Пайғамбаримиз намозни қандай ўқиганлар?

0

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларининг тартиби

Савол:

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозлари қандай кўринишда бўлган? Илтимос, аниқ-тиниқ қилиб тушунтириб берсангиз.

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Биринчи: қиблага юзланиш

  • Мусулмон биродар, намоз ўқимоқчи бўлганингизда фарз ё нафл намоз бўлишидан қатъи назар, қаерда бўлсангиз ҳам Каъба томонга юзланинг. Каъбага юзланиш намознинг рукнларидан бўлиб, усиз намоз дуруст саналмайди.

  • Хавф ҳолатида ва жанг қизиб турган пайтда ўқилган намозда қиблага юзланиш соқит бўлади. Шунингдек, бемор ёки кема, автоулов, самолёт йўловчиси каби қиблага юзланишдан ожиз бўлган киши ҳам агар намоз вақти чиқиб кетишидан қўрқса, қиблага юзланмай ўқиши мумкин. Яна уловга миниб кетаётган ҳолида нафл ё витр намози ўқувчи кишидан ҳам қиблага юзланиш соқит бўлади. Имкони бўлса, намозни бошлашида қиблага юзланиб “Аллоҳу акбар” деб, кейин бораётган томонига қараб намоз ўқиб кетаверади.

  • Каъбани кўриб турган киши айнан унга юзланиб, намоз ўқийди. Узоқдагилар эса Каъба жойлашган томонга қараб ўқийверади.

Билмасдан Каъбадан бошқа томонга қараб ўқилган намознинг ҳукми:

  • Агар ҳаво булутлиги ё бошқа сабабдан қиблани аниқлаш имкони бўлмаса, қиблани қасд қилиб, бир тарафга қараб ўқийверади. Агар хато бўлиб чиқса ҳам, кейин ўша намозни қайта ўқимайди.

  • Агар намоз ўқиб турган ҳолида ишончли бир киши келиб, қиблага йўллаб қўйса, дарҳол ўша томонга юзланиб, намозида давом этади ва ўқиган намози дуруст саналади.

Иккинчи: қиём (тик туриш)

  • Тик туриб намоз ўқиш фарз ва у намоз рукнларидан биридир. Фақат қаттиқ жанг ичида ва хавф ҳолатида намоз ўқиётган киши ўтириб ўқиши жоиз бўлади. Шунингдек, тик туролмайдиган бемор ҳам агар қодир бўлса ўтириб ўқийди, бунга ҳам қодир бўлмаса ётган ҳолида ўқийди. Нафл намоз ўқувчи киши хоҳласа ўтириб ё отлиқ ҳолида ҳам ўқиши мумкин. Бунда руку ва саждада боши билан ишора қилади. Бемор киши ҳам шундай қилади. Саждада рукудан кўра кўпроқ эгилади.

  • Ўтириб намоз ўқувчи киши сажда қилиш учун ерга (ёстиқ ё курси каби) бирон нарсани қўйиб олиши жоиз эмас. Агар пешонасини ерга қўёлмайдиган ҳолда бўлса, саждада рукудан кўра сал кўпроқ эгилиши кифоя.

Кема ёки самолётдаги намоз:

  • Фарз намозларни кемада, шунингдек, самолётда адо этиш мумкин.

  • Бу ҳолда агар тик туриб ўқиш хавфли бўлса, ўтириб ўқиш жоиз.

  • Тик туриб ўқиётган киши заифлиги ё кексалиги туфайли устун ё ҳассага суяниб олиши жоиз.

Тик туриш ва ўтириш ўртасини жамлаш:

  • Тунги (таҳажжуд) намозини тик туриб ёки бирон узрсиз ўтириб ўқиш мумкин. Бир намозда тик туриш ва ўтиришни жамласа ҳам жоиз. Бунда ўтирган ҳолда қироат қилади ва рукудан сал олдин ўрнидан туриб, қолган оятларни тик турган ҳолда қироат қилиб, кейин руку ва сажда қилади. Иккинчи ракаатда ҳам шундай қилади.

  • Ўтириб намоз ўқиётган киши чордона қуриб ё ўзига қулай бўлган ҳар қандай кўринишда ўтириши мумкин.

Оёқ кийимда намоз ўқиш:

  • Ялангоёқ ҳолда ҳам, оёқ кийим билан ҳам намоз ўқиш жоиз.

  • Афзали, имкониятига қараб гоҳ ундай, гоҳ бундай ўқишдир. Муҳими, албатта оёқ кийимда ўқишим керак, ё эса ечиб ўқишим керак деб, ўзини қийнамасин. Балки, оёқяланг ҳолда бўлса, шу ҳолича, оёқ кийимда бўлса, шу ҳолича ўқийвериши мумкин. Фавқулода ҳолатлар бундан мустасно.

  • Оёқ кийимини ечса, ўнг томонига қўймасин, агар чап томонида намоз ўқиётган одам бўлмаса, чап томонига қўйсин. Йўқса, оёқлари орасига қўйсин. Бунда намозхон оёқ кийимини олди томонига қўймаслиги кераклигига латиф ишора бордир. Кўпчилик намозхонларни ушбу одобга риоя қилмасдан, оёқ кийимларига қараб сажда қилишларини кўрасиз. Ваҳоланки, бу ҳақда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ амр келган.

Минбар устида намоз ўқиш:

  • Имом одамларга намозни таълим бериш учун минбар каби баланд ўринда намоз ўқиши жоиз. Бунда минбар устида такбир айтиб, намозни бошлайди, қироат қилади, руку қилади. Кейин тисарилиб, пастга тушади ва минбар остида ерга сажда қилади. Кейин яна минбарга кўтарилади ва иккинчи ракаатда ҳам шундай қилади.

Сутрага яқин туриб намоз ўқиш вожиблиги:

  • Сутрага (тўсиққа) қараб намоз ўқиш вожибдир, масжидда бўладими, бошқа жойдами, фарқсиз. Чунки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сутрасиз намоз ўқима, ҳеч кимни олдингдан ўтишига йўл қўйма, агар кўнмаса у билан жанг қил, чунки у билан бирга қарин (яъни шайтон) бордир”, деганлар (Ибн Хузайма, 775).

  • Сутрага яқин туриш лозим. Чунки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шунга буюрганлар.

  • Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сажда ўринлари билан олдиларидаги девор оралиғида тахминан бир қўй сиғадиган масофа бўларди. Ким шундай қилса, сутрага вожиб бўлганидек яқин турган бўлади. Шундан маълум бўладики, кўп масжидларда кўрилаётгани каби одамлар масжид ўртасида девордан ҳам, устундан ҳам узоқда туриб намоз ўқишлари Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқлари ва амалий кўрсатмаларидан ғофилликдан бошқа нарса эмасдир.

Сутранинг баландлик миқдори:

  • Сутра ердан камида бир-икки қарич баланд бўлиши лозим. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар бирортангиз олди тарафига эгарнинг орқасича нарсани қўйиб олса, намоз ўқийверсин, унинг ортидан ўтган одамга парво қилмасин”, деганлар (Имом Муслим ривояти). “Эгарнинг орқаси”дан мурод туя эгарининг орқасида бўладиган устунчадир. Ҳадисда ерга чизиб олиш сутра ўрнига ўтмаслигига ишора бор. Унинг жоизлиги ҳақидаги ҳадис заифдир.

  • Сутрани рўпарасига қўйиб олади. Чунки сутрага қараб намоз ўқиш ҳақидаги буйруқнинг зоҳири шудир. Сутрадан ўнгроқ ё чапроққа туриш тўғри бўлмайди.

  • Ерга санчиб қўйилган таёқ ва шу кабиларга, дарахт ё устунга, сўрида ўраниб ухлаб ётган аёлига қараб намоз ўқиш, шунингдек от, туя каби бирор жониворга қараб намоз ўқиш жоиз бўлади.

Қабрларга қараб намоз ўқиш ҳаромлиги:

  • Қабрларга юзланиб намоз ўқиш мутлақо жоиз эмас, пайғамбарларнинг қабрлари бўладими, бошқаларнинг қабрими, фарқсиз.

Намоз ўқиб турган кишининг олдидан ўтиш ҳаромлиги:

  • Сутрага қараб намоз ўқиётган кишининг олдидан (сутраси ичидан) ўтиш жоиз эмас, Масжидул ҳаромда бўлсин, бошқа масжидларда бўлсин, фарқсиз. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Намоз ўқувчининг олдидан ўтаётган одам ўзига қанча гуноҳ бўлишини билганида эди, қирқ (кун ё ой ё йил – ровий шак қилган) кутиб туриши унинг олдидан ўтганидан кўра ўзи учун яхшироқ бўлар эди”, деганлар (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Бундан мурод у билан сажда қиладиган жойи ўртасидан ўтишдир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам тавоф майдони четида сутрасиз намоз ўқиганлари, одамлар у зотнинг олдиларидан ўтиб тургани ҳақидаги ҳадис саҳиҳ эмас. Қолаверса, унда ҳам у зот билан саждагоҳлари орасидан ўтишгани айтилмаган.

Намоз ўқиётган киши ўз олдидан ўтувчини – Масжидул ҳаромда бўлса ҳам – қайтариши вожиблиги:

  • Сутрага қараб намоз ўқиётган одам бировни ўз олдидан ўтишига йўл қўймаслиги керак. Чунки, юқорида ўтган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сутрасиз намоз ўқима, ҳеч кимни олдингдан ўтишига йўл қўйма, агар кўнмаса у билан жанг қил, чунки у билан бирга қарин (яъни шайтон) бордир”, деганлар (Ибн Хузайма, 775). Бошқа бир ҳадисларида у зот: “Агар бирортангиз одамлардан ўзини тўсиб турадиган нарсага қараб намоз ўқиётганида биров олдидан кесиб ўтишни ҳоҳласа, уни кўкрагидан итарсин ва имкони борича даф қилсин. Агар кўнмаса, у билан урушсин, чунки у шайтондир”, деганлар (Бухорий ва Муслим).

Кесиб ўтишнинг олдини олиш учун олдинга ҳаракатланиш:

  • Оқил ва болиғ бўлмаган киши, ёш бола ё жонивор кабиларни ўз олдидан ўтказмаслик учун олдинга бир-икки қадам босиши ва орқасидан ўтишга йўл қўйиб бериши жоиз.

Намозни бузиши:

  • Намозда сутранинг аҳамияти шундаки, намоз ўқиётган киши сутрага қараб ўқиётган пайтда олдидан биров ўтса, намози бузилмайди. Аммо сутра қўймасдан намоз ўқиётган кимсанинг олдидан аёл киши, шунингдек, эшак ва қора ит каби ҳайвонлар ўтса, унинг намози бузилади.

Учинчи: ният

  • Намозхон ўзи ўқимоқчи бўлган намозга ният қилиши ва масалан, “пешиннинг фарзи ё суннати” деб, дилида тайин қилиши зарур. Ният шарт ёки рукндир. Аммо, ниятни тил билан талаффуз қилиш суннатга зид бидъат бўлиб, улуғ имомлардан бирортаси шундай қилиш кераклигини айтган эмас.

Тўртинчи: такбир айтиш

  • Сўнг ”Аллоҳу акбар” деб намозни бошлайди. Такбир айтиш намознинг рукнларидан. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Намознинг калити таҳоратдир, унинг таҳрими такбир айтиш, таҳлили эса салом беришдир”, деганлар (Абу Довуд, Термизий, Ҳоким ривоятлари). Бунинг маъноси шуки, намознинг таҳрими – яъни, намоз ичида қилиш ҳаром бўлган ишлардан тийилиш вақти такбир айтилиши билан, таҳлили – яъни, мазкур ишларнинг яна ҳалол бўлиши салом берилиши билан бошланади.

  • Намозда такбирни баланд овозда айтмайди, фақат имом бундан мустасно.

  • Имомнинг бетоблиги ёки овози пастлиги ё эса намозхонлар сони ўта кўплиги каби ҳолатлар тақозосига кўра, муаззин имомнинг такбирини одамларга етказиб туриши жоиз бўлади.

  • Имомга иқтидо қилган киши фақат имом такбирни тўла айтганидан кейингина такбир айтади.

Қўлларни кўтариш тартиби:

  • Такбир билан бирга, ё аввалроқ ё кейинроқ икки қўлини кўтаради. Учала ҳолат ҳам суннатда келган.

  • Уларни бармоқларини ёзган ҳолда кўтаради.

  • Кафтларини елкалари баробарида кўтаради, ундан баландроқ кўтариб, қулоқлари баробарига кўтариши ҳам мумкин. Аммо, бош бармоқни қулоқ юмшоғига теккизиш суннатдан эмас. Балки, бу менимча, васвасага боис бўлади, холос.

Ўнг қўлни чап қўл устига қўйиш:

  • Такбирдан сўнг ўнг қўлини чап қўли устига боғлайди. Шундай қилиш ўтган пайғамбарларнинг суннатларидан бўлиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам асҳобларини шунга буюрганлар. Қўлларини боғламасдан ташлаб қўймайди.

  • Ўнг қўлини чап кафти ва билаги устига қўяди.

  • Ёки ўнг қўли билан чап қўлини сиқимлаб ушлаб олади. Аммо бир вақтнинг ўзида қўлни қўйиб туриш билан ушлаб туришни жамлаш суннатда асли йўқдир.

Қўлни қўйиш ўрни:

  • Қўлларини кўкрагига қўяди, бунда эркак киши билан аёл киши ўртасида фарқ йўқ. Менимча, қўлни кўкракдан бошқа жойга қўйиш ҳақидаги ҳадислар ё заиф, ё эса асли йўқ.

  • Ўнг қўлини биқинига қўйиб туриши жоиз эмас.

Хушу билан сажда ўрнига қараб туриш:

  • Намозида хушу (ҳокисорлик) билан туриши ва хушудан машғул қиладиган ҳар хил зеб-зийнат ва нақшларга ўхшаш нарсалардан узоқлашиши лозим. Кўнгли тусаб турган овқат дастурхонга келган пайтда, шунингдек, таҳорати қистаб турган ҳолда намоз ўқимайди.

  • Қиёмда (тик) турганида сажда ўрнига қараб туради.

  • Намоз ичида у ёқ бу ёққа ўгирилиб қарамайди. Атрофга аланглаш банданинг намозидан шайтоннинг ўғирлаб оладиган ўлжасидир.

  • Намозда осмонга юзланиши жоиз эмас.

Намозга кириш дуоси:

  • Намозини Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган дуолардан бири билан бошлайди. Улар кўп бўлиб, энг машҳури: “Субҳаанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табааракасмука ва таъала жаддука ва лаа илааҳа ғойрук” (маъноси: эй Аллоҳ, Сен (барча айбу нуқсондан) покдирсан. Сенга ҳамду сано билан (тасбеҳ айтаман). Сенинг исминг баракотли, буюклигинг беҳад олийдир. Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир).

Бешинчи: қироат

  • Сўнг “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм” деб, Аллоҳдан шайтоннинг шарридан паноҳ тилайди.

  • Баъзан “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм мин ҳамзиҳи ва нафхиҳи ва нафсиҳ” (Аллоҳдан шайтоннинг васвасасидан, нафасидан ва дамидан паноҳ беришини сўрайман) дейиш суннатдандир.

  • Баъзан “Аъузу биллаҳи”дан сўнг “ас-самиъ ал-алим” (эшитувчи ва билувчи)ни қўшиб қўяди.

  • Кейин овоз чиқармасдан “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” дейди.

“Фотиҳа” сурасини ўқиш:

  • “Бисмиллаҳ”дан сўнг “Фотиҳа” сурасини ўқийди. Бу намоз рукнларидан бўлиб, усиз намоз яроқли саналмайди. Араб бўлмаганлар ҳам уни ёд олиши зарур.

  • Ушбу сурани ёдлай олмаган киши: «Субҳааналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ» деб айтиши кифоя қилади. (Маъноси: Аллоҳ покдир, барча мақтовлар Аллоҳгадир, Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир, Аллоҳ буюкдир, куч-қувват фақат Аллоҳнинг мадади биландир).

  • “Фотиҳа” сурасини бир оят – бир оятдан бўлиб ўқийди ва ҳар оятдан сўнг тўхтайди. “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” деб тўхтайди, сўнг “Алҳамду лиллаҳи роббил ааламийн” деб тўхтайди, сўнг “Ар-роҳманир роҳим” деб тўхтайди. Ва ҳоказо суранинг охиригача шундай ўқийди. Шунингдек, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам қироатларининг ҳаммаси шундай бўларди, ҳар оят бошида тўхтардилар, кейинги оятга улаб кетмас эдилар.

  • “Маалики”да “ма”ни чўзиб ўқиш ҳам, қисқа ўқиш ҳам жоиз.

Имомга иқтидо қилувчининг “Фотиҳа”ни ўқиши:

  • Имомга иқтидо қилган киши имом ортидан “Фотиҳа” сурасини махфий намозда, шунингдек, жаҳрий намозда ҳам агар имомнинг қироатини эшитмаса ёки имом “Фотиҳа”дан сўнг бир оз тин олган пайтда ўқиши вожибдир.

“Фотиҳа”дан кейин қироат қилиш:

  • Аввалги икки ракаатда “Фотиҳа”дан кейин бирон сура ёки бир неча оятлар ўқиш суннатдир.

  • Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзан узун қироат қилардилар, баъзан сафар, ё йўтал, ё касаллик, ё бола йиғиси сабабли қисқароқ ўқирдилар.

  • Қироат намозларга қараб фарқли бўлади. Масалан, беш вақт намоз ичида энг узун қироат бомдод намозида, ундан кейин пешинда, ундан кейин асрда, ундан кейин хуфтонда, ундан кейин шомда ўқилади.

  • Тунги (таҳажжуд) намоздаги қироат бошқа барча намозлардаги қироатдан кўра узун бўлади.

  • Биринчи ракаатда қироатни иккинчи ракаатдан кўра узунроқ қилиш суннатдир.

  • Кейинги икки ракаатда аввалги икки ракаатдан кўра қисқароқ қироат қилинади.

Ҳар ракаатда “Фотиҳа” ўқиш:

  • “Фотиҳа” сурасини ҳар бир ракаатда ўқиш вожибдир.

  • Баъзан кейинги икки ракаатда ҳам қўшимча сура ё оятлар ўқиш суннатдир.

  • Имом қироатни суннатда келгандан кўра кўпроқ чўзиб юбориши жоиз бўлмайди. Чунки бу билан ортида намозда бўлиши эҳтимоли бўлган кексалар, бетоб кишилар, эмизикли боласи бор аёллар, зарур иши бўлган кишиларни қийнаб қўйиши мумкин.

Қироатни ошкор ва махфий қилиш:

  • Бомдод, жума, икки ҳайит, истисқо (ёмғир сўраб ўқиладиган намоз) ва кусуф (қуёш ёки ой тутилиши муносабати билан ўқиладиган) намозларида, шунингдек, шом ва хуфтоннинг аввалги икки ракаатида овоз чиқариб қироат қилади. Пешин ва аср намозларида, шомнинг учинчи ва хуфтоннинг охирги икки ракаатида махфий қироат қилади.

  • Махфий қироат қилинадиган намозларда имом гоҳо оятларни эшиттириб қўйиши жоиз.

  • Витр ва таҳажжуд намозларида гоҳо махфий, гоҳо ошкор қироат қилади, ошкор қироат қилганда ўртача овозда ўқийди.

Дона-дона қилиб қироат қилиш:

  • Намозда Қуръонни шошилмасдан, дона-дона қилиб, ҳарфларини аниқ чиқариб ўқиш суннатдир. Қуръонни чиройли овозда, тажвид ҳукмлари доирасида, гўзал оҳангда тиловат қилади. Ҳаддан ташқари чўзиб, куйга солиб ва мусиқий ноталарга тушириб ўқимайди.

Имомга луқма бериш:

  • Имом қироатда адашиб қолса, иқтидо қилувчи унга луқма бериши жоиз.

Олтинчи: руку

  • Қироатдан фориғ бўлгач, бироз тўхтаб, нафас ростлайди.

  • Сўнгра қўлларини такбири таҳримда (намоз бошлашда) кўтарганидек кўтаради.

  • “Аллоҳу акбар” деб такбир айтади. Бу вожибдир.

  • Сўнг бўғинлари ўрнашиб, ҳар бир аъзо ўз ўрнига тушадиган миқдорда руку қилади. Бу намоз рукнларидан биридир.

Рукунинг кўриниши:

  • Қўлларини тиззаларига жойлаштиради. Бармоқлари орасини очиб, тиззаларини чангаллагандек ушлайди.

  • Орқасини бирон идишдаги сув қўйилса тўкилмай турадиган даражада бир текис ва баробар қилади.

  • Бошини қуйи эгиб ҳам, кўтариб ҳам юбормайди, бели билан бир текис тутади.

  • Тирсакларини биқинларидан узоқлаштиради.

  • Рукуда уч марта, ё ундан кўпроқ “Субҳаана роббиял азийм” дейди. Истаса, бундан бошқа ҳам бир неча зикрларни айтиши мумкин. Улар “Сифати солатин набий” китобида зикр қилинган.

Рукнларни баробар қилиш:

  • Намоз рукнларини бир хил узунликда қилиш суннат бўлиб, рукусини, рукудан кейин қад ростлаб туришини, саждани ва икки сажда ўртасидаги ўтиришини қарийб бир хил узунликда қилади.

  • Рукуда ва саждада Қуръон ўқиш жоиз эмас.

Рукудан туриш:

  • Сўнг белини рукудан кўтаради. Бу ҳам рукн.

  • Рукудан бош кўтариш асносида “Самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ” дейди. Бу вожибдир.

  • Рукудан турган пайтида қўлларини юқорида айтилганидек кўтаради.

  • Рукудан қайтиб, хотиржам туради, ҳатто ҳар бир суяги ўз ўрнига қайтади. Бу ҳам рукндир.

  • Тик турган ҳолида: “Роббанаа ва лакал ҳамд” деб айтади. (Шу ҳолда айтиладиган бошқа зикрлар ҳам бор. Бу ҳақда қўшимча маълумот учун “Сифати солатин набий” китобига мурожаат қилинсин). Бу ҳар бир намоз ўқувчига вожиб, чунки бу қиёмнинг зикридир. Аммо “Самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ” дейиш рукудан бош кўтаришдаги зикрдир. Рукудан турганда қўлларни боғлаб турилмайди.

  • Рукудан кейинги туриши узунликда қарийб рукуга тенг бўлади.

Сажда қилиш:

  • Сўнгра “Аллоҳу акбар” деб такбир айтади. Бу вожибдир.

  • Баъзан қўлларини кўтаради.

  • Кейин саждага йиқилади, қўлларини тиззаларидан олдин қўяди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шунга буюрганлар ва туянинг чўкишига ўхшаб саждага боришдан қайтарганлар. Маълумки, туя олдинги тиззалари билан чўкади.

  • Сажда намознинг рукнларидан. Саждада кафтларига суянади, уларни мушт қилиб олмайди.

  • Бармоқларини йиғиқ ҳолда тутади.

  • Уларни қиблага қаратади.

  • Кафтларини елкалари тўғрисига қўяди.

  • Баъзан қулоқлари тўғрисига қўйиши ҳам мумкин.

  • Билакларини ердан кўтаради, бу вожибдир, уларни итлар тўшаганидек ерга тўшаб олмайди.

  • Бурун ва пешонасини ерга теккизади, бу рукндир.

  • Тиззаларини ҳам ерга теккизади.

  • Оёқлари учларини ҳам ерга теккизади.

  • Уларни тик тутади. Бу айтилганлар ҳам вожиб.

  • Оёқ бармоқлари учини қиблага қаратади.

  • Товонларини бир-бирига теккизади.

Саждада мўътадил туриш:

  • Саждада сажда аъзоларининг барчасига – пешона, бурун, кафтлар, тиззалар ва қадам учларига бир хилда суяниб, мўътадил туриши вожиб бўлади.

  • Саждада шундай мўътадил туриш билан хотиржамлик ҳосил бўлади. Саждада хотиржам туриш ҳам рукндир.

  • Саждада уч марта, ё ундан кўпроқ “Субҳаана роббиял аъло” дейди. Истаса, бундан бошқа ҳам бир неча зикрларни айтиши мумкин. Улар “Сифати солатин набий” китобида зикр қилинган.

  • Саждада дуони кўпайтириши мустаҳабдир. Чунки сажда дуо ижобат бўлиши умид қилинадиган ўриндир.

  • Саждаси узунликда қарийб рукусига тенг бўлади.

  • Бевосита ерга ёки унга тўшалган гилам, бўйра, жойнамоз кабиларга сажда қилиш жоиз.

  • Саждада Қуръон ўқиш жоиз эмас.

Икки сажда ўртасида ўтириш:

  • Кейин “Аллоҳу акбар” деб бошини саждадан кўтаради. Бу вожиб.

  • Баъзан қўлларини кўтаради.

  • Кейин хотиржам ўтиради, токи ҳар бир суяк ўз ўрнига қайтсин. Бу ҳам рукндир.

  • Чап оёғини тўшаб, унинг устига ўтиради. Бу вожибдир.

  • Ўнг оёғи қадамини тиклайди.

  • Унинг бармоқларини қиблага қаратади.

  • Баъзан иқъо қилиш, яъни икки оёқнинг товонлари ва кафтлари устига ўтириш ҳам жоиз.

  • Ўтирган ҳолида: “Аллоҳуммағфирлий варҳамний ваҳдиний важбурний варфаъний ва офиний варзуқний”, деб айтади. (Маъноси: эй Аллоҳ, мени мағфират этгин, менга раҳм этгин, мени ҳидоят қилгин, ўнглагин ва офият (саломатлик) ато этгин. Менга ризқ бергин ва мени юксалтиргин).

  • Ёки “Роббиғфирлий, Роббиғфирлий” (Эй Раббим, мени мағфират қил, эй Раббим, мени мағфират қил), деб айтади.

  • Бу ўтиришининг узунлиги қарийб сажда узунлигига тенг бўлади.

Иккинчи сажда:

  • Кейин “Аллоҳу акбар” дейди. Бу вожиб.

  • Ушбу такбир билан баъзан қўлларини кўтаради.

  • Иккинчи саждага боради. Бу ҳам рукндир.

  • Уни биринчи саждани қандай қилган бўлса, шундай қилади.

  • Иккинчи саждадан бош кўтариб, иккинчи ракаатга турмоқчи бўлганида “Аллоҳу акбар” деб айтади. Бу вожиб.

  • Баъзида қўлларини кўтаради.

  • Туриб кетишидан олдин чап оёғига хотиржам ўтиради, токи ҳар бир суяк ўз ўрнига қайтсин. Бу “истироҳат ўтириши” дейилади.

Иккинчи ракаат:

  • Сўнг худди хамир қоргандек кўринишда икки қўли билан ерга суяниб, иккинчи ракаатга туриб кетади. Бу ҳам рукндир.

  • Ушбу ракаатда ҳам биринчи ракаатда қилганидек қилади.

  • Фақат бу ракаатда намозга кириш дуосини ўқимайди.

  • Иккинчи ракаатни биринчи ракаатдан қисқароқ қилади.

Ташаҳҳудда ўтириш:

  • Иккинчи ракаатдан сўнг ташаҳҳуд учун ўтиради. Бу вожибдир.

  • Бунда худди икки сажда ўртасида ўтирганидек ўтиради.

  • Лекин бу ўтиришда иқъо қилиш (товон ва кафтлар устига ўтириш) жоиз эмас.

  • Ўнг қўли кафтини ўнг сони ва тиззасига қўяди. Ўнг қўли чиғаноғини сони устига қўяди.

  • Чап қўли кафтини чап сони ва тиззасига қўяди.

  • Қўлига, хусусан чап қўлига суяниб ўтириши жоиз эмас.

  • Ўнг қўли бармоқларини йиғиб, гоҳо бош бармоғини ўрта бармоғи устига қўяди.

  • Гоҳо бош бармоғи билан ўрта бармоғини ҳалқа қилади.

  • Кўрсаткич бармоғи билан қиблага ишора қилади.

  • Кўзларини унга тикиб туради.

  • Ташаҳҳуднинг бошидан охиригача дуо билан бармоқни қимирлатади.

  • Чап қўли бармоғи билан ишора қилмайди.

  • Ҳар бир ташаҳҳудда шундай қилади.

Ташаҳҳуд ва дуо ўқиш:

  • Ташаҳҳуд (аттаҳийёт) ўқиш вожиб бўлиб, унутиб ўқимаган киши саҳв саждаси қилади.

  • Ташаҳҳудни ичида ўқийди.

  • Ташаҳҳуд будир: “Ат-таҳийяату лиллаҳи вас-солааваату ват-тоййибаат. Ассаламу алайка айюҳан набийю ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ассаламу алайнаа ва алаа ибаадиллаҳис солиҳийн. Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ”. (Маъноси: Саломлар, дуолар ва покиза сўзу амаллар Аллоҳга хосдир. Эй Пайғамбар, сизга Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин. Бизга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир, Муҳаммад Унинг қули ва расулидир). Ташаҳҳуднинг бундан бошқа бир неча кўринишлари ҳам бор. Истаган киши уларни ўқиши ҳам мумкин. Улар “Сифати солатин набий” китобида зикр қилинган.

  • Ташаҳҳуддан сўнг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга қуйидагича саловот айтади: “Аллоҳумма солли алаа Муҳаммадин ва алаа аали Муҳаммадин камаа соллайта алаа Иброҳийма ва алаа аали Иброҳийма иннака ҳамийдун мажийд. Аллоҳумма баарик алаа Муҳаммадин ва алаа аали Муҳаммадин камаа баарокта алаа Иброҳийма ва алаа аали Иброҳийма иннака ҳамийдун мажийд” (Маъноси: эй Аллоҳ, Иброҳимга ва унинг аҳли-умматига салавот-раҳмат юборганингдек, Муҳаммадга ва унинг аҳли-умматига ҳам салавот-раҳмат юборгин. Албатта, Сен мақтовли ва улуғ Зотсан. Эй Аллоҳ, Иброҳимга ва унинг аҳли-умматига хайру баракот ато этганингдек, Муҳаммадга ва унинг аҳли-умматига ҳам хайру баракот ато этгин. Албатта, Сен мақтовли ва улуғ Зотсан).

  • Истаган киши қисқароқ шаклда: “Аллоҳумма солли алаа Муҳаммад ва алаа аали Муҳаммад ва баарик алаа Муҳаммад ва алаа аали Муҳаммад камаа соллайта ва баарокта алаа Иброҳийма ва алаа аали Иброҳийма иннака ҳамийдун мажийд”, деб айтиши ҳам мумкин.

  • Кейин ташаҳҳудда ўтирган ҳолида суннатда келган дуолардан истаганини ўқиши мумкин.

Учинчи ва тўртинчи ракаатлар:

  • Кейин “Аллоҳу акбар” дейди, бу вожибдир. Суннат – такбирни ўтирган ҳолда айтишдир.

  • Баъзан қўлларини кўтаради.

  • Кейин учинчи ракаатга туради. Бу ҳам рукндир.

  • Тўртинчи ракаатга тураётганда ҳам шундай қилади.

  • Лекин ўрнидан туришидан олдин чап оёғи устига хотиржам ўтиради, токи ҳар бир суяк-аъзо ўз ўрнига қайтсин.

  • Сўнг худди иккинчи ракаатга турганида қилганидек, қўлларига суяниб ўрнидан туради.

  • Сўнг учинчи ракаатда ҳам, тўртинчи ракаатда ҳам “Фотиҳа” сурасини ўқийди. Бу вожибдир.

  • Баъзан унинг ортидан бир ёки бир неча оятни ўқиши мумкин.

Бало-офат пайтида қунут ўқиш:

  • Мусулмонлар бошига бало ва мусибат тушганда улар ҳақига дуо қилиб, қунут дуоси ўқиш суннатдир.

  • Ушбу қунут дуосини рукудан кейин “Роббана ва лакал ҳамд” деб айтганидан сўнг ўқийди.

  • Бу дуонинг аниқ бир шакли йўқ, тушган бало-мусибатга муносиб сўзлар билан дуо қилаверади.

  • Ушбу дуо пайтида қўлларини кўтаради.

  • Имом бўлса, овозини кўтариб ўқийди.

  • Иқтидо қилганлар “амийн” деб турадилар.

  • Дуодан сўнг такбир айтиб, сажда қилади.

Витр намозида қунут ўқиш:

  • Витрда қунут дуосини ўқийди, баъзан ўқимаслиги ҳам мумкин.

  • Уни бало-мусибат пайтидаги қунутдан фарқли ўлароқ, рукудан олдин ўқийди.

  • Қунут дуоси қуйидагича ўқилади: “Аллоҳуммаҳдиний фийман ҳадайта, ва аафиний фийман аафайта, ва тавалланий фийман таваллайта, ва баарик лий фиймаа аътойта, ва қиний шарро маа қозойта, иннака тақзий ва ла юқзо алайка, иннаҳу ла язиллу ман ваалайта ва ла яиззу ман аадайта, табаарокта Роббана ва таъаалайт” (Маъноси: эй Аллоҳ, мени Ўзинг ҳидоят этган кишиларинг қаторида ҳидоят этгин. Менга Ўзинг офият (саломатлик) ато этганларинг қаторида офият бергин. Яқин тутганларинг қаторида мени ҳам Ўзингга яқин этгин. Ато қилган нарсаларингни мен учун баракотли этгин. Қазо-ҳукм этган нарсаларинг ёмонлигидан мени асрагин. Албатта, Сен ҳукм этасан. Сенга (қарши) ҳукм этилмас. Сен дўст тутган киши хор бўлмас ва Сен душман тутган киши азиз бўлмас. Эй Раббимиз, Сен баракотли-буюк ва олий Зотдирсан).

  • Ушбу дуони Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам таълим берганлар, саҳобалар ҳам уни ўқирдилар.

  • Сўнг руку қилади, кейин икки марта сажда қилади.

Охирги ташаҳҳудда ўтириш:

  • Кейин охирги ташаҳҳуд учун ўтиради.

  • Бунда ҳам биринчи ташаҳҳудда қилганидек қилади.

  • Фақат бунда таваррук қилиб – чап ёни сондан юқорисини ерга қўйиб, чап оёғини ўнг болдири остидан чиқариб ўтиради.

  • Ўнг оёқ қадамини тиклайди.

  • Гоҳо тикламасдан ётқизиб қўйса ҳам жоиз.

  • Чап қўли билан тиззасини тутиб, унга оғирлигини ташлайди.

Пайғамбарга салавот айтиш ва тўрт нарсадан паноҳ тилаш вожиблиги:

  • Ушбу ташаҳҳудда ўтирганида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиши вожиб бўлади. Салавотнинг кўринишларидан баъзиларини юқорида айтиб ўтдик.

  • Сўнг тўрт нарсадан паноҳ тилайди: “Аллоҳумма инний аъувзу бика мин азааби жаҳаннам ва мин азаабил қобр ва мин фитнатил маҳя вал мамаат ва мин шарри фитнатил масийҳид дажжаал” (маъноси: эй Аллоҳ, мен Сендан жаҳаннам азобидан, қабр азобидан, тириклик ва ўлим фитнасидан ҳамда Масиҳи Дажжол фитнасининг ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман).

Тириклик фитнаси – инсон ҳаёти мобайнида дуч келадиган дунё ҳойи ҳаваслари билан фитналаниш, ўлим фитнаси – қабрдаги сўроқ-савол ва азоб фитнаси, Масиҳи Дажжол фитнаси эса Дажжолнинг қўлида содир бўладиган ва шу билан кўпчиликни адаштириб юборадиган ғайриоддий ишлар билан фитналаниб қолишдир.

Саломдан олдинги дуо:

  • Сўнг Қуръон ва суннатда келган дуолардан ўзи истагани билан дуо қилади. Агар уларни билмаса, билганича дини ва дунёси учун фойдали нарсаларни сўраб дуо қилаверади.

Салом бериш:

  • Кейин ўнг томонига салом беради. Бу рукндир. Салом берганда ўнг юзининг оқлиги кўринсин.

  • Кейин чап томонига салом беради. Бунда ҳам чап юзининг оқлиги кўринсин.

  • Имом бўлса, баланд овозда салом беради.

  • Салом лафзи бир неча кўринишда келган:

Биринчиси: ўнг томонига “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ” деб, чап томонига эса “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ” деб салом беради.

Иккинчиси: ккки томонига ҳам “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ” деб салом беради.

Учинчиси: ўнг томонига “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ” деб, чап томонига эса “Ассаламу алайкум” деб салом беради.

Тўртинчиси: Олди тарафига қараб, ўнг томонга сал мойил бўлган ҳолда бир марта “Ассалому алайкум” деб салом беради.

Мусулмон биродар! Мана шу айтиб ўтилганлар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларининг имкон қадар мухтасар кўриниши бўлиб, мен қўлимдан келганича уни сизнинг зеҳнингизга яқин келтиришга ва кўз олдингизга олиб келишга ҳаракат қилдим. Намозингизни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур кўринишдаги намозлари каби ўқисангиз, Аллоҳ таоло даргоҳида қабул қилади, деб умид қиламан. Чунки бу билан сиз Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Менинг намоз ўқиганимни кўрганингиздек намоз ўқинглар!” деган сўзларига амал қилган бўласиз.

Яна бир муҳим гап, намозда аввало қалб ҳозир бўлишига, хокисорлик ва синиқлик билан туришга қаттиқ аҳамият қаратиш лозим. Зеро, банданинг намозда Аллоҳга юзланиб туришидан кўзланган асосий мақсад ҳам шу, аслида. Зотан, намознинг Аллоҳ таборака ва таоло Қуръонда: “Албатта, намоз фаҳш ва мункар ишлардан қайтаради” (Анкабут: 45) дея марҳамат қилган улуғ самараси қалбда хокисорлик ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозларига эргашиш қай даражада бўлишига қараб рўёбга чиқади.

Сўзим охирида Аллоҳ таолодан намозларимизни ва бошқа амалларимизни қабул қилишини, уларнинг ажру савобларини биз учун молу давлат ҳам, бола-чақа ҳам фойда бермайдиган қиёмат кунига олиб қўйишини сўраб, илтижо қиламан.

Алҳамду лиллаҳи роббил аламийн.

Ушбу рисолани аллома шайх Муҳаммад Носируддин Албоний раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларининг такбирдан саломгача худди кўриб турганингиздек васфи” китобидан қисқартириб тайёрлаган.

Изоҳ қолдиринг