Таҳорат: Маҳсига масҳ тортиш (2)

0

Учинчидан: масҳ тортиш шартлари

Маҳси, пайпоқ ва шунга ўхшаш нарсаларга масҳ тортиш жоиз бўлиши учун уларни тўлиқ таҳорат билан кийган бўлиши шарт қилинади. Фақат шу шартга далил келган. Муғира ибн Шўъба разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни кечаси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бир жойга кетаётувдик. (Таҳорат олмоқчи бўлдилар). Мен у зотнинг қўлларига идишдан сув қуйдим. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам юзларини ва икки билакларини ювдилар, бошларига масҳ тортдилар. Сўнг мен маҳсиларини ечиш учун эгилган эдим, «Қўявер, мен маҳсини таҳорат билан кийганман», дедилар ва маҳсилари устидан масҳ тортдилар»[1].

Демак, маҳсига масҳ тортиш учун комил таҳорат билан кийилган бўлиши керак. Баъзи уламолар тарафидан қўйилган бошқа шартлар, масалан, маҳсининг теридан тикилган бўлиши, юрганда ечилиб кетмайдиган даражада оёққа ёпишиб туриши, тешиклардан холи ва сув ўтказмайдиган даражада қалин бўлиши ва ҳоказо шартлар инобатга олинмайди. Негаки, мазкур ишларни шарт қилган бирон ҳадис келмаган.

Бу фикр Шайхулислом Ибн Таймия «Фатово»сида ва Ибн Ҳазм «Ал-муҳалло»да рожиҳ – тўғрироқ деб билган фикрдир.

Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ айтади: «Маҳсида ёки пойабзалда узунасига ёки энига кичик ёки катта йиртиқ бўлиб, ундан оёқнинг бир қисми – ярмидан камроғи ёки кўпроғи – кўриниб қолса, модомики, маҳси ёки пойабзалнинг бир қисми оёққа кийилиб турган бўлса, мазкур ҳолатларнинг ҳеч бири унга масҳ тортиш жоизлигига таъсир қилмайди, масҳ тортилаверади»[2].

Эслатма:

Агар инсон масҳ тортиш учун белгиланган муддат ичида маҳсисини ечса, таҳорати бузилмайди. Шунингдек, маҳсини ечишдан олдин ёки ечиш асносида таҳоратни бузадиган иш қилмаган бўлса, маҳсини қайтадан кийгач белгиланган муддат ниҳоясига қадар оёғини ювмасдан маҳсига масҳ тортиб юравериши жоиз. Аммо маҳсини ечганда таҳоратсиз бўлса ёки уни ечгандан кейин таҳоратни бузадиган бирон иш қилса, у ҳолда тўлиқ таҳорат олиб маҳсини кийгандан кейингина унга масҳ тортиши мумкин.

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Маҳси ёки саллага масҳ тортиб юрган киши уларни ечиши ёки масҳ тортиш учун белгиланган муддат тугаши билан таҳорати бузилмайди. Мазкур ҳолатда бошига масҳ тортиши ёки оёқларини ювиши вожиб бўлмайди. Бу мазҳаб Ҳасан Басрий мазҳабидир. Бу масала Имом Аҳмад мазҳабидаги тўғри фикр ва жумҳур уламолар фикрига кўра, масҳ тортилган сочни олиш масаласига ўхшайди»[3].

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ маҳсига масҳ тортиш дуруст бўлиши учун яна бир шартни эслатади. Унга кўра маҳси пок нарсадан тикилган бўлиши лозим. Яъни, масалан, эшак териси каби нажосат саналган хомашёдан тикилган бўлмаслиги керак[4]. Аммо маҳсининг хомашёси пок бўлса-ю, бироқ унинг ўзига четдан нажосат теккан бўлса, у ҳолда унга масҳ тортиш жоиз, бироқ нажосатни кетказмагунча бундай маҳси билан намоз ўқиш дуруст эмас.

Тўртинчидан: масҳ маҳсининг устига тортилиши

Маҳсининг тагига эмас, устига масҳ тортилади. Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Агар дин фикр билан бўлганда маҳсининг устига эмас, тагига масҳ тортган авлороқ бўлар эди. Бироқ мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам маҳсиларининг устига масҳ тортганларини кўрдим»[5].

Маҳсига масҳ тортиш учун қўлни ҳўллаб маҳсининг тепасига юргизилади. Нам қўл маҳси уст қисмининг барчасига тегиши шарт бўлмай, бир қисмига масҳ тортилса кифоя қилади.

Молик раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ким маҳсининг устига эмас, тагига масҳ тортса, кифоя қилмайди. Агар шундай қилиб намоз ўқиган бўлса, хоҳ намоз вақти чиқмаган бўлсин, хоҳ чиққан бўлсин, намозни қайтадан ўқиши вожибдир». Шофеий мазҳабига оид машҳур фикрга кўра, ким маҳсининг фақат устига масҳ тортган бўлса, кифоя қилади. Аммо ким фақат маҳсининг тагига масҳ тортиб, устига тортмаган бўлса, етарли бўлмайди, масҳ қилган саналмайди»[6].

Бешинчидан: масҳ қилиш муддати

Муқим (сафарда бўлмаган киши) бир кеча-кундуз, мусофир (сафардаги киши) уч кеча-кундуз маҳсисини ечмасдан масҳ тортиб юриши мумкин. Сафвон ибн Ассол разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис шуни кўрсатади. Унда бундай дейилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни, агар маҳсиларимизни комил таҳорат билан кийган бўлсак, сафарда уч кун, муқимликда бир кеча-кундуз устига масҳ қилишимизга, шунингдек, уларни фақат жанобат сабабли ечишимизга буюрар эдилар»[7].

Шурайҳ ибн Ҳонеъдан ривоят қилинади: «Ойша разияллоҳу анҳодан маҳсига масҳ тортиш ҳақида сўраган эдим, «Алидан сўра, у Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга сафар қилар эди», деди. Алидан сўраган эдим, бундай деди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Мусофир) уч кечаю уч кундуз, муқим бир кеча-кундуз (масҳ тортади)», деганлар»[8].

Ҳадисдаги «бир кеча-кундуз»дан мақсад беш маҳал намоз вақтидир. Абу Усмон Наҳдий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Саъд ва Ибн Умар иккиси Умарнинг олдига маҳсига масҳ тортиш хусусида тортишиб борганларига гувоҳ бўлдим. Умар деди: «Маҳси кийилган пайтдан бошлаб эртанинг то шу вақтигача масҳ тортилади»[9].

[1] Бухорий (206), Муслим (274), Абу Довуд (151) ривояти.
[2] «Ал-муҳалло», 2/136.
[3] «Ал-ихтиёрот ал-фиқҳийя», 37-бет. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳолатда маҳсини ечиш масаласини таҳорат олиб, бошга масҳ тортгандан кейин сочни қириб ташлаш масаласига қиёс қилади. Сочни қириб ташлагандан кейин қайтадан таҳорат олиш вожиб бўлмаганидек, маҳсини ечгандан кейин ҳам қайтадан таҳорат олинмайди.
[4] Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ бу фикрни ўзи тўғрироқ деб билган фикр: «эшак териси гарчи ошланса-да нажосатдир» деган фикрга биноан айтган. Ҳолбуки, гўшти ейилмайдиган ҳайвонлар териси ошлаш натижасида покланадими, йўқми, деган масала уламолар ўртасида ихтилофли масаладир.
[5] Саҳиҳ. Абу Довуд (162), Дорақутний (1/204), Байҳақий (1/292) ривояти. Албоний «Ал-ирво»да (103) саҳиҳ деган.
[6] «Найл ал-автор»дан  (1/232) нақл қилинди.
[7] Санади ҳасан. Термизий (96, 3535, 3546), Насоий (1/83, 84), Ибн Можа (478) ривояти.
[8] Муслим (276), Насоий (1/84), Ибн Можа (552), Аҳмад (1/146) ривояти.
[9] Абдураззоқ  ривояти, 1/209, 807. Албоний “Тамом ан-нусҳ”да (91-бет) Бухорий ва Муслим шартига мувофиқ бўлган саҳиҳ ҳадис деган.

Изоҳ қолдиринг