Эй иймон келтирганлар (4): Ҳалол-пок таом ейинг ва бунга шукр қилинг

0

Эй мўминлар, Биз сизларга ризқ қилиб берган ҳалол-покиза таомлардан истеъмол қилинг. Агар чиндан ҳам Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилувчи бўлсангиз, Унга шукр қилинг” (Бақара, 172).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, Аллоҳ таоло мўмин бандаларига иймон сифати билан нидо қилишининг сирини доим ёдда тутинг. Мўминлар чин иймонлари билан ҳаётдир. Улар тирик бўлгани боис эшитадилар, ақл юритадилар, буюрилган ишни қилишга, қайтарилган ишдан тийилишга қодир бўладилар. Аллоҳ таоло мўминларга нидо қилар экан, улар учун яхши бўлган ишга буюради, уларга ёмон бўлган ишдан қайтаради. Буюрилган ишни қилиш, қайтарилган ишдан тийилиш билан тақво ҳосил бўлади. Иймон ва тақво билан банда Аллоҳнинг дўстлигига эришади. Аллоҳ таоло деди: “Билингларки, Аллоҳнинг дўстлари учун охиратда ҳеч қўрқув йўқ ва улар ғамгин ҳам бўлмайдилар. Улар Аллоҳга иймон келтирган ва тақво қилган кишилардир. Улар учун дунёда уларни хурсанд қиладиган нарсалар башорати бор. Охиратда эса, уларга жаннат башорати бор. Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмайди ва уни ўзгартирмайди” (Юнус, 62-64).

Шунинг учун мўмин киши Аллоҳнинг иймон аҳлига қилган нидосини эшитса, дарҳол қулоқ тутиши, ён қулоғи билан эмас, жон қулоғи билан эшитиб сергак туриши керак. Сабаби, Аллоҳ мўминларга нидо қилар экан, ё уларга бирон ишни буюради, ё бирон ишдан қайтаради. Мўминлар иймон-ишонч ва савоб умидида буюрилган ишни бажариб, қайтарилган ишдан тийилсалар, улар учун Аллоҳнинг дўстлиги рўёбга чиқади ва дунё-ю охиратда улардан қўрқув ва ғамгинлик кетиши билан юқори мартабаларга эришадилар, жаннатнинг энг юксак ўринларида омонликда бўладилар.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида мўминларга қилган бу учинчи нидода уларга ризқ қилиб берган ва ҳаётларининг гарови бўлмиш ҳалол-покиза таом ва ичимликларни истеъмол қилишга амр этди. Чунки инсоният вужуди ва ҳаётининг бардавомлиги шу уч нарса: озиқ-овқат, сув ва ҳавога боғлиқдир.

Бу ердаги буйруқ фарзга далолат қилади. Яъни инсон ҳаётини сақлаш даражасида еб-ичиши фарздир. Аммо оятдаги “Биз сизларга ризқ қилиб берган ҳалол-покиза таомлардан” деган сўзга келсак, мушриклар гўшт маҳсулотидан бир қанча навини: “соиба” (бутларга атаб қўйиб юборилган ҳайвон), “васийла” (кетма-кет икки урғочи бўталоқ туққан она туя), “ҳом” (пуштидан маълум адад бўталоқлар туғилганидан кейин бутларга аталган эркак туя) ва “баҳийра” (маълум адад туққанидан кейин қулоғини кесиб, қўйиб юбориладиган урғочи туя)ни ўзларига ҳаром қилиб олдилар. Аллоҳ таоло уларнинг бу қилмишларини рад этиб, мўминларни ҳалол-покиза гўшт ва бошқа таомлардан еб-ичишга амр этди. Ҳамда уларга тортиқ қилган турли-туман ҳалол, пок ва лаззатли неъматлар шукрини ўташга буюрди.

Шукр неъматни эътироф қилиш, шу неъматни ато этган Зотга ҳамд айтиш, уни ҳақли ўринларга сарфлаш билан бўлади. Мисол учун илм, мол ва бадан неъматини олайлик. Илм неъматининг шукри илмга амал қилиш ва бошқаларга ҳам илм ўргатиш билан, мол неъматининг шукри уни гуноҳ-маъсиятга эмас, фақат Аллоҳнинг тоатига сарфлаш, бадан неъматининг шукри эса уни Аллоҳга ибодат қилишга бўйсундириш, яхшиликлар қилиш ва шунда ўзаро мусобақалашиш билан бўлади. Ана шуни шукр дейдилар.

Ҳалол-пок таомлардан еб-ичишга бўлган буйруқ ҳаром нарсалар ейиш жоиз эмаслигига далолат қилади. Ҳаром нарсаларни Аллоҳ таоло бизларга баён қилиб лутф кўрсатган.

Аллоҳ таоло деди: “Аллоҳ сизларга ўлимтик, оқизилган қон, тўнғиз гўшти ва Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган ҳайвонларни ҳаром қилди” (Бақара, 173).

Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўллар билан еманглар!” (Бақара, 188).

Ичимликлар ҳам таомлар каби бўлиб, маст қилувчи ичимликлар Аллоҳ таолонинг: “Энди сизлар бундан тийилинг!” сўзи билан ҳаромдир. Яъни маст қилувчи ичимликлар номи қандай бўлишидан қатъи назар ҳаромдир, сизлар уни ичишдан тийилинг. Икки томондан бирор нарса тикиб ўйналадиган қимор, мушриклар сиғиниш учун ўрнатган ва уни улуғлаб, олдида жонлиқ сўядиган бутлар, кофирлар бирор ишга киришишдан ёки тийилишдан олдин у билан фол очадиган чўплар, яна озми-кўпми судхўрликдан топилган мол-дунё, буларнинг бари ҳаромдир. Расулимиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларига қулоқ тутайлик. У зот бизларни огоҳлантириб бундай дедилар: “Эй инсонлар, Аллоҳ покдир, бандалардан фақат пок нарсаларни қабул қилади. Аллоҳ пайғамбарларни нимага буюрган бўлса, мўминларни ҳам худди шунга буюриб:Эй пайғамбарлар, ҳалол-пок ризқдан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар! Албатта, Мен қилаётган амалларингизни яхши билувчиман” ва: “Эй мўминлар, Биз сизларга ризқ қилиб берган ҳалол-покиза таомлардан истеъмол қилинг”, деб айтган». Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам узоқ сафар қилганидан сочлари тўзиб, уст-боши чанг босган кишини зикр қилдилар. У икки қўлини осмонга кўтариб: «Эй Раббим, эй Раббим», деб дуо қилади. Ҳолбуки, ейиши ҳаром, ичиши ҳаром, кийиши ҳаром бўлса, ҳаромдан озуқаланса, дуоси қандай ижобат бўлсин” (Муслим ривояти).

Ҳаром егувчи киши дуосининг ижобат бўлишидан маҳрум қолишини кўряпсизми?! Аллоҳ кимнинг дуосини ижобат қилмаса, Каъбанинг Раббига қасамки ҳалок бўлибди.

Шунинг учун, эй аҳли иймон, ҳаром ейишдан, ҳаром ичишдан, ҳаром кийишдан, ҳаром билан ҳузурланишдан ҳазир бўлинг!

Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар ўрнига ҳалол нарсалар билан кифояланинг. Сиз Аллоҳнинг бандасисиз, Унга ибодат қиласиз, Аллоҳга банда бўлатуриб, Унга ибодат қилатуриб ҳаром еб-ичиш дуруст бўладими? Қандай дуруст бўлсин?! Ахир Аллоҳ таоло: “Эй мўминлар, Биз сизларга ризқ қилиб берган ҳалол-покиза таомлардан истеъмол қилинг. Агар чиндан ҳам Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилувчи бўлсангиз, Унга шукр қилинг” (Бақара, 172), деганку?!

Ким Аллоҳга ибодат қилмас экан, у ҳаром ейдими, емайдими фарқи йўқ. Зеро, куфрнинг ортида гуноҳ йўқдир.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг