Олтинчи фасл
ДОББАНИНГ ЧИҚИШИ
Қиёматнинг катта аломатларидан бири охирзамонда ердан Добба чиқиши бўлиб, у одамларга сўзлайди, уларни мўмин ва кофирга ажратади. Бу ҳодиса одамлар бузилиб, Аллоҳ таолонинг буйруқларини бажармай қўйганларида содир бўлади.
Бу аломат ҳақидаги сўз қуйидаги масалаларни ўз ичига олади:
Биринчи масала – Доббанинг чиқишига Китоб ва суннатдан далиллар
Аллоҳ таоло деди: “(Одамлар гуноҳ ва туғёнга берилгани, Аллоҳнинг шариатидан юз ўгиргани сабабли) азобга ҳақли бўлишган пайтда Биз улар учун ердан бир жониворни (доббани) чиқарамиз. У уларга одамлар оятларимизга иймон келтирмаётгани ҳақида сўзлайди” (Намл, 82).
Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, оятдаги ўзбекчага «сўзлайди» деб таржима қилинган «тукаллимуҳум» сўзининг маъноси: «Одамларни жароҳатлайди, яъни кофирнинг пешонасига «кофир» деб, мўминнинг пешонасига «мўмин» деб ёзади», демакдир. Яна у кишидан «тукаллимуҳум» сўзининг маъноси «одамларга хитоб қилади» деган маънони ифода этиши ҳам нақл қилинган.
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу добба – ҳайвон одамлар охирзамонда фасодга берилиб, Аллоҳнинг буйруқларини тарк этиб, ҳақ динни бошқасига алмаштирган пайтларида чиқади. Аллоҳ уларга ердан бир ҳайвонни чиқаради. У одамларга мазкур қилмишлари тўғрисида сўзлайди»[1].
Алусий[2] айтади: «Яъни добба одамларга қиёмат келаётганини уларга хабар бериб турган Аллоҳнинг оят-аломатларига ишонмай қўйганлари ҳақида ёки У зотнинг мазкур аломатларни ҳам ўз ичига олган умумий оят-аломатлари ҳақида сўзлайди»[3].
Добба ҳақидаги ҳадислар:
Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундай дейдилар: «…Кейин добба чиқиб, одамларнинг бурунларига тамға босади. Сўнг у кишилар орангизда (узоқ йил) умр кўрадилар. Ҳатто бир киши туя сотиб олганида ундан: “Кимдан сотиб олдинг?” деб сўралади. Шунда у: “Бурнига тамға босилганларнинг биридан сотиб олдим”, дейди»[4].
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Олти нарса: Дажжол, тутун, ер ҳайвони (добба), қуёшнинг кунботардан чиқиши, оммага тааллуқли бўлган иш (яъни қиёмат қойим бўлиши) ва ҳар кимнинг ўзига тааллуқли бўлган иш (яъни ўлим) келишидан аввал амал қилиб қолинглар”»[5].
Ҳузайфа ибн Усайд Ғифорий разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Биз гаплашиб ўтирган эдик, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимизга чиқиб келдилар. Шунда у зот: “Нима ҳақда гаплашяпсизлар?” дедилар. “Қиёмат ҳақида гаплашяпмиз”, деб жавоб беришди. “Дарҳақиқат, ундан олдинги ўнта аломатни кўрмагунингизча қиёмат қойим бўлмайди”, дедилар ва тутун, дажжол, добба – ер ҳайвони, қуёшнинг кунботардан чиқиши, Исо ибн Марям алайҳимассаломнинг тушиши, яъжуж-маъжуж, учта ер ютиш: машриқ, мағриб ва араб яриморолидаги ер ютишни ва охири Ямандан чиқиб, одамларни маҳшар томон ҳайдайдиган оловни зикр қилдилар»[6].
Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир ҳадис ёд олдим, уни ҳалигача унутганим йўқ. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман: “Аломатларнинг энг биринчиси қуёшнинг кунботардан чиқиши ва чошгоҳ вақтида доббанинг одамлар қаршисига чиқишидир. У иккисидан қайси бири шеригидан аввал чиқса, бошқаси ҳам тезда унинг ортидан чиқади”»[7].
[1] Қаранг: «Тафсир Ибн Касир», 3/351.
[2] Аллома Маҳмуд ибн Абдуллоҳ ал-Ҳусайний ал-Алусий, лақаби Шиҳобиддин, куняси Абу Сано. 1217-ҳижрий йилда Ироқнинг Бағдод шаҳрида туғилган. Буюк муфассирлардан саналади. Талай фойдали асарлар муаллифи. «Руҳ ал-маъоний» ва «Дақоиқ ат-тафсир» китоблари шулар жумласидан. 1270-ҳижрий йилда вафот этган. («Ал-аълом», 7/176. «Жало ал-айнайн», 27-28-бетлар.)
[3] Қаранг: «Руҳ ал-маъоний», 6/314.
[4] Имом Аҳмад «Муснад»да (5/268) ривоят қилган. Ҳайсамий «Мажмаъ аз-завоид»да (8/6) бундай деган: «Ҳадисни Аҳмад ривоят қилган. Умар ибн Абдураҳмон ибн Атийядан ташқари барча ровийлари саҳиҳ ҳадиснинг ровийларидир. У эса ишончли ровий саналади».
[6] Муслим (2901), Термизий (2183), Абу Довуд (4311) ва бошқалар ривояти.
[7] Муслим (2941), Абу Довуд (4310), Ибн Можа (4069) ва Аҳмад (2/201) ривояти.