Дард ва даво (50): Гуноҳнинг касофати (10) Гуноҳ инсон хилқатига салбий таъсир ўтказади

0

Гуноҳлар банданинг ташқи кўриниши ва хилқатига салбий таъсир кўрсатишига келсак, Имом Термизий “Ал-жомеъ” китобида ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Аллоҳ Одам алайҳиссаломни яратганда унинг бўйи олтмиш газ эди. (Унинг зурриётлари бўлмиш) одамлар хилқати ҳозиргача, кундан-кунга кичрайиб бормоқда”.

Аллоҳ субҳонаҳу таоло ер юзини золимлар, фожирлар ва хоинлардан тозалашни ирода қилган пайтда одамлар орасидан Пайғамбар авлодидан бўлган бир инсонни чиқаради. Ўша даврга келиб, ер юзи қанчалар жабру зулмга тўлган бўлса, у ер юзини шунчалар адолатга тўлдиради. Масиҳ Исо (осмондан тушиб) яҳуд ва насронийларни ўлдиради ва Аллоҳ Ўз элчиси Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилган динни (яъни Ислом динини) ерда жорий этади. Шунда ерга барака кириб, илгари (яъни илк яратилган пайтда ва адолат ҳукм сурган даврда) қандай серҳосил ва ҳосиллари катта бўлса, шундай ҳосил бера бошлайди. Ҳатто бир тўда одамлар бир дона анорга тўйишади ва пўстлоғи барчаларига соя бўлади. Бир бош узум бир туя устига ортиладиган юкдек катта бўлади. Биргина туянинг сути бир гуруҳ одамларга етадиган даражада мўл бўлади. Буларнинг барчаси ер гуноҳ-маъсиятлардан тозаланиб, унга Аллоҳнинг баракаси ёғилганининг натижасидир. Ваҳоланки, бундан олдин ушбу баракани гуноҳ ва куфр ишлар учириб юборар эди.

Шубҳасиз, Аллоҳ азза ва жалла содир этилган гуноҳга жазо ўлароқ юборган азоб-уқубатларининг асоратлари ерда қолади ва ўтган умматлар азобланишига сабаб бўлган жиноятларга ўхшаш гуноҳлар содир этилишини пойлаб юради. Ҳозирда ер юзида рўй бераётган турли бало-офатлар олдинги умматларга юборилган азоб-уқубатларнинг асоратларидир. Худди ҳозирда содир этилаётган гуноҳлар ўтган умматлар жиноятларининг асоратлари бўлганидек. Аллоҳ таолонинг ҳикмати ва борлиқдаги кавний ҳукми – қонунлари бир-бирига мутаносибдир: катта жиноятларга катта азоб-уқубатлар, енгилроқ жиноятга енгилроқ азоб-уқубат берилур.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло барзах (қабр) ҳаётида ҳам, охират диёрида ҳам мана шундай адолатли ҳукм қилади.

Шайтоннинг бандага яқин бўлиш оқибати, у ҳозир бўлган жойда нималар рўй бериши ва унинг маскани ҳақида бир тафаккур қилиб кўринг! Шайтон бандага яқинлашиб, унинг устига миниб олса, банданинг умридан, амалидан, сўзидан, ризқидан барака қочади. Унга итоат қилиш ерга шунча бало-офатларни олиб келган. Бинобарин, қаерда унга итоат этилса (ва у ҳозир бўлса) ўша ердан барака йўқолади. Унинг маскани жаҳаннам. Шу сабабли у ерда на хотиржамлик, на раҳмат, на барака бор. (Хуллас, шайтон бор жойда барака бўлмайди).

Изоҳ қолдиринг