Қиёматнинг катта аломатлари: Охирзамонда бўладиган тутун (1)

0

Еттинчи фасл

ОХИРЗАМОНДА БЎЛАДИГАН ТУТУН

Қиёматнинг белгиларидан ва улкан аломатларидан яна бири қиёмат қойим бўлишидан илгари чиқадиган тутундир. Бу аломат ҳақидаги сўзимиз қуйидаги масалаларни ўз ичига олади:

Биринчи масала – Китоб ва суннатдан далиллар

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Пайғамбар, сиз ўша мушрикларга) бир кун келишини кутингки, у кунда осмон (барчага) очиқ кўриниб турган ва бутун одамларни ўраб оладиган тутунни келтиради. (Ва одамларга:) “Бу оғриқли азобдир”, (деб айтилади. Сўнг одамлар ушбу азоб аритилишини сўраб:) “Эй Раббимиз, биздан бу азобни аритгин. (Агар уни биздан аритсанг,) биз сенга иймон келтирувчидирмиз”, (деб айтадилар. Бошларига азоб тушганидан сўнг) уларга панд-насиҳат (олиш ва эслатма) ҳосил бўлиши қаёқдан бўлсин? Ваҳоланки, уларга очиқ-равшан (баён қилиб берувчи) Пайғамбар (яъни, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам) келган эди» (Духон, 10–13).

Охирзамонда бўладиган тутунга далолат қилувчи ҳадисларга келсак, бундай ҳадислар талайгинадир.

Улардан бири, юқорида ўтган Ҳузайфа ибн Усайд разияллоҳу анҳунинг ҳадиси бўлиб, унда бундай дейилади: «Биз қиёмат ҳақида гаплашиб ўтирган эдик, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимизга чиқиб келдилар. Шунда у зот: “Нима ҳақда гаплашяпсизлар?” дедилар. “Қиёмат ҳақида гаплашяпмиз”, деб жавоб бердик. “Дарҳақиқат, ундан олдин ўнта аломатни кўрмагунингизча қиёмат қойим бўлмайди”, дедилар ва тутунни, дажжолни, добба-ер ҳайвонини… зикр қилдилар»[1].

Яна бир ҳадисни Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Олти нарса чиқишидан аввал амал қилиб қолинглар: қуёшнинг кунботардан чиқиши ёки тутун ёки Дажжол…”, дедилар»[2].

Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Парвардигорингиз сизларни уч нарсадан огоҳлантирди: биринчиси тутун. У мўминга тумов каби таъсир этади, кофир эса унинг таъсиридан шишиб, ҳатто тутун унинг қулоқларидан чиқиб кетади; иккинчиси добба; учинчиси Дажжол»[3].

[1] Муслим (2901), Термизий (2183), Абу Довуд (4311), Ибн Можа (4055) ва Аҳмад (7/4) ривояти.

[2] Муслим (2947) ва Аҳмад (2/324) ривояти.

[3] Ибн Жарир тафсирида (15/114) Абу Молик Ашъарийдан ривоят қилган. Ибн Касир ҳам ҳадисни «Тафсир»да (4/138) зикр қилиб, бундай деган: «Бу ҳадисни Ибн Жарир Табарий ривоят қилган, санади (жаййид) яхши. Ибн Ҳажар Табарийнинг Абу Молик ва Ибн Умардан келтирган ривоятини зикр қилиб: “Иккаласининг ҳам санади заиф. Бироқ бу маънодаги ҳадисларнинг кўплиги у ҳадиснинг ҳам асоси бор эканига далолат қилади”, деган» («Фатҳ ал-Борий», 8/436).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг