг муҳим шартларидан бири хушудир. Намозни хушу билан ўқиш керак. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни бирон иш ғамга солса намоз ўқир эдилар[1].

Намоз қалбда нур пайдо қилади. Намоздан бошқа амалда буни топмайсиз. Қалбида нури бор мўмин эса фарз амални ташлаш ёки ёмон ишни қилиш билан Аллоҳнинг ғазабига тушиб қолмайди. Сабр ва намоз билан Аллоҳдан мадад истанг деган сўздан мақсад шудир.

Аллоҳ сабр қилувчилар билан бирга. Уларни қувватлайди, ёрдам беради ва барча ёмонликлардан сақлаб, ҳимоя қилади.

Аллоҳим бизга ҳам собир бандаларинг қаторида бўлишни насиб эт. Улардан рози бўлганинг каби биздан ҳам рози бўл!

[1] Аҳмад ва Абу Довуд ривояти.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг