Дард ва даво (51): Гуноҳнинг касофати (11) Гуноҳлар қалбдаги рашк ўтини сўндиради

0

Бўлим

  1. Гуноҳлар қалбдаги рашк ўтини сўндиради

Инсон танаси тирик туриши учун тана ҳарорати қанчалар муҳим бўлса, рашк ўти ҳам қалб тирик туриши ва ўнгланиши учун шу даражада муҳимдир. Босқон олтин, кумуш ва темирларни чиқиндилардан қандай тозаласа, рашк ўти ва ҳарорати ҳам қалбни ҳар хил “кирлардан”, ёмон хислатлардан тозалайди. Энг шарафли, энг ҳимматли инсон деб ўз жонига, яқинларига ва қолган инсонларга рашки энг баланд инсонга айтилади.

Бинобарин, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматини энг қаттиқ рашк қилувчи зот эдилар. Саҳиҳ ҳадисда у зот бундай дейдилар: “Саъднинг рашкидан ҳайратланяпсизларми? Дарҳақиқат, мен ундан кўра рашкчиман, Аллоҳ мендан кўра рашкчироқ”.

Имом Бухорий “Саҳиҳ” китобида нақл қилган ҳадисда Пайғамбаримиз “кусуф” намозидан (қуёш тутилганда ўқиладиган намоз) кейин одамларга қилган хутбаларида бундай деганлар: “Эй Муҳаммад уммати, Аллоҳга қасамки, хоҳ аёл, хоҳ эркак банда бўлсин, зино қилса, Аллоҳдан кўра кўпроқ ғазабланиб, рашк қилувчи зот бўлмаса керак!

“Саҳиҳ” китобида келган бошқа ҳадисда бундай деганлар: “Бирон киши Аллоҳдан кўра рашклироқ эмас, шунинг учун У яширин ҳам, ошкора ҳам бузуқлик қилишни ҳаром қилди. Бирон киши Аллоҳдан кўра узр сўрашларини яхши кўрмайди. Шунинг учун У хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи пайҳамбарлар юборди. Бирор киши мақтовни Аллоҳчалик яхши кўрмайди. Шунинг учун У ўзини мақтади”.

Мазкур ҳадисда Аллоҳнинг аслида қабиҳ ишларни ёқтирмасликдан иборат бўлган рашк сифати билан мукаммал адолат, раҳмат ва яхшилик ифодаси бўлмиш узрни яхши кўриш сифати бирга зикр қилинди. Аллоҳ таоло рашки кучли бўлиши билан бирга бандалари қилган қилмишлари учун Ундан узр сўрашларини яхши кўради, узр сўраган банданинг узрини қабул қилади, бандаси Унинг рашкини (яъни ғазабини) келтирадиган ишга кўл урса, то банданинг узри қолмагунча, унга жазо бермайди. Шу сабабли бандаларнинг узрларини кетказиш ва огоҳлантириш мақсадида уларга пайғамбарлар юборди ва илоҳий китоблар туширди. Дарҳақиқат, бу улуғворлик ва яхшиликнинг чўққиси, баркамолликнинг олий кўринишидир.

Рашки кучли инсонларнинг кўпи рашки кучлилигидан хато қилган одамнинг узрига қарамай, уни жавобгарликка тортишга, унга жазо беришга шошилади, узр сўраса узрини қабул этмайди. Унинг ўринли узри бўлса ҳам, кучли рашки уни кечиришга йўл бермайди. Бунинг акси ўлароқ, рашксиз инсон ҳар қандай узрни қабул қилаверадиган бўлади. Узр масаласида дарвозани ланг очиб юборади-да, оқибатда узрли бўлмаган ишларни ҳам узрли деб ҳисоблай бошлайди. Сўнг бора-бора ҳар қандай ёмон ишни қадарга йўйишга тушади.

Ушбу икки тоифа тутган йўлнинг ҳеч бири мақталадиган йўл эмас. Чунки саҳиҳ ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Рашкнинг Аллоҳ яхши кўрадиган ва ёмон қўрадиган тури бор. Ёмон кўрадигани асоссиз рашк қилишдир”. Рашкнинг мақтовга сазовор тури рашки кучли бўлиш билан бирга ўрни келганда узрни қабул қила олишдир. Яъни рашк қилиш ўрнида рашк қилиб, узрни қабул қилиш ўрнида уни қабул қилишга куч топа олишдир. Кимнинг рашки шундай бўлса, ана шу ҳақиқий мақтовга лойиқ рашкка эга бўлибди.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло барча комил сифатларни ўзида мужассам этгани учун ҳам мақтовга энг ҳақли Зот ҳисобланади. Ҳеч ким Аллоҳни Унинг улуғлигига мос тарзда мақташга кучи етмайди. Аллоҳ Ўзига ҳамду сано айтгандек мақтовга сазовор Зот.

Рашкли инсон Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога Унинг бир сифатида ўхшаган бўлади. Ким Аллоҳга бирон сифатида ўхшаса, албатта ўша сифат уни Аллоҳ томон етаклайди, Унинг ҳузурига киритади, Унга яқинлаштиради, раҳматига сазовор этади, Унга энг севимли бандага айлантиради. Зеро, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло раҳмлидир, раҳмлиларни яхши кўради, саховатлидир, саховатпешаларни яхши кўради, барча нарсани билувчидир, олимларни яхши кўради, кучлидир, кучли мўминни яхши кўради. Кучли мўмин заиф мўминдан кўра Аллоҳга суюклироқдир. Аллоҳ ҳаёлидир, ҳаёлиларни яхши кўради, гўзалдир, гўзалликни яхши кўради, тоқдир тоқ сонни яхши кўради.

Гуноҳ ва маъсиятларнинг мазкур хислатларга тескари хислатларни келтириб чиқишидан ва шундай яхши хислатлардан маҳрум этишидан ўзга касофати бўлмаган тақдирда ҳам, шунинг ўзи жазо-уқубат бўлишга етарли бўларди. Чунки гуноҳ дастлаб ўй-хаёл бўлиб бошланади. Сўнг ўйдан кетмас васвасага айланади, сўнг васваса иродага, ирода кучайиб қатъиятга, қатъият эса амалга айланади. Сўнгра (агар тавба қилмасдан давом этаверса) инсондан ажралмас хислатга айланади. Ана ўшанда инсон ўз табиатидаги хислатлардан биридан қутилиши қай даражада қийин бўлса, унинг ажралмас хислатига айланиб қолган ушбу гуноҳдан ҳам шу қадар қутилиши қийин кечади.

Мақсадга ўтсак, инсон ҳар қанча гуноҳга кўпроқ ботса, шунча унинг қалбидан ўзига, аҳли-оиласига ва атрофидаги одамларга бўлган рашк камайиб бораверади. Ҳатто қалбдаги рашк ўти жуда заифлашиб, на ўзи, на бошқа биров содир этган ифлосликларнинг ҳеч биридан сесканмайдиган даражага етиб боради. Агар инсон шу даражагача борса, ҳалокат ёқасига етибди демак.

Бундай тубанликка тушганларнинг кўпчилиги ифлос ишлардан жирканмасдан қолмай, балки бузуқлик ва зулм ишларни бошқаларга ҳам чиройли қилиб ва зийнатлаб кўрсатадиган, бузуқлик ва зулмга чақирадиган, рағбатлантирадиган, ўзгалар ҳам бундай гуноҳларга қўл уриши учун ёрдам қиладиган бўлади. Шу сабабли даюс энг ифлос банда саналиб, жаннат унга ҳаром қилинди. Шунингдек, зулм ва тажовузкорликни бошқага ҳалол қилиб берувчи, зийнатлаб кўрсатувчилар ҳам энг ярамас инсонлардир. Қаранг, рашкнинг озлиги инсонни не кўйларга солади?!

Бу эса сизга дин аслида рашк устига барпо этилганини кўрсатади. Кимнинг рашки йўқ бўлса, дини ҳам йўқдир. Рашк қалбни ўртайди, бундан тана аъзолари ҳам ўртана бошлайди. Шу тариқа рашк танадаги турли ёмонлик ва бузуқликларни кетказади. Рашксизлик қалбни ўлдиради. Натижада тана аъзолари ҳам ўлади. Шунда инсонни (турли ёмон хислат ва ишлардан) ҳимоя қиладиган кучи қолмайди.

Қалбдаги рашк бамисоли инсон танасини турли касалликлардан ҳимоя қиладиган ва уларга қарши курашадиган иммунитетдир. Танада иммунитет йўқолса, касаллик унга қаршилик кўрсатадиган ҳимояга дуч келмайди ва танада ўзига мос жой топиб, унда мустаҳкам ўрнашиб олади. Оқибатда танани ҳалок қилади. Рашкни ёввойи мол шохига ўхшатиш мумкин. У шохи билан ўзи ва боласини ҳимоя қилади. Борди-ю, у сингудек бўлса, душманлари унга ва боласига кўз олайтира бошлайди.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг