Қиёматнинг катта аломатлари: Доббанинг чиқиши (3)

0

Учинчи масала – добба чиқадиган жой 

Уламолар добба чиқадиган жой тўғрисида талай фикрлар билдирди.

Биринчи фикр: добба Маккаи мукаррамадаги Сафо тоғи ёки Масжидул ҳаромдан чиқади.

Қуртубий айтади: «Унинг қаердан чиқиши борасида ихтилоф юзага келди. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо: “Маккадаги Сафо тоғидан чиқади. Тоғ ёрилиб, ичидан чиқиб келади”, деди. Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳумо ҳам шунга ўхшаш гап айтиб: “Агар добба чиқадиган жойга оёғимни қўйишни хоҳласам, қўя оламан”, деган»[1].

Доббанинг энг улуғ масжид (Масжидул ҳаром)дан чиқишига далолат қиладиган хабарлардан яна бирини Табароний «ал-Авсат»да Ҳузайфа ибн Усайд разияллоҳу анҳудан ривоят қилади (Ҳузайфа ҳадисни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат берган деб ўйлайман): «Добба масжидларнинг энг буюгидан чиқади. Ўшанда ер бирдан ҳаракатга келади, яна шу орада бирдан ер ёрилади…». Ибн Уяйна[2] деди: «Имом муздалифани ташлаб, (ҳарам томон) йўл олганда добба чиқади. Имом ҳожилардан олдин юрадиган кишини тайинлашига сабаб одамларга добба чиққан-чиқмаганини маълум қилишдир»[3].

Муҳаммад Сиддиқ Ҳасанхон: «Машҳур фикр шудир», деди[4].

Иккинчи фикр: добба бир неча бор чиқади. Биринчисида даштнинг энг чекка қисмидан чиқиб, сўнг ғойиб бўлади. Кейин Туҳома водийларининг биридан чиқади. У Макканинг орқа тарафидаги жой дейилса ҳам тўғри бўлади. Охирги мартасида Маккадан чиқади. Мана шу охирги фикр добба чиқиши ҳақида айтилган фикрларни жамлайди, мувофиқлаштиради.

Саховий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Баъзи марфуъ ёки мавқуф ҳадисларда келишича, добба уч вақтда чиқади. Бир марта чўлнинг энг чеккасидан чиқиб, хабари Маккагача етиб келмайди. Сўнг орадан узоқ муддат ўтгач, яна бир марта чиқади. Унинг хабари саҳро аҳли орасида тарқалади, овозаси Маккага ҳам кириб боради»[5].

Муҳаммад Сиддиқ Ҳасанхон добба чиқиши ҳақида билдирилган фикрларни зикр қилгач: «Саховий ва бошқалар айтганидек, марфуъ ва мавқуф ҳукмидаги ҳадисларда доббанинг уч марта чиқиши айтилган хабарлар мазкур фикрлар ўртасини мувофиқлаштиради», дейди[6], сўнг Саховийнинг юқорида ўтган сўзини келтиради.

Тўртинчи масала – доббанинг ишлари

Доббанинг ишлари ҳадисларда келган бўлиб, у одамларни мўмин ва кофирга ажратиб тамға босади. Ҳатто баъзи ривоятларда келишича, добба мўмин одамга дуч келади ва унинг юзига белги қўяди. Кейин одамлар яна бир-бирлари билан аралашиб, гаплашиб юраверадилар, шаҳар-қишлоқларда биргаликда кун кечирадилар. Мўмин ким кофир эканини, кофир эса ким мўмин эканини билиб туради.

Ибн Касир айтади: «(Оятдаги) «сўзлайди» деб таржима қилинган калиманинг маъноси ҳақида Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан: “Одамларни жароҳатлайди. Яъни, кофирнинг пешонасига «кофир» деб, мўминнинг пешонасига «мўмин» деб ёзади”, дегани ривоят қилинган. Яна у кишидан «одамларга хитоб қилади» ва «ажратади» деган маънолар ҳам нақл қилинган. Ушбу охирги фикр бу борада билдирилган икки хил фикрдан ташкил топган кучли, ажойиб ва умумлашган фикрдир, валлоҳу аълам»[7].

Хулоса қилиб айтганда, доббанинг ишлари қуйидагилардан иборат:

  1. У одамларга сўзлайдиган ер ҳайвони бўлади.

  2. Добба мўминга белги қўяди. Шунда унинг юзи жилоланиб, нур таратади.

  3. Кофирга ҳам белги-тамға уради. Айтишларича, бу тамға бурунга солинадиган нўхтанинг асорати каби издан иборатдир.

Ибн Асир айтади: «Яъни добба кофирни шикастлайди. Шунда унинг бурнида нўхтадан қолган издек из қолади»[8].

[1] «Тафсир ал-Қуртубий», 13/263.

[2] У киши Суфён ибн Уяйна ибн Маймун ал-Ҳилолий, куняси Абу Муҳаммад, Маккадаги Масжидул ҳаром муҳаддиси бўлган. Ҳижрий 107-йилда туғилган. Илмда мустаҳкам, ишончли ҳофиз имомлардан саналади. 70 марта ҳаж қилгани айтилади. 198-ҳижрий йилда вафот этган («Тазкират ал-ҳуффоз», 1/242).

[3] Табароний «Авсат»да (2/176) ривоят қилган. Ҳайсамий «Мажмаъ»да (8/8): «Табароний ривоят қилган, ровийлари ишончли», деган.

[4] «Ал-изоъа», 139-бет.

[5] Саховий. «Ал-қаноъа фи мо яҳсуну ал-иҳота биҳи мин ашрот ас-соъа», 40-бет.

[6] «Ал-изоъа», 139-бет.

[7] «Ан-ниҳоя фил-фитан вал-малоҳим», 1/208.

[8] «Ан-ниҳоя фи ғариб ал-ҳадис», 2/50. Қаранг: Ҳалимий. «Ал-минҳож фи шуъаб ал-иймон», 1/426-427.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг