Қиёматнинг катта аломатлари: Охирзамонда бўладиган тутун (2)

0

Иккинчи масала – тутундан мурод нима экани ва у қачон содир бўлиши ҳақида уламоларнинг ихтилофлари

Уламолар (Аллоҳ барчаларини раҳматига олсин) юқорида ўтган оят ва ҳадисларда айтилган тутундан нима кўзда тутилгани борасида икки хил фикр билдиришган:

  1. Қурайш қабиласи мушриклари Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватларини қабул этмагани учун у зот уларни дуойибад қиладилар. Очлик ва қийинчиликка дучор бўлган қабила умид билан осмонга кўз тикканида тутундан бошқа нарса кўрмайдилар. Баъзилар мазкур тутунни ана шу Қурайшга етган тутун деган фикрга борган. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу шу фикрда бўлган, салафлардан бир жамоаси бу борада у кишига эргашган, Ибн Жарир Табарий раҳимаҳуллоҳ ҳам шу фикрни тўғри деб билган[1].

Улар Масруқ ибн Аждаъ[2] раҳимаҳуллоҳнинг ушбу ҳадисини далил қилганлар: «Абдуллоҳ ибн Масъуд ҳузурида ўтирган эдик. Шунда бир киши келиб: “Эй Абу Абдураҳмон, бир ривоятчи даъво қилишича, тутун аломати келганида кофирларнинг жонларини олар, мўминларга эса тумов каби таъсир этар экан”. Шунда Абдуллоҳ ғазабланган ҳолда қаддини ростлаб ўтирди ва бундай деди: “Эй одамлар, Аллоҳдан қўрқинглар! Сизлардан ким ниманидир билса, ўша билганини сўзласин, билмаса «Аллоҳ билувчироқдир», десин. Зеро, бирортангиз ўзи билмаган нарсани гапиришидан кўра «Аллоҳ билувчироқдир» дейиши унинг илмидан даракдир. Аллоҳ таоло Пайғамбари саллаллоҳу алайҳи ва салламга бундай деди: «(Эй Пайғамбар, қавмингиз  мушрикларига) айтинг: “Мен (сизларни даъват қилганим ва тўғри йўлга йўллаётганим учун) сизлардан хизмат ҳақи ёки мукофот сўрамайман. Мен (сохта ва уйдирма гаплар билан) ўзимда бўлмаган нарсани даъво қилмайман”» (Сод, 86). Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даъватларидан одамлар юз ўгириб кетаётганини кўрганларида: «Эй Аллоҳ, уларга Юсуф (алайҳиссалом)нинг етти (йиллик қаҳатчилиги) каби (қаҳатчиликни) туширгин», деб дуо қилдилар. Сўнг уларни бир йил қаҳатчилик ушлади, барча нарсалари тугаб-битди. Ҳатто очликдан тери ва ўлимтикларни ейишгача боришди. Улардан бири осмонга қараса тутундан бошқа нарсани кўрмас эди”»[3]. Яна Ибн Масъуд айтади: «Беш нарса бўлиб, ўтиб кетган: ажралмас азоб[4], Рум[5], улкан азоб[6], ой[7] ва тутун»[8].

  1. Ўтмишда ва улардан кейин яшаб ўтган уламолардан кўпчилиги мазкур тутун ҳали келмаган аломатлардан экани, қиёмат кунига яқин содир бўлишини айтганлар. Али ибн Абу Толиб, Ибн Аббос, Абу Саид Худрий ва бошқа саҳобалар (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин), шунингдек, талай тобеинлар шу фикрда бўлганлар.

Ҳофиз Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ шу фикрни устун деб билди ва бунга юқорида ўтган, тутун аломатига далил ўлароқ айтилган ва айтилмаган ҳадисларни, шунингдек, Ибн Жарир ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Абу Мулайкадан[9] ривоят қилган ушбу асарни ҳужжат қилди: «Бир куни Ибн Аббос разияллоҳу анҳумонинг ҳузурига келдим. У киши: “Кеча кечаси тонг отгунча ухламадим”, деди. “Нега?” деб сўрадим. “Думли юлдуз чиқибди, дейишди. Тутун келаётган бўлишидан хавотирланиб, тонггача кўзимга уйқу келмади”, деди»[10].

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ мазкур асарни зикр қилганидан сўнг бундай деди: «Бу асарнинг Қуръон таржимони, уммат олими Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумогача бўлган санади саҳиҳдир. Саҳобалар ва тобеинлардан (разияллоҳу анҳум) у кишини маъқуллаган кишилар ҳам шундай фикр билдирганлар. Шунингдек, санади Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламгача борадиган саҳиҳ, ҳасан ҳадисларда ва яна у кишилар келтирган бошқа ҳадисларда ҳам тутун кутилаётган аломатлардан эканига очиқ-равшан, етарли далиллар бор. Шу билан бирга Қуръон оятининг зоҳири ҳам шуни тасдиқлайди. Аллоҳ таборака ва таоло: “(Эй Пайғамбар, сиз ўша мушрикларга) бир кун келишини кутингки, у кунда осмон (барчага) очиқ кўриниб турган тутунни келтиради(Духон, 10), деди. Яъни у тутун равшан, очиқ-ойдин, ҳар бир инсон кўрадиган бўлади. Ибн Масъуд разияллоҳу анҳунинг тафсирига кўра, тутун фақат қаттиқ очлик ва чарчоқ сабабли қурайшликлар кўзига кўринган хаёлдан иборатдир. Ҳолбуки, Аллоҳ таолонинг: “(У тутун) одамларни ўраб олади” (Духон, 11) деган сўзи ҳамда “…бу оғриқли азобдир” (Духон, 11) деган сўзи ҳам тутун охирзамонда содир бўлиши кутилган аломатлардан эканини қўллаб-қувватлайди»[11].

  1. Баъзи уламолар мазкур асарлар ўртасини мувофиқлаштириб, тутун ҳодисаси иккита бўлишини, бири чиқиб ўтиб кетганини, қиёматдан аввалроқ келадигани эса ҳали чиқмаганини айтганлар. Биринчи, ўтиб кетган аломат Қурайшга тутун бўлиб кўринган нарса бўлиб, у қиёматдан аввалроқ чиқадиган аломатлар жумласидан бўлган ҳақиқий тутундан бошқадир[12].

Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мужоҳид деди: “Ибн Масъуд: «Улар иккита тутун бўлиб, биринчиси ўтди. Энди келадигани эса еру осмон ўртасини тўлдиради. У мўмин кишига тумов сингари келади, кофирнинг эса қулоқларини тешиб юборади», деб айтар эди”»[13].

Имом Ибн Жарир Табарий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Шундай қилиб, у (тутун) хабар берилган ўша азоб ваъдасига кўра кофирлар устига тушган бўлиши, кейинчалик яна давом этиб тутун кўринишида бошқалар устига тушишини ҳам инкор этиб бўлмайди. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган хабарлар шунга далолат қилади. Биз ҳам шу фикрдамиз. Чунки бу иш содир бўлгани ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган хабарлар бисёр. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Масъуд у зотдан ривоят қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган иккала хабар ҳам саҳиҳдир»[14].

Нававий раҳимаҳуллоҳ деди: «Эҳтимол, улар иккита тутун бўлади дейилса ушбу асарлар ораси мувофиқлашар»[15].

Шубҳасиз, мувофиқлаштириш энг яхши йўл саналади. Шунда икки фикр ўртасидаги қарама-қаршилик йўқолади. Аллоҳ таоло Ўзи яхшироқ билувчидир, бунинг илмини Ўзига ҳавола этамиз.

[1] Қаранг: «Тафсир ат-Табарий»,  25/113-114; «Тафсир ал-Бағавий», 4/149-150;  «Тафсир ал-Қуртубий», 16/131; «Тафсир Ибн Касир», 4/124-125.

[2] У киши тобеинларнинг катталаридан ва олимларидан бўлмиш Масруқ ибн ал-Аждаъ ибн Молик ал-Ҳамазоний ал-Водиъий ал-Кўфийдир. Ибодатгўй бўлган, «сиқа» (ишончли) саналган, олтовлон муҳаддислар у кишидан ҳадис ривоят қилган. Ҳижрий 63-йилда вафот этган («Сияр аълом ан-нубало», 4/63; «Таҳзиб ат-таҳзиб», 10/109).

[3] Бухорий (4774) ва Муслим (2798) ривояти.

[4] Яъни, Аллоҳ таолонинг ушбу оятида келган «ажралмас азоб» назарда тутилмоқда: «(Эй кофирлар,) сизлар ёлғон санадингиз. Энди (бу қилмишингиз сизларни) ўзингиздан ҳеч ажралмайдиган азобга гирифтор қилади» (Фурқон, 77). Бу азобдан Қурайш кофирларига Бадр жанггида етган ҳалокат ва асирлик назарда тутилган. (Қаранг: «Тафсир ал-Бағавий», 3/380; «Тафсир Ибн Касир», 3/330; Нававий. «Шарҳу саҳиҳи Муслим», 17/143.)

[5] Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларига ишора қилинган: «(Шомнинг Форсга) энг яқин ерида румликлар мағлуб бўлди. Яқинда (уч йилдан кам бўлмаган ва ўн йилга етмаган) бир неча йиллар ичида (румликлар мазкур) мағлубиятларидан сўнг (форслар устидан) ғалаба қозонгайлар» (Рум, 2-3).

[6] Аллоҳ таолонинг: «У кунда (кофирларни) улкан азоб билан азоблаймиз. Биз улардан интиқом олувчимиз» (Духон, 16) оятига ишора этилган.

[7] Аллоҳ таолонинг: «Қиёмат яқинлашди ва ой иккига бўлинди» (Қамар, 1) оятига ишора қилинган.

[8] Бухорий (4767) ва Муслим (2798) ривояти.

[9] У киши улуғ имом Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Убайдуллоҳ ибн Абу Мулайка Зуҳайр ибн Абдуллоҳ ибн Жадъон ат-Тамимий ал-Маккий, Ибн Аббос разияллоҳу анҳумонинг шогирдларидан. Абдуллоҳ ибн Зубайр разияллоҳу анҳунинг қозиси ва муаззини бўлган. Ишончли, фозил инсон бўлган, кўп ҳадис ривоят қилган. Тўртта Абдуллоҳлардан ҳадис ривоят қилган, саҳобалардан ўттизтасини кўрган. Ҳижрий 117-йилда вафот этган (Қаранг: «Машоҳир уламо ал-амсор», 82; «Сияр аълом ан-нубало», 5/88).

[10] Ибн Жарир Табарий («Тафсир», 15/113) ва Ибн Касир («Тафсир», 4/125) зикр қилган.

[11] «Тафсир Ибн Касир», 4/125-140. Қаранг: «Ан-ниҳоя фил-фитан вал-малоҳим», 1/172.

[12] Қаранг: Қуртубий. «Ат-тазкира», 655; «Шарҳу саҳиҳи Муслим», 18/27.

[13] «Ат-тазкира», 655.

[14] «Тафсир ат-Табарий», 25/114-115.

[15] Нававий. «Шарҳу саҳиҳи Муслим», 18/28.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг