“Эй мўминлар, сизларга ўлдирилган кишилар учун қасос олиш фарз қилинди. Ҳур-озод киши эвазига озод кишидан, қул эвазига қулдан, аёл эвазига аёлдан қасос олинади. Қатл қилинган кишининг эгалари қотилни афв қилиш ва хун пули олишга рози бўлса, қўполлик қилмай талаб қилсин, қотил эса яхшилик билан – кечиктирмай ва камайтирмай берсин. Бу Раббингиз томонидан сизларга ато этилган енгиллик ва раҳматдир. Энди ким қотилдан хун пули олиб, афв қилгандан кейин ҳам ҳаддан ошиб уни ўлдирса, у учун охиратда қаттиқ азоб бордир” (Бақара, 178).
Шарҳ:
Ҳурматли ўқувчи, Аллоҳ таоло мўмин бандаларига нима учун нидо қилиши ёдингиздами? Буни ҳаргиз унутманг! Негаки, бу нидодан кейин ўзимиз учун яхши бўлган бирон ишга буйруқ, ё бирон ёмонликдан қайтариқ келади.
Буюк Раббимиз навбатдаги бу нидода исломий жамиятда хавсизлик ва барқарорликни таъминлашда асос бўлган шаръий ҳукмни ўргатиб нидо қилди. Бу ҳукм ўлдирилган кишилар учун қасос олиш фарзлигидир.
Араблардаги икки қабила бири бошқасидан ўзини устун билиб, ўлдирилган қул эвазига озод кишини, аёл эвазига эркак кишини қатл қилар эди. Аллоҳ таоло бу жоҳилият ҳукмини бекор қилди ва қул эвазига ҳур, хотин эвазига эркакни ўлдириш адолат эмас, балки адолат озод киши эвазига озод киши, қул эвазига қул ва аёл эвазига аёл ўлдирилиши эканини маълум қилди. Шундан сўнг улар бу жоҳилият ҳукмидан тийилдилар, қасос олинар экан, озод киши қул эвазига эмас, фақат озод киши эвазига, қул ҳур эвазига эмас, қул эвазига, аёл эркак эвазига эмас аёл эвазига ўлдириладиган бўлди. Моида сурасидаги: “Биз уларга Тавротда фарз қилдик: жон эвазига жон ўлдирилади, кўз эвазига кўз чиқарилади, бурун эвазига бурун кесилади, қулоқ эвазига қулоқ кесилади, тиш эвазига тиш суғурилади ва бошқа жароҳатларда ҳам худди шундай қасос олинади” (Моида, 45), ояти нозил бўлгунига қадар юқоридаги ҳукм жорий бўлиб турди. Бу оят нозил бўлгач қатл қилинган эркак ё аёл, озод ё қул бўлишидан қатъи назар, қотилдан қасос олиб ўлдириладиган бўлди. Фақат ўлдирилган кишининг аҳли қотилни афв этиб, ундан дия олишга рози бўлса ёки охиратдаги ажр-мукофотни ихтиёр этиб қатл қилиш ва дия олишдан воз кечишса, шундагина ўлдирилмайди.
Аллоҳ таоло олижаноблик қилган, қотилдан қасос олишдан воз кечиб афв этган ва хун пули олишга рози бўлганларни гўзал хулқ доирасида иш тутишга, хун пулини қўполлик ва зўровонлик қилмай, яхши муомала билан талаб этишга, шунингдек, дия тўловчини ҳам яхшилик билан кечиктирмай, камайтирмай тўлиқ адо этишга буюради.
Сўнг Аллоҳ таоло Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига чексиз марҳамат этганидан уларга енгиллик қилиб, тўкилган қон валийсига, яъни ўлдирилган кишининг яқинларига қотилни афв этиш, ё хун талаб қилиш ёки қасос олишдан хоҳлаганини танлаш ихтиёрини берди. Бошқа умматларда эса бу борада бир мунча машаққат бўлган. Масалан, яҳудларда дия олиш ҳам, афв этиш ҳам жоиз бўлмай, фақат қасос олиш бўлган. Насороларда эса қасос олиш ва дия талаб этиш йўқ бўлиб, фақат афв этиш бор бўлган. Аллоҳ аҳли китобларнинг ҳолини яхши билганидан уларга таълим ва тарбия ўлароқ ўзларига муносиб ҳукмларни жорий қилган.
Оят охирида Аллоҳ таоло: “Ким шундан кейин ҳам ҳаддан ошиб уни ўлдирса, у учун охиратда қаттиқ азоб бордир”, дейди. Яъни, дия олишга рози бўлса-ю, уни олгандан сўнг қотилни ўлдирса, унга охиратда қаттиқ азоб бўлур. Охиратдаги азоб қаттиқ ва аламлидир. Дия олгандан сўнг ҳаддан ошиб қотилни ўлдирган кишидан энди дия қабул қилинмайди, балки ўлдирилади. Аммо мусулмонлар халифаси ўлдирмай дия тўлашни ҳукм қилса, шундагина дияси қабул қилинади.
Ҳурматли ўқувчи, фурсатдан фойдаланиб фуқаҳолар орасидаги айрим масалалардаги ихтилофни баён қилиб ўтамиз.
Қулнинг эвазига озод киши ўлдирилиши. Бу масаладаги жумҳур уламоларнинг фикрича, озод киши қулни ўлдириб қўйса, қул эвазига озод киши ўлдирилмайди, балки қулнинг эгасига қийматини тўлайди. Чунки қул сотиладиган ва нархланадиган молдир. Шунинг учун қул эвазига озод киши ўлдирилмай, қулнинг эгасига қийматини тўлаш адолатдан бўлади. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг фикрича, “Жон эвазига жон ўлдирилади” оятининг зоҳирига кўра, қулни ўлдириб қўйган озод кишидан ҳам қасос олинади. Бу масалада тўғрироқ фикр ишни халифага топширишдир. Халифа фитна ва ғалаён чиқиши эҳтимолини кўрса, оятга кўра озод кишидан қасос олади. Бундай эҳтимол бўлмаса жумҳур уламолар сўзини олиб, қул эгасига қийматини тўлатиш билан чекланади.
Ҳасан Басрий ва Ато каби тобеинлар эркак аёл эвазига ўлдирилмайди, бироқ дия тўлайди, деганлар. Жумҳур уламолар эса Моида сурасидаги “Биз уларга Тавротда фарз қилдик: жон эвазига жон ўлдирилади” оятига ҳамда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Мусулмонларнинг қонлари тенгдир”, деган сўзларига кўра қасос олинади деб айтишган.
Жумҳур уламоларнинг фикрича, агар бир жамоа кишилар бир кишининг ўлдирилишида иштирок этсалар, шу бир киши эвазига барчалари ўлдирилади. Бунга Умар разияллоҳу анҳу етти киши бир йигитни ўлдириб қўйишганида барчасини қатл қилиб: “Агар бу йигитни ўлдиришда Санъо аҳли бир-бирига ёрдам берган бўлганида ҳаммасини ўлдирар эдим”, деган сўзини далил қилганлар. Жумҳурдан бошқа айрим уламолар эса, бир киши эвазига кўпчилик ўлдирилмайди, деб айтишган. Бу масала ҳам халифага топширилади. Халифа ишнинг оқибатига қараб, умматга яхшилик ва фойда бўладиган ҳукм чиқаради.