Қиёматнинг катта аломатлари: Доббанинг чиқиши (2)

0

Иккинчи масала – Доббанинг сифати

Уламолар доббанинг сифати борасида турли фикрларни билдирганлар:

  1. Добба Солиҳ алайҳиссалом туясининг бўталоғидир. Қуртубий айтади: «(Добба ҳақидаги) фикрлар орасида энг ҳақиқатга яқини ва тўғрироғи унинг Солиҳ алайҳиссалом туясининг бўталоғи эканидир, валлоҳу аълам»[1]. Кейин Қуртубий Абу Довуд Таёлисий «Муснад»да Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ушбу ҳадисни далил қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам доббани зикр қилиб, бундай дедилар: “Унинг уч замонда чиқиши бор. (Биринчисида) чўлнинг энг чеккасидан чиқади. Бироқ унинг хабари қишлоққа (яъни Маккага) етиб келмайди. Сўнг узоқ муддат яшириниб туради. Кейин иккинчи марта чиқади. Бу гал унинг хабари бутун чўлда тарқалади, ҳатто қишлоққа (яъни Маккага) ҳам кириб боради”. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Сўнг одамлар Аллоҳ наздида ҳурмати энг улуғ, энг яхши ва мукаррам масжид бўлган Масжидул ҳаромда турганларида (добба) рукн (Ҳажарул асвад) ва Мақом(и Иброҳим) ўртасида бўкирган ва бошидаги тупроқни қоққан ҳолатда одамларга намоён бўлади. Барча одамлар ундан ҳар ёнга тумтарақай қочадилар. Мўминлардан бир жамоаси Аллоҳнинг қадаридан қочиб қутула олмасликларини билиб, унинг қаршисида собитқадамлик билан турадилар. Добба (ишини) улардан бошлайди. Уларнинг юзларига жило беради, ҳатто уларни бамисоли порлаб турган юлдуздек қилиб қўяди. Кейин добба кўздан ғойиб бўлади. Уни қидириб ҳам топиб бўлмайди, ундан қочиб қутулиб ҳам бўлмайди. Ҳатто бир киши намоз ўқиб, добба ёмонлигидан паноҳ сўраб турган пайтда унинг ортидан келиб: «Эй фалончи! Энди намоз ўқийсанми?!», дейди. Сўнг унга олди тарафидан юзланиб, юзига тамға босади…”»[2].

Ҳадисдаги «бўкириш» деб таржима қилинган «рағо» феъли доббанинг Солиҳ алайҳиссалом мўъжизаси бўлмиш туянинг бўталоғи эканини кўрсатади. Чунки бу сўз ҳайвонлар ичида фақат туянинг овозига нисбатан қўлланилади. Қуртубий «Ат-тазкира»да айтади: «Охирзамонда чиқадиган добба Солиҳ алайҳиссалом туясининг боласи бўлиши айтилди. Туя сўйилган пайтда бўталоғи қочади. Шунда тош очилиб, бўталоқ унинг ичига киради ва тош ёпилади. Бўталоқ то чиқадиган пайти келгунча ўша жойда қолади. Бир кун келиб, Аллоҳнинг изни билан тошдан чиқиб келади. Бу фикрга Ҳузайфадан ривоят этилган ҳадис далолат қилади…»[3].

Шоир айтади:

Тошдан чиқар-чиқмас отар шаталоқ,

Солиҳ туясидан қолган бўталоқ.

Бўлсин деб иймон ё куфрдан дарак,

Халқнинг манглайига тамға босажак.

  1. Добба барча ҳайвонлар хилқатидан териб олинган бир ҳайвондир.

  2. Добба бидъат ва куфр аҳли билан баҳс-мунозара қиладиган гапирадиган бир инсондир. Токи ростгўйлар ростгўйга, ёлғончилар ёлғончига ажралиб, улардан ҳалок бўладиган кимсалар очиқ ҳужжат билан ҳалок бўлиши, тирик қолувчилари ҳам уларга Аллоҳнинг ҳужжати собит ва зоҳир бўлган ҳолда яшашлари учун улар билан баҳс-мунозара қилади. Қуртубий раҳимаҳуллоҳ бу фикрга раддия берди. Унинг нотўғри фикр эканини, оят зоҳирига ҳамда саҳиҳ ҳадисларга тескари эканини баён қилиб, бундай деди: «Бу фикр соҳиби Аллоҳ таолонинг: “У (добба) уларга сўзлайди…” (Намл, 82) деган оятидаги «сўзлайди» деган жойига таяниб шундай деган. Бироқ бу фикрга кўра мазкур доббанинг одатдан ташқари қандайдир мўъжиза-аломатга эгалик хусусияти йўқолади. Натижада ҳадисда айтилган ўнта аломатга кирмай қолади. Сабаби, бидъат аҳли билан баҳслашадиган, уларга қарши ҳужжат келтирадиган кишилар чиқиши кўп учрайдиган ҳолатдир. Бу ҳолатда доббанинг ўзига хос белгиси йўқолиб, мазкур ўн аломат ичида зикр этилишга лойиқ бўлмай қолади, охирзамонда чиқишининг ўзига хослиги йўқолади. Яна у фикрга кўра, ер аҳлига чиқариладиган ушбу мунозара қилувчи фазилатли олим инсонни «инсон» ёки «олим» ёки «имом» деб номлаш ўрнига «ер ҳайвони» деб аталиш масаласи ҳам келиб чиқади. Бу эса фасоҳатли кишилар одатидан ҳамда уламоларни ҳурматлаш фазилатидан четга чиқиш бўлиб, оқил кимсалар хислатидан бўлмай қолади. Хуллас, бу борада айтилган энг тўғри фикр тафсир аҳли бўлган олимларнинг сўзларидир. Ишларнинг ҳақиқати Аллоҳгагина аён»[4].

  3. Қурайш Каъбани қурмоқчи бўлганда Каъба деворида илон кўринади. Кейин бир бургут келиб, уни олиб кетади. Добба ўша илондир.

  4. У қалин ва пахмоқ юнгли, бир неча оёқли, бўйи олтмиш қулоч келадиган махлуқдир. Уни Имом Муслим «Саҳиҳ»да ривоят қилган Тамим Дорий ҳадисида[5] зикр қилинган «жассоса»дир, деганлар ҳам бўлган[6].

У Дажжолга жосуслик қилиб, хабарларни етказиб тургани боис «жассоса» деб номланган[7].

  1. Добба – яъни ҳайвон сўзи турдош отлардан бўлиб, ерда юрадиган ҳар бир жонзотга нисбатан қўлланилади. Шунга кўра, у ўзида ажойибот ва ғаройиботларни жамлаган муайян бир ҳайвон эмас. Яқин ўтмишда яшаб ўтган баъзи уламоларнинг фикрича, доббадан ҳозирда мавжуд бўлган айрим ҳашаротлар назарда тутилган бўлиши мумкин. Улар қандайдир сабабга кўра кўпайиб кетади. Ўзлари митти ва заиф бўлишига қарамай, одамларга ҳужум қилиб, уларга қаттиқ азият етказишади. Одамлар ўзларида мавжуд юксак илму маҳоратларига қарамай, уларга қарши курашишдан ожиз қоладилар. Хуллас, улар Аллоҳнинг оят-мўъжизаларидан бир нишона бўладилар. Баъзилар эса, доббадан инсонга зарар келтирадиган хатарли бактериялар назарда тутилган дейишган. Албатта, булар ботил фикрлар, бузуқ таъвиллардир. Чунки улар Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг добба ҳақидаги хабарларини ёлғонга чиқаради[8].

Шайх Аҳмад Шокир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Оят уни соф араб тилида «добба» (ер ҳайвони) деб очиқ айтди. Араблар луғатида «добба» қандай маъно англатиши маълум, у ҳеч қандай таъвилга муҳтож эмас. Шунингдек, ҳадислар ҳам унинг айрим ишларини баён қилиб берди. «Саҳиҳ ҳадислар тўпламлари»да ва бошқа ҳадис китобларида қиёмат аломати бўлган доббанинг чиқиши, бу ҳодиса охирзамонда содир бўлиши айтилган талай ҳадислар келди. Шунингдек, унинг сифати ҳақида саҳоба ва тобеинлардан бир қанча асарлар ҳам келган бўлиб, бу асарлар Раб таолодан хабар етказувчи, У Зотнинг Китобида келган оятларни баён қилиб берувчи Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат берилмаган. Шундай экан, улардан воз кечиб юборишнинг зиёни йўқ.

Аммо, ўзларини Исломга мансуб эканини даъво қиладиган баъзи замондош кимсалар борки, оғизларидан фақат мункар сўзлар ва ботил фикрлар чиқади, ғайбга иймон келтиришни хоҳлашмайди. Оврўпалик даҳрий, бутпараст, ахлоқсиз муаллимлари, шараф ва диннинг барчасидан воз кечган пешволари уларга чизиб берган модда чегарасидан хатлаб ўтишни исташмайди. Бу кимсалар биз иймон келтирган ғайбга иймон келтира олишмайди, уни очиқ-ойдин инкор қилиб юборишга ҳам ҳаддилари сиғмайди. Кейин беҳуда валдирашга, гапни олиб қочиб, айлантиришга ўтишади. Ўзларича гапни асл, тўғри маъносидан бошқа маънога буриб, таъвил қилиб, араблар луғатида ўрнашган маъносидан четга чиқариб, тушунарсиз рамзларга яқин ҳолатга келтириб қўйишади. Буларнинг бари қалбларида яширган инкор самарасидир.

Ҳатто баъзилари мазкур таъвилларни ўзини исломий жамоатга нисбат берадиган, аслида тамоман бу динга душман, мустамлакачи душманларга эса қул бўлган ўша машҳур ҳиндистонлик кимсадан нақл этишади! Уларнинг тараддудланишларига, қаёққа юз бураётганларига, ўзларини қайси ўтга ураётганларига бир қаранг! Сабаби оддий: улар Аллоҳнинг оятларига ишонмайдилар»[9].

Барча инсонлар қуйидаги ҳақиқатга иймон келтиришлари вожибдир: Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло одамларга ғайриоддий бир ҳайвонни чиқаради. У одамларга сўзлайди. Кофирга куфр, мўминга иймон тамғасини босади. Бу ғайбга иймон келтириш масаласи бўлиб, Аллоҳ мўминларни шу хислат билан мақтагандир.

Аллома Абдурраҳмон ибн Саъдий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу (айтилган) добба охирзамонда чиқадиган, қиёмат аломатларидан бири бўладиган ўша машҳур ер ҳайвонидир. У ҳақда жуда кўп ҳадислар келган бўлса-да, Аллоҳ ва Расули тарафидан мазкур доббанинг қандай кўринишда бўлиши зикр қилинмади. Балки фақат унинг асоратлари ва чиқишидан кўзланган мақсад айтилди. У Аллоҳнинг оят-аломатларидан бири экани, одамлар азобга ҳақли бўлган, Аллоҳнинг оятларида шубҳаланган пайтларида чиқишини ва уларга одатдан ташқари шаклда сўзлашини, бу эса мўминлар фойдасига далил, ҳақдан бўйин товлаганлар зарарига ҳужжат бўлиши хабар берилди»[10].

[1] «Тафсир ал-Қуртубий», 13/235.

[2] «Минҳат ал-Маъбуд фи тартиби муснади ат-Таёлисий Абу Довуд», 2/220. Бу ҳадисни Ҳоким ҳам ривоят қилиб (4/484): «Ҳадиснинг санади саҳиҳ. У ер ҳайвони – добба ҳақида энг очиқ айтилган ҳадис бўлса-да, Бухорий ва Муслим уни  ривоят қилмаганлар», деди. Заҳабий ҳадис ровийларидан бири Талҳа ибн Амр ал-Ҳазрамийни назарда тутиб: «Аҳмад унинг ҳадисини тарк қилган», деди. У Таёлисий ва Ҳоким санадида заиф ровий ҳисобланади. Ибн Маъин у ҳақда: «Яроқсиз, заиф ровий», деган. Қаранг: «Таҳзиб ат-таҳзиб», 5/23, 54.

[3] «Ат-тазкира», 2/822.

[4] «Тафсир ал-Қуртубий», 13/236; «Ат-тазкира», 2/818.

[5] Бу ҳадис аввалроқ Масиҳ Дажжол мавзусида зикр қилинди. (Тарж.)

[6] Қаранг: «Ат-тазкира», 2/819; Нававий. «Шарҳу саҳиҳи Муслим», 18/78; Шавконий. «Фатҳ ал-қадир», 4/151.

[7] Қаранг: «Ан-ниҳоя фи ғариб ал-ҳадис», 1/272.

[8] Қаранг: Тувайжирий, «Итҳоф ал-жамоъа», 3/182 ва кейинги саҳифалар. У киши мазкур фикрни зикр қилиб, унга қарши кучли ва етарли раддиялар берган.

[9] Қаранг: «Муснад Имом Аҳмад», Устоз Аҳмад Шокир таҳқиқи, 15/82.

[10] «Тафсир Ибн Саъдий», 5/603.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг