Дард ва даво (52): Гуноҳнинг касофати (12) Гуноҳ ҳаёни кетказади

0

Бўлим 

  1. Гуноҳ ҳаёни кетказади

Гуноҳлар қалбнинг ҳаёт манбаи бўлмиш ҳаёни йўқотади. Ҳаё барча яхшиликнинг боши, асоси ҳисобланади. Ҳаёнинг йўқолиши барча яхшиликнинг йўқолиши демакдир.

“Саҳиҳ ҳадислар тўплами”да ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ҳаёнинг барчаси яхшидир[1].

Бошқа ҳадисда бундай дейдилар: “Дарҳақиқат, ўтган пайғамбарлардан (асрлар оша) инсонлар орасида (ўзгаришсиз) келаётган сўзларнинг бири: «Агар уялмасанг истаганингни қилавер»[2].

Ушбу ҳадиснинг икки хил шарҳи бор.

Биринчиси: бу сўз таҳдид ва огоҳлантириш маъносида айтилган. Яъни, кимда ҳаё бўлмаса, кўнгли тусаган қабиҳ ишларни қилаверади. Чунки уни қабиҳ ишларни тарк қилишга ундайдиган нарса ҳаёдир. Агар инсонда уни қабиҳ ишлардан тўсадиган ҳаё бўлмаса, ҳар қандай қабоҳатга қўл ураверади. Бу Абу Убайднинг шарҳидир[3].

Иккинчиси: бирор ишни қилмоқчи бўлсанг, қара, агар у сени Аллоҳ олдида уятга қўймайдиган иш бўлса, қилавер. Чунки Аллоҳ олдида уятга қўядиган ҳар қандай ишларни тарк қилиш лозимдир. Ибн Ҳонеъ нақл қилишича, бу имом Аҳмаднинг шарҳидир.

Демак, биринчи шарҳга кўра, ҳадис таҳдид маъносида айтилган бўлади. Бу жиҳатдан ҳадис Аллоҳ таолонинг: “Истаганларингни қилаверинглар[4], деган сўзига ўхшайди. Иккинчи тафсирга кўра, ҳадис Аллоҳни олдида уятга қўймайдиган ишларни қилаверишга рухсат бериш ва уларнинг мубоҳлигини баён қилиш маъносида айтилган бўлади.

«Ҳадисда ҳар икки маъно кўзда тутилган бўлиши мумкин эмасми?» деган савол туғилса, «Йўқ, мумкин эмас», деб айтамиз. Ҳатто «Кўп маъноли сўздан бир вақтнинг ўзида барча маънолари кўзда тутилган бўлиши мумкин», деган фикрга кўра ҳам, бундай қилиш жоиз эмас. Чунки рухсат бериш ва таҳдид қилиш бир-бирига зид маънолар бўлиб, улар ўртасини жамлаб бўлмайди. Лекин ушбу икки маънонинг бирини оладиган бўлсак, иккинчиси ўз-ўзидан келиб чиқади.

Мақсадга ўтсак, гуноҳлар бандадаги ҳаёни заифлаштириб бораверади, охири ҳаёси бутунлай йўқолиб кетади. Натижада одамлар унинг қилиб юрган қабиҳ ишларини билиб қолиши ёки кўриб қолишидан қўрқмайдиган бўлиб қолади. Аксинча, бундай инсонларнинг кўпи ўзининг ҳолати ва қилиб юрган қабиҳ ишлари ҳақида бошқаларга ўзи гапириб юради. Уларнинг бундай тубанликка боришининг сабаби ҳаёдан мосуво бўлганларидир. Агар инсон шу даражага етадиган бўлса, энди унинг ўнгланишидан умид қилмаса ҳам бўлади.

Шундай кимсалардан бири ҳаққинда шоир айтади:

Талъатин кўрган Иблис дер: «Марҳабо!

Нажот топмас кимсага жоним фидо».

Ҳаё сўзи «ҳаёт» сўзидан олингандир. Араб тилида ёмғирга ҳам «ҳаё» деб айтилади. Чунки у ер, ўсимлик ва жонзотлар учун тириклик манбаидир. Ҳаё ҳам инсоннинг дунё ва охиратда тирик қолишининг гарови саналади. Кимда ҳаё бўлмаса, дунёда ўлик, охиратда бахтиқародир.

Ҳаёнинг озлиги ва рашкнинг йўқлиги билан гуноҳ ўртасида ажралмас боғлиқлик бор. Бири иккинчисининг ортидан қолмай тезлик билан етиб келади. Ким Аллоҳдан ҳаё қилиб гуноҳга қўл урмаса, Унга йўлиққан кунида Аллоҳ ҳам уни азоблашдан ҳаё қилади. Ким Аллоҳдан ҳаё қилмай гуноҳга қўл урса, Аллоҳ ҳам уни азоблашдан ҳаё қилмайди.

 

[1] Муслим, 37.
[2] Бухорий, 3483.
[3] “Ғариб ал-ҳадис”, 2\330.
[4] Фуссилат, 40.

Изоҳ қолдиринг